НОК ҲАҚИДА ИНТЕРВЬЮ

Табиат нокни йирик томчига ўхшатиб яратган. Ҳадемай узилиб тушадиган шарбат томчисига.
Йўқ, табиат нокни юракга ўхшатиб яратган. Заҳматкаш боғбоннинг уриб турган, соғлом юрагига!
Қанақа ташбеҳлар изламайди киши, қандай қиёслар ўйлаб топмайди?! Аслида томчи қаерда-ю, юрак қаёқда?! Буларнинг ўхшашлиги ҳам йўқ ҳисоби.
Ёввойи нок билан маданийлаштирилганининг муштараклиги кам. Ёввойи нок томчидан ҳийла йирик, аччиқ; ҳақиқий нок сершира, тиллоранг, шафақранг…
Миттигина тахир мевани ана шундай бебаҳо мўжизага айлантириш учун инсон минг, балки ўн минг йиллар давомида изланган. Табаррук номлари қайдномаларда муҳрланмаган меҳнаткаш боғбонлар азал-азалдан йирик, сершарбат мева берадиган дарахтларни танлаб кўпайтириб борганлар. Биз бугун оғизда эриб кетадиган нашватилар, баҳоргача сақланадиган нокларни биламиз. Улар бизнинг дастурхонимизни безаши учун бир неча авлодлар ўз умрларини бахшида этганлар.
Ҳозир Республикамизда нокнинг 50 дан кўпроқ нави бор. (Чет элдан келтирилганлари бундан мустасно). Ана шу навларнинг бештасини мен ҳикоя қилмоқчи бўлган селекционар яратган, тўрттасини йўқолиб кетиш арафасида тиклаган.
“Ўзбек Совет энциклопедияси”нинг 8 жилди, 145 саҳифасида республикамизда кенг тарқалган, жаҳон миқёсидаги кўрикларда энг юқори баҳо олган навлардан тўққизтасининг рангли расми эълон қилинган. (Илтимос, очиб қаранг) Булардан учтасини менинг қаҳрамоним вужудга келтирган, биттасини эса қайта тиклаган.
Ана шу ажойиб инсон билан таништирб қўйишни Ўзбекистон селекция марказининг маъсул ходимидан илтимос қилганимда, у мийиғида кулиб қўйди.
- Интервью олишингиз қийин бўлади, – у одамнинг қулоғи оғир, асаби ҳам тарангроқ…
Мен бу идорада бўлганимда кўпгина селекционерларни асабий ҳолда учратганман. Улар ўз навларининг тезроқ районлаштирилишини талаб қилишади. Марказнинг эса талаблари бешафқат: биринчидан, янги нав ўзининг бор хислатлари билан аввалгилардан устун бўлмоғи, тажриба майдонларида бир неча йил давомида синаб кўрилмоғи керак.
- Селекционерлар ҳақида ёзиш жуда қийин, – деди муддаомни эшитгач, қаҳрамоним – Собир ака дуппа-дурустдан, – чунки нав яратишнинг ўзи – машаққат. – Сиз генетикани биласизми? Мендельни эшитганмисиз? Ҳа, майли мени Ҳамза Ҳакимзода ўқитган. У айтгандики…
Мен суҳбатдошимни бир лаҳза тўхтатишга мажбур бўлдим. Чунки унинг гапларини мушоҳада қилиб кўришим, қоғозга туширишга улгуришим керак эди. Салкам саксонга кирган, бунинг устига аранг эшитадиган киши билан мулоқотда бўлиш ўзига хос тактика ва таомил талаб қиларди. Ётиғи билан,бақамтироқ гаплашишимизни сўрадим.
- Ҳамза бизни бепул ўқитган эди. Ўн тўртинчи йили. Қўқонда Ҳожибек гузарида. Янгича мактаб ташкил этганди. Парталари, доскалари бор эди. Бепул-а, бепул… Селекционер ҳам Ҳамзага ўхшайди. Ёнидан ҳаражат қилиб, нав яратади. Мен кўп ўйлайман-у, тагига етолмайман: жадидлар нечун бепул мактаб очишди? Назаримда, халқни саводли қилмасдан жамиятни ўзгартириб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилишганди. Мен яратган навлар бунинг олдида ҳеч нима…
У бир лаҳза тин олди. Бу – суҳбат тизгинини қўлга олишим учун ўнғай лаҳза эди. Гапни селекцияга бурдим.
- Америкада Клапп деган фабрикант яшаган, – давом этди у, – Қурғур жа-а бой бўлган. Шу одам тасодифан нокнинг янги навини яратган.
- Тасодифан, дедингизми? Қандай…
- Баъзан тасодиф бўлади. Масалан, бирор қуш дейлик, Африкада нокнинг уруғини ейди, кейин бошқа юртга учиб бориб, уни ташлайди. Ёки шамол кучли навнинг оталигини учириб келади-ю, табиий дурагайлаш рўй беради. Буларни бизнинг тилимизда мутация дейишади. Сиз Муслимка деган буғдойни биласизми?
- Йўқ.
- Эҳ, яхши эмас. 1934 йили бойсунлик Муслима Бегимова деган аёл ғаллазордан бошоғи бир қарич келадиган буғдой топиб олади. Кейин томорқасига экади. Уруғ мўлжалдагидан мўл ҳосил беради. Аёл келаси йил қўни-қўшниларга ҳам ана шу уруғдан саховат қилади. Кейин колхоз далаларига ҳам шундан экадиган бўлишади. Бир-икки йилдан кейин хўжалик рекорд ҳосил ола бошлайди. Бу ердаги сирли нав ҳақида Йўлдош ота Охунбобоевга хабар берадилар. Ота навни Ўзбекистон бўйлаб районлаштиради.
- Тушунарли.
- Клапп дегани ҳам шунақа тасодиф билан топади. Кейин нокни ўз номи билан “Любимец Клаппа” деб қўяди. Эшитганмисиз? Ҳозир Ўзбекистонда кўп экилади. Селекционерлар ўша пайтда миллион доллар тўлаймиз, деганда ҳам Клапп уни сотмаган. Навни сотиб бўлмайди-да!
- Ҳамзанинг мактабини битиргандан кейин нима иш қилгансиз? – сўрадим, мавзуни мақсадга яқинлаштириш илинжида.
- Кўп жойларда ишлаганман. 1922 йили Озорбайжонга муаллимлар тайёрлайдиган билим юртига ўқишга жўнатишди. Собир Раҳимов, Комил Ёрматов, бирга бордик. Улар бошқа мактабга киришди. Мен Мақсуд Шайхзода билан бир гуруҳга тушиб қолдим. Кейин муаллим бўлдим, раҳбарлик қилдим. Ишонасизми, уруш йиллари бутун Белоруссияни пиёда босиб ўтганман. Эҳ, машаққат эди. Ғалабадан кейин ўзимни селекцияга бағишладим. Муддаойимни Шредер институтининг ўша пайтдаги директори Тўлаган ака Ҳамидовга айтгандим, у қўллаб-қувватлади. Ажойиб одам эди! У киши менга институт ҳисобидан велосипед олиб берди. Немисларники…
Мен суҳбатдошимни мавзуга қайтариш йўлларини ўйлай бошладим. У луқма ташлади.
- Сиз бошқа нарсаларни ўйлаяпсиз! Биласизми: у пайтлар ҳеч кимда велосипед йўқ эди. Одамлар ҳайратланиб томоша қилишарди. Ўша велосипед билан қишлоқма-қишлоқ кезиб, йўқолиб кетаётган навларни излаганман. Кулола деган нав бор. Сиз уни билмайсиз! Кўпчилигимиз навларни яхши билмаймиз! Мевасини келаси йил май ойигача сақлаш мумкин. Шуни бир деҳқоннинг ҳовлисидан топганман. Кейин кўпайтирдим. Ҳозир ҳамма жойда бор! Бебаҳо неъмат! “Тарихи Таборий” деган китоб бор. Минг йил илгари ёзилган. Шуни ўқисам, “Дилафрўз” деган навни таърифлаган экан. Кейин уни ҳам изладим. Олти ой деганда бир жарликдан топдим. Сўнг қишки нашватини ахтардим. Бир ярим қолганини ҳам уруш йиллари одамлар ёқиб юборишган экан. Уруш – навларга қирон келтирадиган офат! Чунки одамлар бола-чақани сақлаб қолиш учун дарахтларни кесишга мажбур бўладилар. – Энди ўзингиз яратган навлар ҳақида гапиринг, – тағин сўзини кесишга тўғри келди унинг.
- Нав яратиш ҳам китоб ёзишдай гап, дедим-ку! Ўн йиллаб ишлайсиз. Ҳар йили юзта кўчатдан икки-учтасини танлаб оласиз. Қолганлари брак қилинади. Баъзан яхши нав яратиб, уни тасдиқдан ўтказолмайсиз. Эҳ, машаққат! Сизларда ҳам баъзан яхшиси қолиб, ёмон китоб чиқиб кетади-ку…
- Сиз яратган навларнинг тақдири ҳам шунақа бўлганми?
У тин олди. Жавобан шкафдаги “Помология Узбекистана” китобини олиб, менга узатди. Унинг нокларга бағишланган боби Собир ака яратган “Салом” навидан бошланганди.
- Чиллаки нашвати билан ёзги нашвати гулларини дурагайлаб яратганман, – давом этди у, – бу – биринчи нав. Ҳар қандай эзгу ишни саломдан бошлаган яхши!
Китобда “Салом” навининг таърифи берилган: “Ҳар бир меваси 240 грамм тош босади, сершарбат. Дарахтнинг бўйи олти метрдан ошмайди – компакт. Танаси калта 90 сантиметр”.
У “Салом”дан кейин “Саригўзал”ни яратган экан. Бу нав Франциядан келтирилган “Бере Анжер” билан ёзги нашватини дурагайлаб яратилибди.
- Ундан кейин “Пахтакор”ни яратдим. Қирқ кишидан иборат комиссия бу навга беш балл баҳо берди. Эрфуртда ўтказилган халқаро кўргазмада олтин медаль билан тақдирланди. Кейин “Элсари”…
- Нега номини “Элсари” қўйдингиз, – сўрайман.
- Ўз номимга қўяйми?! Мен фабрикант эмасман! Камтарлик ҳам керак! Усмон Юсуповга айтдимки…
- Кечирасиз, бир лаҳза… “Элсари” деганнинг мазмуни қандай?
- Тасдиқдан ўтсин, эл сари тарқалсин, деган ниятда шунақа ном қўйдим.
- Қандай яратилди?
- Етти йилда!
- Йўқ, қандай яратилди, деяпман? Дурагайлабми, танлабми ёки тасодифанми?
- Тасодиф? Менинг ишимда тасодиф бўлмайди. Меҳнат бўлади, машаққат бўлади! Европа навлари билан ўзимизникини дурагайлаганман. Дарахт пакана: тўрт метрдан ошмайди. Ҳар бир нок уч юз грамм тош босади. Дегустацион комиссия беш балл берди. Оғизда эриб кетади ўзиям.
- Районлаштирилдими?
- Расмий жиҳатдан районлаштирилмасдан тарқалиб кетди.
Мева – табиатнинг ва халқ селекционерининг инсонга инъом этган бебаҳо неъмати. Ҳа, бу ибора сизга эриш туюлмасин. Юқорида таъкидлаганимиздек, томчидай мевани юракдай мўъжизага айлантирган ўша халқ селекционеридир!
Бугун биз дастурхонимизни ана шу неъматсиз тасаввур ҳам этолмаймиз.
Биз мева таркибидаги витаминлар, фойдали кислоталар, глюкозалар ҳақида кўп гапирамиз. Нокнинг хужайраларида бундан фарқли ўлароқ биологик актив моддалар ҳам анчагина.
Аммо шуларнинг барига қарамай дастурхонимизда нок сероб эмас. Бозорларда эса унинг нархи фалон сўм. Ҳолбуки республикамизда нокзорларни кенгайтириш мумкин бўлган минг гектарлаб ёнбағирлар, ташландиқ ерлар бор. Бунинг устига ажойиб навлар.
Заҳматкаш ҳамюртинг яратган неъмат бугун миллионлаб кишиларнинг насибасига айлангани ва ундан бир неча асрлардан кейинги авлодлар ҳам баҳраманд бўлишини ўйласанг, дилинг беихтиёр ғурурга тўлади!(“Мен мухбирман”).

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s