Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari(8)

8. БИРИНИ БИРИГА ЕДИРИШ

Мавлон Умурзоқов тўйига Темур Алимовни таклиф қилмабди.(Хабарлар оқимидан).

Бир куни Президент Девонининг бешинчи қаватида қизиқ ҳолга дуч келдим. Коридорнинг бир томонидан ўрта бўйлик, тўлачадан келган, кулча юзли, истараси иссиқ киши келмоқда. Унга қарши томондан эса озғин, ингичка юзли, истараси совуқ бир киши келмоқда. Улар бир-бирларини кўришлари билан бошларини эгиб, қўлларидаги қоғозларни титкилаб, ниманидир унутган одамлардек шошиб ортга қайтиб, хоналарига кирдилар. Ўрта бўйлиги Мавлон Умурзоқов эди. Озғини эса, Темур Алимов. Мен Мавлон аканинг ҳузурига бораётгандим. Қабулхонасига кирсам, унинг ўзи турибди. Салом-аликдан сўнг׃

-Илон юқорига кетдими?-деб сўради.

Темир Алимовнинг лақаби “Илон” эди. Мен унинг қайтиб хонасига кирганини айтдим.

Юқорида эса, фақат Каримовнинг хонаси.

-Крайновга айтсангиз-ку, навбати билан чақирарди,- дедим мен Мавлон акага.

-Крайнов ҳам ҳар томонга ўйнайди. Баъзан атайлабдан иккаламизни ҳам чақиради,-деди у Президентнинг котиби ҳақида.

Президентнинг икки маслаҳатчиси орасидаги муносабат ана шундай эди. Аввалига Крайновни ора бузувчи, деб ўйладим. Вақт ўтиб, бир кун Каримов билан унинг нутқини кўраётгандик, у тугмани босиб, Крайновга׃

-Ана уларни қабулхонага чақириб қўй, бир-бирини чўқиб ўтирсин,-деди.

Унинг ҳузуридан чиқар эканман, қабулхонада Умурзоқов, Жўрабеков ва Алимов турганини кўрдим. Ҳаммасининг қовоғи солинган, худди қаердадир фалокат юз бергану улар катта ташвиш остида қолгандек, бошларини хам қилиб ўтирар эдилар. Билсам, Жўрабеков билан Алимовнинг ҳам ораси бузуқ экан.

Бир кун Мавлон ака׃

-Бу аблаҳ телефонларимга қадар эшитади,-деди бармоғини деворга томон найзалаб.

Табиийки, у Алимовнинг хонаси томонни кўрсатаётган эди. Алимов ўшанда ҳуқуқ-тартибот соҳасини назорат қилар эди. Мафиядан тортиб, Алматовгача, МХХдан тортиб, Бош прокуроргача унинг измида эди. Кадрлар масаласи эса, Умурзоқов билан Жўрабековнинг қўлида. Каримов уларни бир-бирига душман қилиб қўйиб, ҳамма гапдан бохабар бўлиб турарди. Умурзоқовдан Алимов ҳақида ҳужжат тўплашни сўраса, Алимовдан Умурзоқов ҳақида маълумот талаб қиларди. Кейин бу маълумотларни уларга кўрсатиб׃

-Кўрдингми, нима қилиб юрибсан? Ана у ошнанг олиб келиб берди, ундан эҳтиёт бўл,-дея сейфга ташлаб қўяр экан.

Ана шу иш услуби Олий мажлис, ҳукумат идораси, вазирликлардан тортиб, вилоят ва туман ҳокимликларига қадар сингдирилган. Каримов ҳоким ва ўринбосарини тайинлаш чоғидаёқ уларни бир-бирига душман қилиб қўяди. Бугунга келиб, бу-жамиятнинг касаллигига айланди. Ҳар икки киши бир-бирига душман. Ҳатто мамлакатдан чиқиб кетиб ҳам бу касалликнинг домида юрганлар жуда кўп.

Аслида Каримов бу масалада катта кашфиёт қилган эмас. Балки зеҳниятни яхши билиб, уни қўлланиб, кашфиётга айлантирган…

Бундан бир неча йил олдин “Бирлик”нинг баҳс марказида кимдир менинг номимдан танишларимдан бирини ҳақорат қилиб ёза бошлади, унинг шахсий маълумотларини эълон қилди.

Дарҳақиқат, у мендан ёрдам сўраб, шахсий маълумотларини юборган эди. Мен унга қўлимдан келгани қадар ёрдам бердим. Бир кун унинг ўзи менга ёзган хатида “Эҳтиёт бўлинг, А.(шартли-ЖМ) Сизнинг адресингизга кирган шекилли, иккаламизнинг ёзишмаларимизни умумий душманимизга етказибди”, деганди.  А.нинг компютер илми яхши эди, лекин электрон почталарни очишига ишонмадим.

Гап бунда эмас. Гап шундаки, ҳалиги танишимиз ўзи ҳақидаги маълумотлар “Бирлик” сайтида чиқиб кетгач, менга душманга айланди. Менинг устимдан шикоят, бўҳтон ёзмаган жойи қолмади. Орадан бир-икки йил ўтиб, билсам, ҳалиги танишим ўзи ҳақидаги маълумотларни мендан олдинроқ ёрдам сўраб, “умумий душманимиз” дегани-Б.га юборган экан. Кейин Б. билан оралари бузилиб қолгач, менга мурожаат қилган. Балки яна бошқага ҳам юборган бўлиши мумкин. Аслида осмон узилиб, ерга тушган эмас. Демоқчиманки, сал нарсага душманлашиш қонимизда бор.

Бир ривоят айтишади. Йилдирим Боязид Авропани босиб олишга шайланган пайтда, 27 мамлакатнинг раҳбари Амир Темурга мактуб йўллаб, ўзларини қайсар Боязиддан қутқаришни сўрашади. Темур парво қилмайди. Шунда Темурга Боязиднинг номидан бир хат боради ва “Сен чўлоқ, менга қарши бош кўтармоқчимисан, ҳали!” дейилади унда. Айни пайтда бошқа бир хат Йилдиримга ҳам боради. Унда эса “Сен кўр, менга қилич ўқталмоқчимисан, ҳали!” дейилган экан.

Шундан кейин ўртада қирғин бошланиб, дунёнинг гардиши бошқа томонга бурилиб кетган экан.

Бугун ҳам кимгадир лақаби ёки бир нуқсини айтиб, “Сени кўр” ёки “Сени чўлоқ” деди деб қўйилса, бас, бир-бирини еб ташлайди. Ўзбекнинг ана шу заиф нуқтасидан Каримов ва каримовчалар жуда усталик билан фойдаланишмоқда.

…Каримов Алимовга׃

-Мавлон сенга “Илон” деб лақаб қўйибди…

Каримов Умурзоқовга׃

-Темур сенга “Тошбақа” деб от қўйибди…

Бу ҳикоя Умурзоқов қамалиши билан битди.

Аммо минглаб янги ҳикоялар бошланди ва бошланмоқда!

 

%d bloggers like this: