Mustaqillik nima berdi?

ХЎЖАКЎРСИНГА ТАРҚАТИЛАЁТГАН ПУЛЛАР
Самарқанд туманларида 2 ёшгача бўлган болаларга тайинланадиган нафақа пуллари 20 фоизга ошиши баробарида улардан ушлаб қолинадиган норасмий суммалар ҳам ортди.

18 минг сўмдан зиёдни ташкил этган 2 ёшгача бўлган болалар нафақаси 2006 йилнинг 1 июлидан бошлаб 21 минг сумдан ортиқроқ этиб тайинланди.

-Болалар нафақасининг оширилишининг бизга ҳеч қандай фойдаси йўқ,-дейди 2 нафар фарзанднинг онаси Карима Хайриева.

Унга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва котиблари  2 ёшгача бўлган болалар нафақасини расмийлаштириш учун 40 минг сўм миқдорида пора сўрашади.

К.Хайриеванинг билдиришича, олдин болалар нафақасини расмийлаштириш учун 30 минг сўм пора беришган.

Суҳбатдошимнинг таъкидлашича, агар сўралган пул берилмаса, болалар нафақасини олишолмайди.

– Пулимиз бўлмаган ҳолларда 2 ойлик болалар нафақасини маҳалла фуқаролар йиғинига топшириб қўя қоламиз. Қолган ойларда  нафақа олсак ҳам хурсанд бўламиз, – дейди К.Хайриева.

3 фарзанднинг тарбияси билан машғул бўлган Шаҳодат исмли аёлга кўра, болалар нафақаси тарқатилаётганда коммунал тўловлар учун ҳам пул ушлаб қолинади.

– Газ, электр энергиясидан фойдаланганимиз учун олдиндан тўлов тўлаб қўйганимизга қарамай болалар нафақасидан барибир 3-4 минг сўм ушлаб қолишади,-дейди суҳбатдошимиз.

Респондентимизнинг таъкидлашича, 1-2 минг сўмга эса хазиначи турли лотерея чипталари тарқатади. Бу ҳам мажбуран амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, вилоятнинг Паст Дарғом тумани маҳаллаларида нафақа пуллари ўрнига шакар, ароқ сингари маҳсулотлар тарқатилган пайтлар ҳам бўлган.

Номини ошкор қилишни истамаган ҳокимият расмийсининг билдиришича, бундай норасмий пул олишлар ва коммунал тўловларининг мажбурий ундирилиш ҳолатлари айниқса, қишлоқ туманларида авж олган.

– Шаҳар маҳаллаларида нафақа тайинлаш учун маҳалла оқсоқоллари пул олмасликлари мумкин. Лекин у ердаги фуқаролар ҳам болалар нафақа пули ҳисобидан коммунал тўловларини мажбуран тўлашади, – дейди респондентимиз.

Болалар нафақасидан ушлаб қолинаётган пуллар кўп ҳолларда коммунал тўловлари учун ўтказилмаган ҳолатлар ҳам бўлган.

Самарқанд шаҳридаги «Хўжа Юсуф» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарога кўра, 1 йил болалар нафақаси ҳисобидан узлуксиз коммунал тўловларини тўлаганига қарамай газ ва электр энергиясидан қарздор бўлиб қолган.

2 ёшгача бўлган болалар нафақаси маҳалла томонидан асосан, кам таъминланган ва фарзанд тарбияси билан машғул, ишлаш учун имконияти бўлмаган оилаларга тайинланади.

Норасмий манбаларга кўра, 2 ёшгача бўлган болалар нафақаси хўжакўрсинга тарқатилади,

– Аслида бу пуллар ўзини эплолмайдиган болакайлар учун эмас, балки нафсини тиёлмайдиган тўралар учун мўлжалланган,-дейди улар.

ҚУРБОНЖОН.

%d bloggers like this: