Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari(turkum-6)

6.”ҚИЙНОҚЛАР ҚИРОЛИ”

Ўзбекистонда маҳбуслар қайноқ сувга солиб қайнатилмоқда. (Хабарлар оқимидан).

Авропа сафари пайтида, 1982 йилда Олмониянинг Веймар шаҳрида Бухенвалд концлагерига боргандик. Ҳитлер бу ерда қарийб олтмиш минг одамни сақлаган экан. Ўша кунлардан икки нуқта ёдимда қолган. Биринчиси, Ҳитлер концлагерларда Б-52 газини қўлланиб, одамларни ўлдирганини айтишганди. Ўша пайтда Ўзбекистонда айни газ ғўзанинг баргини тушириши учун дефолиант сифатида осмондан сепиларди. Бу пайтда касалахоналар сариқ касалидан азият чеканлар билан тўлиб кетарди. Мен депутат бўлиб сайланган Жомбой туманида онларнинг 52 фойизи бу касалликка учраганди. Масалани Москвага қдар олиб чиққандик. Маркаизй телевидениеда менинг ҳам иштирокимда махсус кўрсатув берилганди. СССР халқ депутатларининг дастаги билан бу газни қишлоқ хўжалигида қўлланиш таъқиқланганди. Лекин “мустақилик шарофати”-таъқиқ ўз кучини йўқотган ва кейинчалик яна қўлланила бошлабди.

Ёдимда қолган иккинчи нуқта шуки, Бухенвалд 1958 йилда музей ҳолига келтирилганда бир кекса одам келиб, 20 йил давомида ҳар кунги сайёҳларга “Ҳитлер қийноқлар қироли, у менинг ўғлимни ҳам қийнаб ўлдирган” дер экан. Унга музейдан маош тайинласалар олмас, аммо ҳар куни меҳмонларга Ҳитлер ҳақида гапиришни ҳам канда қилмас экан. Шу одам Бухенвалднинг темир дарвозаси ёнида ўлиб қолган экан.

Мазкур воқеани ўйлар эканман, Ҳитлер-инсофсиз, Каримов эса Ҳитлердан ҳам инсофсиз, деган фикр хаёлимдан ўтади. Чунки Ҳитлер ўғлини қийнаб ўлдириб, отасига тегмаган экан. Каримов эса, нафақат боласини, балки отасини ҳам, онасини ҳам қийноққа солмоқда.

“Ҳе, бунча Каримов, Каримов дейсиз, унда нима айб? Унинг шахсан ўзи мана бундай қилиб қийнайсан, деб ўргатмайди-ку?” дегувчи ҳам топилади. Подшолар “мана бундай қиласан” деб айтмайдилар. Ишора қиладилар. Аммо Каримов айтади. Эсингиздами, у телевидение орқали “Ота-оналар қаёққа қарамоқда, бундан кейин боласи жиноят қилган ота-онадан ҳам сўраймиз” деди. Шундан кейин бир айбни кимнингдир елкасига илиш керак бўлса, унинг кўз олдида отасини қийнаш ёки онасини зўрлаш учун камерага олиб кириш одат бўлди. Агар энди ҳам боғланиш топа оламасаниз, у ҳолда ҳолимизга вой!

Ироқда Аби Ғрейиб қамоқхонасида америкалик бир аёл аскар эркак маҳбусларнинг устидан кулгани, уларни қийнагани бутун дунёнинг диққатидан тушмади. Аёл аскарни қамашди. Лекин бугунга қадар ҳамма демократик давлатларда шу ҳақда эсланади. Мусулмон давлатларининг матбуоти эса ҳар куни бу ҳақда ёзадилар, раҳбарлари бу ҳақад тинмай гапирадилар, муллалари маърузани шундай бошлайдилар… Лекин Ўзбекистонда эркак миршаблар аёл маҳбусларни исканжага солишлари, иззат-нафсларини, номусларини топташлари далиллар билан ўртага қўйилса ҳам бировнинг иши йўқ. Ҳатто унча-бунчага овозини чиқармайдиган БМТнинг вакили бориб, бу мамлакат сурункали қийноқлар ўлкаси экан, деб қайтса ҳам биров пинагини бузмайди.

Яқинда (3 Сентябр, 2006) АҚШнинг “Вашингтон пост” (The Washington post) газетасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Kreg Murrey(Craig Murray)нинг каттагина мақоласи чиқди. У Ўзбекстонда маҳбусларни қандай қийнашлари ҳақида ёзганди. Шунда Ўзбекистон билан яқиндан қизиқадиган америкалик бир кекса одам׃

-Бу сайлов олди ўйини,-деди,- ҳозир бутун мусулмон матбуоти Ироқ масаласида бизни урмоқда. Бизникилар кун тартибини ўзгартириш учун бу мақолани чиқаришган. Энди бутун мусулмон дунёси одамларни тириклайин қайнатаётган Каримовга ҳужум бошлайди.

Мен кулдим ва׃

-Адашасиз…-дедим.

-Ҳа, ўқиганман,-деди у.-Ўзбекистонда қийноқнинг инсон боласи хаёлига келтира олмайдиган турлари бор экан. Каримовнинг мухолифларига у мақталган шеърларни ёдлатишаркан. Диндорларга эса Каримовнинг китобига сажда қилишни буюрармишлар. Уларни шарманда қилиш учун уятли деб билинган касалликларни юқтиришаркан. Лекин ёшим саксонга етиб, тирик одамни қайноқ сувда қайнатишлари ҳақида эшитмаганман. Бу даҳшат-ку! Инсоният бунга қандай чидаши мумкин?

-Инсоният чидай олмаслиги мумкин, аммо мусулмон давлатлари чидайдилар, чунки уларнинг ўзида ҳам айни ҳол. Ҳар бирида биттадан Каримов ўтирибди,-дедим.

-Менимча Каримов уларнинг қироли бўлса керак!-деди чол киноя билан.

Бу киноя ортида “Каримов қийноқлар қиролидир!” деган гап бор эди.