НЕГА ХУСУСИЙ ГАЗЕТАЛАРГА ТАЛАБ ОРТМОКДА?

Йилдан-йилга Самарқандда хусусий газеталарга талаб ортаётгани кузатилмоқда.Вилоятда илк маротаба босмадан чиққан ва оммабоп газета саналган «Даракчи» газетаси вақти-вақти билан сотилиши бўйича рейтингнинг энг юқори ўрнини эгаллайди.Нега шундай? «Сариқ матбуот»нинг маҳсули саналган ушбу хусусий газета халқнинг оғриқли дардини ёритадими? Ёки бошқа сабаблари борми?Нафақат «Даракчи» газетаси, балки унинг сафдошлари бўлган «Сўғдиёна», «Бекажон», «Эрудит» сингари газеталарнинг саҳифаларини деярли 70-80 фоизи Интернет тизимидан олинган манбалар, хабарлар, суратлар билан тўла. Шу жиҳатдан бу нашрлар омманинг эҳтиёжини қондирмоқда. Чунки ҳозирги иқтисодий қийинчилик шароитида ҳамманинг ҳам Интернет тизими билан «тиллашиш»га қурби етавермайди.
Талъат Қурбонов исмли талаба йигит 5-6 йилдан буён турли хусусий газеталарни мутолаа қилишини айтади.
– Бу газеталарда муаммолар кўтариб чиқилмаслигини биламан. Лекин ёлғону, сафсатага, мақтовга тўла мақолаларга ҳам ўрин берилмайди. Бундай мақолалар, кўзбўямачиликнинг кимга керак?-дейди суҳбатдошимиз куюниб.
Баъзи респондентларимиз эса теледастурлар босилгани учун ҳам хусусий газеталарни сотиб олишаётганини яширишмади.
Айни вақтда Самарқандда 50 дан ортиқ газеталар фаолият кўрсатади. Ушбу нашларнинг 20 га яқини халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари, вилоят ва туман ҳокимликлари муассислигида босмадан чиқади. 10 дан ортиқ газета эса тармоқ газеталари саналади. Қолганларини эса хусусий газеталар ташкил этади.
1917 йилдан буён нашр этилаётган «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари тиражи 2-3 минг нусхада чоп этилаётган бир пайтда хусусий газеталарнинг адади 40-50 минг нусхани ташкил этади.
Журналист Меҳринисо Кўбаеванинг фикрича, бунга «чайналган луқмани осонгина ютаётган» омма ҳам сабабчи.
Бир вақтнинг ўзида у қарама-қарши фикр билдиради.
Яна унга кўра, матбуот ходимлари турли соҳаларга ихтисослашмаган. Бу эса талабчан газетхоннинг очерк, фельетон каби жанрларда мақолалар ўқий олмаётганига жиддий сабаб бўлаётир.
Норасмий манбаларга кўра, ижтимоий-сиёсий деб юритилаётган вилоят газеталарининг бир хил – шўролар даври матбуотини эслатувчи мақолалари ҳар қандай газетхонни қизиқтирмайди.
-Чунки улар бевосита ҳукуматга хизмат қилади. Бу нашрлар муассисларининг нуқтаи назари билан ҳисоблашишади. Бунга амал қилмаган ҳолларда муҳаррир вазифасидан озод қилинади ва бошқа мўмин-қобил муҳаррир тайинланади,-деб фикр билдиради бу манбалар.
Унда хусусий газеталар холислик ва мувозанатга асосланган мақолаларни чоп этса бўлмайдими?
-Бунинг иложи йўқ,-дейди кескинлик билан хусусий нашрлардан бирининг раҳбари.-Бир сафар ходимимизнинг исми-шарифи янглишиб, нодавлат сайтлардан бирида чиққани учун мени роса сарсон қилишди. Ҳатто газетани ёпиш ҳаракатига тушишди.
Суҳбатдошимзнинг билдиришича, тегишли идораларга турли тилхатлар ёзиб, яна қандайдир ҳужжатларга имзо чекиб, бу ҳолатдан қутулган.
-Бундай шароитда очиқ-ойдин мақола ёзиш ҳақида гап бўлиши мумкинми? Елиб-югуриб, миллионлаб пул сарфлаб, газета очган қайси инсон ҳақиқий аҳволни ёритаман деб бошини балога қўйгиси келади?-дейди респондентимиз.Расмий маълумотларга кўра, хусусий газеталарда молиявий жиҳатдан муаммо йўқ. Давлат нашрларида эса бунинг акси. Шу сабабли давлат нашрлари кўп жиҳатдан хусусий газеталар билан яқинлашувни истайди. Лекин бу ҳолатни утопия деб баҳолаш мумкин.Мутахассисларнинг фикрича, матбуотга эркинлик берилмас экан, ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмайди.Уларга кўра, юқоридаги муаммоларга ҳам эркинлик туфайли чек қўйилиши мумкин.

ҚУРБОНЖОН