Mustaqillik “sharofati”

Бир йиллик меҳнат- 500 кг буғдой
Мустақиллик байрами самарқанликларга татимаяпти. Чунки байрам арфасида зарбдор 20 кунлик эълон қилинди.

Барча пахтакорлар қаторида маҳаллий мутасадди раҳбарлар ҳам пахта пайкалларидан чиқмасликка чақирилди. Матбуот саҳифаларида ҳам бу чақириқ ёритилди. Ҳатто 20 кун давомида барча ҳудудларда тўй-томошаларни тўхтатиб туришга чақирилди.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, бу зарбдор 20 кунлик воситасида қўшимча 4-5 центнер ҳосил олиш кўзланган.

Расмий маълумотларга кўраю айни вақтда эса ғўза етиштирилаётган майдонларнинг ҳар бир гектари учун натура шаклида тўловлар амалга оширилмоқда.

-3 гектар майдондаги ғўзанинг парвариши учун бу йил ҳисобидан 500 кг буғдой олдим,-дейди Оқдарё туманида истиқомат қилувчи В.Қодиров.

500 кг буғдойни деҳқон бозорида 80-90 минг сўмга сотиш мумкин.

Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, бу эрта баҳордан кеч кузгача бола-чақанг билан далада меҳнат қилишга арзимайдиган ҳақ.

Яна унга кўра, етиштирилган барча маҳсулотлар марказга олиб кетилган собиқ Шўролар даврида ҳам деҳқонлар ойма-ой яхши иш ҳақи олишган.

Норасмий маълумотларга кўра, ночор фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган деҳқонлар эса ҳалигача ҳеч қандай ҳақ олишмаган. Улар пахта йиғим-теримидан сўнг йиғиштириб олинадиган, ўтин ўрнида фойдаланиладиган ғўзапояларгагина кўз тикишган.

Кузатувчиларнинг фикрича, зарбдор 10, 20 кунликлар қанча эълон қилинмасин, деҳқонга меҳнатига яраша иш ҳақи тўланмас экан, ижобий натижага эриши қийин.

– Бунинг учун қишлоқ хўжалигида ҳам хусусийлаштириш ишларини жадаллаштириш, амалда уни бажариш зарур,-дейди респондентларимиз.

Яна уларга кўра, зарбдор кунликлар фақат ҳисоботлар учунгина асқотиши мумкин экан.

ҚУРБОНЖОН.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.