Луғатлар ва дарвозалар
Америкада яшаётган дўстидан қимматбаҳо совға олдим.
Икки томлик ўзбекча- инглизча луғат китоби.
Хурсандлигимни ўртоқлашгим келди. Зеро-бу китоблар фақат менга эмас, ҳалқимизга ҳам қилинган бебаҳо совға.
Нима сабабдан бундай деяётганимни тушунтиришга уриниб кўраман.
Мактаб ёшидаги йилларимдаёқ менга “луғат” касали юққанди. Эсимда бор: бир вақтлар қўлимга В. Наливкиннинг “Русско-сартовский словарь” китоби тушиб қолганди. Адашмасам, китоб рус инқилобидан анча олдинги йиллар Самарқандда нашр қилинган. Туркистонда хизмат қиладиган рус офицерлари учун қўлланма деган жумла ҳам эсимда яхши сақланиб қолган.
Ўша даврларда ерлик аҳоли тилини билган рус офицерларининг маошларига қўшимча ҳақ тўланар экан. Ўша пайтнинг кўп рус офицерлари ва бошқа хизматчилари ўзбек тилини ўрганишга харакат қилишган. Давлат тепасига большевиклар келганидан кейин рус тили давлат тилига айлантирилди ва ўзбек тилига қизиқишга барҳам берилди.
Расмий ёзув ишларининг деярлик ҳаммаси рус тилида олиб борилгани учун маҳаллий аҳоли тилини ўрганишга ҳожат қолмади.
Мен бу маълумотлар билан ана шу китоб сабабли биринчи марта танишишганман. Ундан ташқари мен шу луғат китоби орқали юртимиз тарихига ва ҳалқимиз урф-одатларига оид кўп нарсаларни, жумладан, ўша даврда қўлланувда бўлган эски ўзбек алифбоси билан ҳам биринчи бор танишиш имкониятига эга бўлгандим.
Луғатлар фақат сўзларнинг мазмун ва маънолари билангина эмас, ўзлари дасталанган давр руҳи билан ҳам баҳраманд қиладилар.
Қайси йиллар экани аниқ ёдимда йўқ, анча йиллар ўтиб кетди. Яхши инсон ва яхши шоир Отаёр билан бирга ишлардик. Бир куни ишга ҳаяжонланган ҳолда тўртта китоб кўтариб келди. Тўрт томлик Алишер Навоий асарлари изоҳли луғати. Китоб жуда тез тарқалиб кетди. Вақтида пулим етмай, ололмаганимдан қаттиқ ўкингандим. Отаёр менинг кўнглимни кўтариб, ”Хафа бўлманг, Ёдгор ака, мана, мен амаллаб олдим. Бирга фойдаланаберамиз” деганди. Классик шоир ва ёзувчиларимиз асрларини ўқишда тез-тез изоҳли луғатларга эҳтиёж сезамиз. Ҳар бир даврнинг ўзига хос тили
бор.
Қачонлардир менда луғатчилигимиз тарихини ўрганиш, шу мавзуъда бирон нарса ёзиш истаги ҳам пайдо бўлганди. У ҳам истаклигича қолиб кетди. Фикр юритиб кўрсангиз, ўзбек луғатчилиги тарихи-ҳалқимиз тарихи қадар узун, мазмунли, ибратли ва ҳаётий ҳодисаларга бой.
Расман луғатчилигимиз тарихи Махмуд Қошғорийнинг “Девони луғат-тут-турк”идан бошланади. Аммо, менимча, бу ҳам нисбий бўлса керак. Турли миллатлар вакилларининг ўзаро муносабатлари қачондан бошланганини ҳеч ким айтиб беролмайди.
Ўзаро муносабат ва муомалалар тил орқали бўлади. Ёзув пайдо бўлган даврлардан бошлаб, луғатлар тарихий даври ҳам бошланган десак хато бўлмайди. Бу тарихнинг ўзига хос томонлари, жозибалари бор…
Бобурийлар даврида Ҳиндистонда битилган “Келурнома” луғати бугунги кунда нодир асарлардан бирига айланиб қолди. Ўша даврнинг ўзига хос бир кўзгуси. Бундай мисолларни кўлаб келтириш мумкин. Ҳатто буюк Абурайхон Беруний ҳам луғат тузганлиги ҳақида маълумотлар бор…
Луғатларнинг умри узун. Йиллар, асрлар ўтиб боравергани сари-луғатларнинг қадри-қиммати ҳам ошиб бораверади.
Китоблар-давр кўзгуси деган гап бор. Тўғри, аммо китоблар ҳам одамлар каби. Яхши китоблар, ёмон китоблар, оқил-дониш китоблар, ёвуз, жоҳил китоблар…
Луғатларнинг эса ёмони бўлмайди. Шуниси билан бошқа китоблардан фарқ қилади.
Ҳали луғатчилигимиз борасида қилинмаган ва қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Мен ҳозир ҳам қадим ўтган классик шоир ва адибларимиз асарларига изоҳли луғатлар тузилишини орзу қиламан. Бунинг жуда катта аҳамияти бор. Юртимиз топографик атамалари изоҳли луғати масаласи ҳам очилмаган қўриқ.
Бундан 30- 35 йиллар бурун кичкинагина шаҳарлар номлари луғати пайдо бўлгани эсимда. Ўша китобчада “Наманган” шаҳри номига берилган изоҳдан ранжиган эдим. Тўғрироғи, у изоҳ эмас, савол белгиси эди. Бу атамага ҳозирга қадар нотўғри ва мантиққа зид равишда ёндошиб келишади. Баъзан ”намкент”, Баъзан “намаккент”дан келиб чиқишади.
Ҳолбуки, ҳар иккала сўзда ҳам мантиқ йўқ. Наманган-тузлоқ ер ҳам, нам-заххоб ер ҳам эмас.
Қолаверса, иқлим ҳолатларидан атама ясаш тўғри эмас. Ер ва ҳаво -ўзгарувчан. Шаҳар ва қишлоқлар номлари келиб чиқишини-ўша ерларда яшовчи аҳоли тарихи ва номларидан излаш, менимч, мантиқлироқ бўларди.Йўқ ердан излаб, сарсон бўлиб юришнинг ҳеч ҳожати йўқ.
Маълумки, Фарғона водийсида ўзбекларнинг Найман уруғлари кўп жойлашган. “Найман”, “Найманча” атамалари ҳам шуни кўрсатади. “Кент” қадимий туркий сўз, аҳоли яшаш ери деган маънони билдиради. Демак, Найманлар шахри-яъни, Найманкент-Наманган- десак тўғрироқ бўлади.
“Андижон” атамаси келиб чиқишида ҳам катто чалкашликлар бор. Ўзбекларнинг Анди уруғи ҳақида маълумотларни тарихдан топиб, ўқиб олиш қийин эмас. Ислом қабулидан аввал Андижон яқинидаги Шаҳрихонда оташпарастларнинг “оташхона”си бўлган. Анди уруғига мансубларнинг асосий саждагоҳлари ҳисобланган.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Андигон-Андикен-Андижон- ўзининг табиий илдизларига эга бўлади. Атамалар охиридаги қўшимчаларнинг ўзгариб, баъзан “кент”, Баъзан “гон”, баъзан “қанд”, баъзан “қон” шаклида келишидан ҳайрон бўлмаслигимиз керак. Бу ҳам диалектик ўзгаришлар натижаси.
Бир луғат китоби баҳона анча четлашиб кетгандай бўлдим. Ҳарҳолда, луғатчилик, луғатчилик тарихи, луғатчиликнинг бугунги муаммолари, келажаги ҳақида бироз гапириб ўтишга эҳтиёж сездим. Аслида бу борада кўп
гапириш, ҳали кўп ишлар қилиш давр зарурати бўлиб қолди. Худди шу нуқтаи -назардан олиб қараганда ҳам дўстим Жаҳонгир Муҳаммаднинг менга совға қилиб юборган икки томлик- (“Comprehensive Uzbek-English Dictionary”. Jahangir Mamatov, Michael Horlick, Karamat Kadirova) ўзбекча-инглизча луғати менгагина қилинган совға эмас, балки барчамизга, ҳалқимизга қилинган ажойиб совғадир.
Луғатда, барча бошқа луғатларда бўлгани каби бугунги куннинг нафаси, ранги ва руҳи бор. У фақат инглиз тилини ўрганувчиларгагина эмас, ўзбек тилини ўрганувчиларга ҳам ҳизмат қилишига, ҳали кўп ёшларнинг дастур китобига айланишига шубҳа йўқ. Мен китобни варақлаб ўтириб, биргина ”чакки” сўзининг бир неча вариантини, турларини кўрдим. Энциклопедик характерга эгалиги билан аҳамияти беқиёс. Мен бу сўзни ҳеч бир муболағасиз айтдим. Луғатларни, айниқса бу қадар кўламли, катта ҳажмли луғатни тайёрлашда, аслида, катта олимлар коллективлари иштирок этарди. Яъни, айтиш мумкинки, бу ўринда уч киши, Жаҳонгир Муҳаммад, Майкл Ҳорлик, Каромат Қодировалар бутун бошлиқ академиянинг ишини бажаришибди. Юқорида айтиб ўтганимдай, луғатлар умрининг ўлчови йўқ. Ҳали у келажакда кўплаб авлодларнинг қўлланмасига айланади, кўплаб авлодларга хизмат қилади.
Мукаммаллик, аслида, нисбий тушунча. Интилувчилар мукаммаллик сари интилиб, изланиб бораверадилар. Умумий тараққиётнинг асосий омили ҳам шу. Айни йўналишда фикр юрита туриб, менда ҳам баъзи истаклар пайдо бўлди. Айтмасам иложи йўқ. Ҳар бир тилнинг ўзига хос томонлари, ўрганишда қийинчилик туғдирадиган ҳусусиятлари бор. Жумладан, жаҳон тиллари орасида инглиз ва француз тиллари талаффузи ва ёзилишидаги фарқлари билан ажралиб туради. Шундан келиб чиққан ҳолда, луғатдаги инглизча сўзларнинг талаффуз кўринишини лотин ёки кирилл ҳарфлари билан бериб ўтилса, ўрганувчиларга анча енгил кўчган бўларди. Қолаверса, луғатдан фойдаланиш усулларини ифодаловчи сўзбоши ҳам ортиқчалик қилмасди..
Булар китобни кўздан кечириш жараёнида хаёлимдан ўтган истаклар холос.
Шу ҳолича ҳам мазкур луғат ҳалқимиз учун муаллифлар томонидан қилинган совға дейшга муносиб совғадир.
19 июл, 2011 йил.
Австрия.



