Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari(turkum-7)

jahongir80611.jpg7.ҚЎРҚУВДА САҚЛАШ

Зокир Алматов ва бошқа собиқ раҳбарлар судга қатнаб юрибдилар.(Хабарлар оқимидан).

Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва сенатор Эркин Воҳидовнинг ўғилари тузган ширкатлар шоҳнинг қизи Гулнора Каримованинг ширкатлари билан рақобат майдонига тушиб қолади. Кўп ўтмай Алматовнинг ўғли қонунларни оёқ ости қилиб юргани ҳақидаги ҳисобот Каримовнинг столига қўйилади.

Ўртада миллионлар айлангани боис ва Андижон масаласида фиғони фалак бўлиб юрган Каримов жаҳлга минади ва Алматовни қабул қилмай қўяди. Айни пайтда Покистонда элчи бўлган Анвар Солиҳбоевни чақириб׃ “Вазир бўласан” дейди.

Каримов қабул қилмаётганидан кўнгли ғаш Алматов касалхонага қатнайди ва “Умуртқасида рак(саратон) ўсимтаси топилди” деган ташҳиз билан Москвага боради.

Бу хабар Каримовни жаҳл отидан туширади. Чунки унга “Алматов яқинда ўлиши мумкин”лигини айтишади. Докторларга кўра, умуртқа поғонасида саратон пайдо бўлмайди, балки вужуднинг бошқа жойида пайдо бўлиб, умуртқа поғонасига тарқалиши мумкин. Бу ҳолни метастаза дейишади. Бу вазиятда касал узоғи билан бир ойнинг ичида оламдан ўтиши мумкин.

Алматов Каримовни яна ҳам ишонтириш учун Москвадаги ва Берлиндаги танишлари орқали Олмонияга кетади. Оила аъзоларини ҳам Ўзбекистондан олиб чиқади. Лекин атрофида кўтарилган шов-шув аста-секин унинг фойдасига ишлай бошлайди. У Каримовга ўзининг “муҳим одам”лигини кўрсатади. Тошкентга хабар йўллаб, ўзига “Сиёсий бошпана берамиз, демоқдалар” дея айтади. Бу Каримовни чўчитиб юборади ва “Нима бўлса ҳам, йўлини қилиб, қайтиб келсин”, дейди.

Алматовни мукофоту тантанлар билан нафақага кузатишнинг сири ҳам ана шунда. Янги вазир ҳақидаги хабар тарқалишини Солиҳбоевдан кўрган Каримов Ички ишлар вазирлигидаги генераллар номидан “Бизга МХХдан раҳбар қўйманг” деган илтимосномани инобатга олган бўлиб, Баҳодир Матлюбовни вазирликка тайинлайди.

Орадан вақт ўтиши билан Каримов “Алматов тузалмоқда” деган гапга ишонмай қўяди ва унинг ўғли ҳақидаги ҳисоботни терговга беради. Алматов ва Воҳидовнинг ўғиллари дарҳол ушланадилар. Каримовнинг “Зокир тўплаган барча бойликларини топширсин!” дегани бўйича тергов Алматов томонга бурилади. Ҳозир у судга қатнаб юрибди.

Аслида ҳам Каримов бир йил олдин Алматовни алмаштирса, уни судга боғлаб қўйиб, тўплаган бойлигини тортиб олиш билан кифояланган бўларди. Алматовнинг ўзини сақлаб қолиш ўйини бу сценарийнинг Каримов томонидан режаланмаган қисми бўлди, холос.

Собиқ Бош вазир ва вице президент Шукрулло Мирсаидов, Олий мажлиснинг собиқ раислари Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Йўлдошев, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Адҳам Фозилбековлардан тортиб, катта лавозимларда ишлаган ва Каримовга яқинлиги, содиқлиги билан танилган Исмоил Жўрабеков, Ўткир Султонов, Мавлон Умурзоқов, Абдусамад Полвонзода, Пўлат Абдураҳмонов, Азиз Носиров, Равшан Ҳайдаров, Козим Тўлаганов, Қодир Ғуломов ва ҳоказо ва ҳоказо ўнлаб собиқ вазиру нозирлар, ҳокиму ҳакамларни Каримов судга тортиб қўйган.

Ўлдириб ўлдирмайди, яшатиб яшатмайди.

%d bloggers like this: