Калламушдан кахрамон ясаманг!

САВОЛ׃ Ferghana.ru сайти “Озодлик” сайтидан битта мақолани таржима қилиб босди. Мақола номи׃ «Ислом Каримов мамлакат элитасини ташкил этувчи аймоқлар ўртасидаги мувозанатни сақлашга уринаяпти” . Мақола Ўзбекистонни деярли билмаганлар томонидан ёзилган ва деярли билганлар томонидан таржима қилиб, тарқатилгани диққатимни тортди. Мақола сиз бугунга қадар ёзган жуда кўп нарсаларга зид. Шунинг учун мақолани ўқиб, фикр билдира оласизми?(Темур).

jahongir80611.jpgЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Мақола “Озодлик” нинг Инглизча сайтида чиқан ва аноним экан. Демак, Ўзбек бўлимининг коллектив меҳнати бўлиши мумкин.

Мен илгари ҳам кўп марта ёзганман ва бугун ҳам такрорлайман, Ўзбекистонда қабила ёки уруғчиликка асосланган ва сиёсий даражага кўтарилган кланлар, таржимада айтилгани каби сиёсий “аймоқлар” йўқ. Балки коррупсия клани мавжуд ва бу ҳам Ислом Каримовниг назорати ҳамда рухсати доирасидадир.

Исмоил Жўрабеков ёки Темур Алиев кабиларнинг мингтаси келиб кетмоқда, улар фақат ва фақат ана шу коррупсия кланига бир муддат бошлари билан кириб оёқлари билан чиқиб турибдилар.

Мақоладан олинган мана бу парчага қаранг׃

“2005 йил охирида ички ишлар вазири Зокир Алматов гўё саломатлиги ёмонлашгани туфайли истеъфога кетган пайтда ҳам Самарқанд аймоғи яна бир зарбани бошдан кечирган. Алматов ҳукуматда ўз лавозимида энг узоқ ўтирган вазир бўлиб, полиция қўллови уни қудратли шахсга айлантирганди.

Каримов Алматовнинг ўрнига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг директор ўринбосарини тайинлаган. МХХ ИИВ билан рақобатлашувчи муассаса бўлгани учун ҳамда Тошкент аймоғи ҳокимиятининг таянчи ҳисоблангани учун бу алмаштириш (мазкур аймоқ учун) кучли сиёсий зарба бўлганди.”

Шу парчанинг ўзи “Озодлик” дагилар бугунга келиб ишончли манба эмасликларини кўрсатади. Уларга суҳбат берган хориждагилар Ўзбекистондаги нозик вазиятни билмасликлари ёки билганда ҳам баъзи нарсаларни пайқамасликлари мумкин. Аммо “Озодлик”да ишлаётганлар ҳам Ўзбекистонни ҳаминқадар билишлари оддий қилиб айтганда, сиёсий чаласаводлик ёки вазиятни атайлаб бузиб кўрсатишдир.

Нега бу қадар кескин гап айтдик? Чунки׃

Биринчидан, Алматов самарқандлик эмас. Унинг асли келиб чиқиши Қозоғистон ҳудудидан бўлса-да Тошкентда туғилган ва шу ерда ўсиб улғайган. Маҳаллийчилик нуқтаи назаридан у тошкентлик ҳисобланади.

Иккинчидан, унинг кетиши самарқандликларга зарба бўлган эмас, аксинча унинг ўрнига самарқандлик Баҳодир Матлюбов тайинланди.

Учинчидан, Баҳодир Матлюбов бир кун ҳам МХХда ишлаган эмас. У бир умр ИИВ тизимида ва Божхонада ишлаган. У МХХда эмас, ИИВда вазир ўринбосари бўлган.

Мақоладан бошқа парча׃

Ғуломовнинг истеъфога кетиши унинг яқин қариндоши ва Тошкент аймоғининг собиқ раҳбари Тимур Олимов президент маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилганидан бироз ўтгач содир бўлган.”

Темур Алимов тўрт йил олдин Президент маслаҳатчилигидан бўшатилган. Ёки “бироз ўтгач” дегани- 4 йилга тенгми?

Аслида бу мақола инглиз тилида ўқувчиларга Каримовни қайси бир маънода оқлаш учун ёзилган. Бундай фикрга келишимизга эса мақоладаги мана бу сатрлар асос бўлди׃

“Кўпчилик кузатувчиларнинг фикрича, ўтган йили Каримов Ўзбекистондаги энг эътиборли аймоқлардан баъзиларининг сиёсий ва иқтисодий қувватини емириш имкониятига эга бўлган.”

Кўраяпсизми, бугунга қадар ислом фундаментализмига қарши курашаётган қаҳрамон қилиб кўрсатилган Каримов энди кучли кланларга ҳам қарши турган раҳбар деб айтилмоқда. Бу фикрни яшириш учун мақола охирида бир жумла қилиб, битта шахснинг номидан Каримовни қоралаб ҳам қўйишган. Лекин инглиз тилидаги ўқувчига у фақат бир кишининг қараши қилиб ва юқоридаги фикр эса “Кўпчилик кузатувчиларнинг фикриқилиб едирилмоқда.

Ғарбда бир кишининг кескин фикрига эмас, балки кўпчиликнинг мўътадил фикрига қулоқ солиш тамойил эканлигини билган одамларнинг иши бу! Шундай экан, калламушдан қаҳрамон ясашга интилаётган Озодлик кимнинг ноғорасига ўйнаётганини ўзингиз топиб олаверинг!

 

 

 

%d bloggers like this: