Mustakillik nima berdi?

Ўтган йили тиббиёт ходими бўлишни истаган абитуриент 250-300 доллар чўзиб қўйган бўлса, ушбу йилда 600-700 доллар беришга мажбур бўлган.

Баъзи касбҳунар коллежларида ўқишга қабул қилиш  пора эвазига амалга ошириш ҳоллари кузатилмоқда.

Самарқанд вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, дастлаб 80 та бўлган коллежлар сони бугунга келиб юзга етган. Ҳар йили умумтаълим мактабларининг камайиши эвазига коллежларни кўпайтириш режалаштирилган. Расмий маълотларга кўра, республика йиллик даромадининг 51 фоизи коллежлар қурилишига сарфланмоқда.

Баъзи кузатувчилар чекка туманларда ҳам коллежларнинг қад кўтариши эвазига мазкур йилда қабул жараёнларида порахўрлик ҳолати камайишини таъкидлашганди.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил Самарқанд шаҳридаги тиббиёт ва педагогика касб-ҳунар коллежларига ҳужжат топширишга талаб ортган.  Тартибга кўра, бу илм масканлари бошқа туманлардан келган абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилишга ҳақли бўлмаган  Чунки туманларда ҳам бундай касб-ҳунар коллежлари фаолият бошлаган. Аммо ота-оналар ўз болаларини шаҳардаги ўқув юртларида билим олишларини истайди. Бунинг сабаби нимада?

Дилфуза Султонова бундан 20 йил аввал Самарқанд тиббиёт коллежида(собиқ медицина билим юрти) сабоқ олган. Қизи Гулсанамни ҳам шу ерда таҳсил олишини хоҳлайди.

-Биз истиқомат қиладиган туманда ҳам тиббиёт коллежи бор. Аммо ҳамма шароит муҳайё дейишгани билан шаҳардаги сингари малакали ва тажрибали мутахассислар дарс беришмайди.

Бундай ота-оналар кўпчиликни ташкил этади. Ўсмирлар ҳам қишлоқ шароитида ўқишдан кўра, шаҳарда ўқишни маъқул кўришади.

Шу ўқув йилида мактабнинг 9-синфини битирган Зумрад Бобомуродованинг фикрича, таҳсил олиш баҳонасида шаҳарга келишмаса, қолган пайтларда қишлоқдан чиқишнинг иложи йўқ.

-Ўқишни битиришимиз билан бизни турмушга беришади. Бола-чақа ташвиши билан кейин ким ҳам шаҳарга келарди,-дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, кўпчилик тенгдошлари ота-онаси билан жанжаллашиб бўлса-да, шаҳардаги коллежларда таҳсил олишга эришади. Қайси мутахассисликка ўқишнинг эса аҳамияти йўқ.

Шу сабабли ота-оналар пул тўловининг норасмий шаклидан фойдаланишга мажбур бўлишади.

Ушбу йилда туманларда тиббиёт коллежлари сони ортиши муносабати билан шаҳардаги тиббиёт коллежларида ўқишга талаб камайиши кузатилганди. Норасмий манбаларга кўра,  баъзи коллеж маъмурлари тиббиёт коллежларида бу йил имтиҳонлар тест асосида олиниши ҳақида овоза тарқатишган. Бу ҳол эса нафақат талабни оширган, балки пора миқдорини ҳам оширган. Ўтган йили тиббиёт ходими бўлишни истаган абитуриент 250-300 доллар чўзиб қўйган бўлса, ушбу йилда 600-700 доллар беришга мажбур бўлган.

Шаҳардаги педагогика коллежлари маъмурлари эса 300-400 доллар билан кифояланишди. Қолган ўқув юртларида эса 250-300 доллар атрофида пора бериш ҳоллари кузатилган.

Шу ўринда айтиш жоизки, қишлоқ туманларида эса бу ҳолатнинг аксини кўриш мумкин. Коллежларга ўқувчиларни жалб этиш учун олиб борилаётган тарғибот ишлари самара бергани йўқ. Режада кўрсатилган ўқувчилар сонини тўлдириш учун коллеж маъмурлари ойлаб, йиллаб ўқишга келмаган ўқувчиларнинг исми-шарифини руйхатга тиркаб қўйишади.

-Агар шундай йўл тутмасак, катта йиғинларда юқоридагилар бизни изза қилишади, ҳатто сўкишади. Эгаллаган вазифамиздан ҳам шармандаларча бўшатиламиз,-дейди номини ошкор қилишни истамаган коллеж директори.

Шаҳардаги ўқув юртларида фақат пора эвазига ўқишга қабул қилинмайди. Балки юқоридаги раҳбарларнинг илтимоси билан ҳам ўқувчилар қабул қилинади. Бундай ҳолда албатта қанча ўқувчи илтимос билан қабул қилингани белгилаб қўйилади.

Норасмий манбаларга кўра, ўқишга қабул қилиш жараёни тугагач, коллеж раҳбари йиғилган пулни ҳисоблайди ва маълум миқдорини тизимнинг вилоят ва республика раҳбарларига «узатади». Республика тизимидаги маъмурлар ҳам туман ва вилоятлардан йиққанларидан «юқори»даги тўраларга узатишади. Шу тариқа халқдан норасмий тарзда пул йиғилади.

Баъзи кузатувчиларга кўра, умумтаълим мактаблари ўрнига коллежларда таълим олишнинг жорий этилиши бу тизимда порахўрликнинг авж олишига имкон яратади. Чунки ота-оналар фарзандларининг билимли бўлишини истаган ҳолда нуфузли ўқув юртларига пора эвазига жойлаштириш ҳоллари кучаяди.

ҚУРБОНЖОН.