Ахмад Турон׃Охири бардош бўлди

Ўзбекка динсиз, золим, бетаин бир бош бўлди,

Хаддан оширди зулмин, қахри кўп бебош бўлди.

Юртни айлади хароб, барчада ғам изтироб,

Эл бахти бўлди сароб, кўк узоқ ер тош бўлди.

Халқ чекса қайғу алам, ҳар куни қилиб байрам,

Тили ғализ бўлса хам гўёки “қуёш” бўлди.

Одамлар четларда хор, болалари нонга зор,

Оналар чекиб озор кўзларида ёш бўлди.

Хақ йўлида юрса ким, намоз ўқиб турса ким,

Яшашга бермай изн душман деб қараш бўлди.

Иймонсиз ҳокими хам, порахўр сотқин ҳакам,

Халқ ғами йўқ муттаҳам уларга қардош бўлди.

Маддоҳу ёлғончилар, каззобу айғоқчилар,

Оддий халқни қамчилар ишига бош-қош бўлди.

Бош кўтарган бўғилди, туҳмат ҳукм ўқилди,

Майдонда халқ қирилди, хох қари хох ёш ўлди.

Турон охир замондир, тўғрилар – қул, ғар – хондир,

Барча Ўзбекистондир – охири бардош бўлди.

%d bloggers like this: