“Қувғин”, 3-китоб, (тарихий роман)
62.МУКОФОТ

Каримов ҳам эрталабгача ухламади. Олий ўқув юртларини вилоятларга кўчириш ҳақидаги фармонларни имзолади, ўнлаб раҳбарларни ишдан олиб, ўрнига янгиларини тайинлади. Баъзи вилоят раҳбарларини эса сайловда Исо Холисга рўйхотирлик қилди, деган баҳона билан ишдан қувди. Ҳатто Талабалар шаҳарчасини темир панжаралар билан ўраб олиш масаласидан то талалабаларни автобусларга миндириб, уй-уйларига қадар етказиб қўйишгача – барча тадбирлар билан ўзи шуғулланди. Шаҳарчани темир панжара билан ўраб олиш учун бюджетдан махсус пул ажратди. Тонг бўзариб қолганда, Алматов билан Урайимжонга:

-Миршабларнинг маошини икки марта оширдим. Мана учинчи фармонга ҳам қўл қўяпман. Буни овоза-дарвоза қилманглар,-деди.-Шундай ҳам миршабларнинг маоши бошқаларникидан беш-олти марта кўп эди. Бунинг устига улар ҳар бир дарахтдан пул теришади. Тишларидан остоналаригача олтин бўлди. Шунда ҳам содиқ бўлишмаса, йўқотиб юбораман ҳаммасини.

-Ҳаммаси сизга содиқ, – деди Алматов. – Мажлисларда ота-оналари сизни тинимсиз дуо қилишганини айтишади. Бизнинг орамиздан нонкўр чиқмайди. Сизга хиёнат қилсак, кўзимиз кўр бўлади.

Суҳбатни индамай тинглаб ўтирган Алиев ҳам қўлидаги қоғозни Каримовга узатди.

-Ҳуқуқ-тартибот органлари бир вужуд. Талабалар шаҳарчасида бизнинг ходимларимиз ҳам фидойилик кўрсатдилар. Уларга ҳам бир оталик қилинг,-деди Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Алиев.-Миршаблар қатори маошларини оширганингиз учун, қуллуқ. Шу беш-олти кишига мукофот берсак дегандим.

Каримов қўлидаги қоғозни имзоларкан:

-Буни яхши эслатдингиз,-деди. – Нафақат Талабалар шаҳарчасида, балки сайловда ҳам ҳаммангиз ўзингизни кўрсатдингиз. Мен мустақил давлатнинг мустақил раҳбариман энди. Орқада халқнинг кучи бор. Сиз ҳам ана шунга яраша бўлишингиз керак. Бугун Алматов, Абдуғаниев, Алиев сизларга генерал унвони бераман.

Каримов шундай деб, Темир Алимовга дарҳол фармон лойиҳаси тайёрлашни буюрди:

-Рухсат этсангиз, бир таклифим бор эди. Урайимжон ҳали подполковник. У кишига полковник унвони берсак. Бироздан кейин эса…

-Бироз-мирози йўқ! Аввал полковник унвонини, орқасидан эса генерални ёзиб келинг. Иккаласини бирдан берамиз. Чунки хизматлари жуда катта. Ватан ва миллатга хизмат қилган одам ҳақини олиши керак.

-Бош прокурор Бўритош Мустафоевни ҳам шу рўйхатга қўшсак,-деди индамай ўтирган Мавлон.

-Ҳа-я, уни эсдан чиқарибмиз,-деди Каримов. – Дарвоқе, яна ким бор?

-Ҳаммамизнинг бошимизни қовуштириб, сизнинг топшириқларингизни бизга етказиб турган Темур акамизга ҳам бериш керак.

-Алимовнинг илгари унвони бормиди? Унвонингиз бор-ми?

-Биласиз, илгари биз запасдаги аскарлар эдик. Мен ҳам подполковник бўлгандим.

-Ундай бўлса, мен ҳам подполковникман,-дея тиржайди Каримов.

-Зотан, генералликни аввал сиз олмасангиз ҳеч биримиз бу унвонни қабул қилмаймиз,-деди Алимов худди Каримов унга ҳам генерал унвони берилиши ҳақидаги фармонга имзо чеккан кишидек мамнун бир қиёфада. – Тўғрими, йигитлар.

Ўтирганлар олтин топиб олган ғариблардлек севиниб, бу гапни қўллаб-қувватлашди.

-Сизларга берамиз. Лекин мен ҳақимда нотўғри тушунишлари мумкин, – деди Каримов маккорона истиҳола билан.

-Нотўғри тушунишса, бизни тушунишади. Сиз эса қонунларга кўра, олий қўмондонсиз. Зотан, генералсиз,-деди Алматов.

-Ана эсга солдинг, аскарларнинг бошлиғига ҳам генерал унвони берайлик. Хуллас, юринглар, ўртоқ генераллар, нариги хонада унвонларни ювайлик,-деди Каримов.

-Ҳўп булади, ўртоқ генерал! Ҳўп бўлади, ўртоқ Олий қўмондон,-дейишди улар бир овоздан.

Мавлон хам хўжалик ишлари мудири Зелемхонга қўшилиб, генералларга хизмат қилди. Улар шишани бўшатиб бўлганларидан кейин Каримов Йўлдошевни сўради. Йўлдошев икки дақиқада етиб келди.

-Давлат комиссияси қандай ишлаяпти?-сўради ундан Каримов.

-Эрталабгача ухлаганимиз йўқ.

-Биз ухладик-ми? Нима гап? Ҳисоб беринг!

-Исо Холис билан жанжаллашиб қолдик. Ёқмаса, истеъфонгни бер, комиссиядан чиқ, дедим.

-Яхши… унга озгина дам бер ҳали керак бўлади.

-Ана у Миртемирнинг ишини нима қилдинг?

-У ҳамма идораларга, депутатларага мана бу ҳужжатларни тарқатиб юрибди,-дея Йўлдошев, қўлидаги қоғозларни Каримовга узатди. Каримов қоғозлардан бирини ўқиди-да, ўрнидан туриб кетди.

-Сенларни генерал қилганни онасини… ,-дея бақира бошлади. – Пашшадек ишдан туядек муаммо чиқарасизлар. Бирор марта айтган гапимни охиригача топ-тоза қилиб бажармадингизлар. Битта бола ҳаммангни михнинг устига ўтқизиб куйди. Ол, мана бу қоғозларни, бориб ҳожатхонада ишлат!

Каримов шундай деб қоғозларни Урайимжоннинг юзига отди. У зиёфат хонасидан чиқиб иш хонасига ўтаркан, ҳамма орқа эшикдан Крайновнинг кулбасига “қочди”. Фақат Йўлдошев Каримовнинг орқасидан юрди.

-Бўпти, бу ишни бироз орқага ташланг. Аслида ҳамма айб сенда! Вақтида ўша жўжахўрозни Олий кенгашдан қувганингда, бошимизга бу қадар дард очмасди. Бориб ана у генерал-эшакларга айт, ҳаммаси тум-тарақай бўлиб қочмасин, Талабалар шаҳарчаси бўйича олган топшириқларини бажариб, оқшом келиб ҳисоб берсинлар. Алимовга ва Мавлонга эса ҳамма фармонларнинг махфий эканлигини айт. Яна матбуотга бериб қўйишмасин. Буларнинг ҳаммаси робот, айтганингни, буюрганингни қилади. Ақллари чириб кетган…

Каримов шундай деди-да қабулхонага чиқди.

-Мен шаҳарни айланаман,-деди кейин Крайновга. – Сен шу ерда ўтириб, топшириқлар бажарилишини назорат қил.

“Шаҳарни айланаман” дегн ибора парол эди. Демак, Каримов шаҳар четидаги боғига боради, кун бўйи ухлайди.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s