Ўзбек сайлови Ғарб матбуоти нигоҳида
Британия ва АҚШдаги рўзномалар ўзбекларнинг ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида овоз беришгани, сайловларнинг қалбаки сайловлар экани ҳақида ёзган.
“Ўзбеклар қаттиқ назорат остидаги парламент сайловларига овоз беришаркан, Ғарб давлатлари Тошкентнинг Афғонистон урушига ёрдамини сақлаб қолиш учун тилларини тийиб беришлари кутилмоқда”, деб ёзган Financial Times рўзномаси сайловлардан олдин.
“Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган мухолифат партиялари йўқ ва ҳукумат танқидчилари эса полиция таъқиблари сабабидан очиқ фаолият олиб бориша олмайди”, деб ёзади газета.
“Сайловда беллашадиган тўрт партиянинг ҳаммаси Марказий Осиёдаги ушбу мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариб келаётган собиқ коммунист партия раҳбари Ислом Каримов ҳукуматини қўллаб-қувватлайди”, дейди Financial Times.
Мақолада, шунингдек, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти сайловларни кузатиш таклифини рад этгани ҳақида айтилади.
Газетада Халқаро Амнести ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассисининг “Бу сайлов ясама бўлади”, деган сўзлари ҳам келтирилган.
New York Times рўзномасининг 28 декабрда чоп этган мақоласида ёзилишича, “Ўзбекистонда якшанба куни ўтган парламент сайловлари унинг президенти томонидан демократия синови сифатида мақталди, ҳолбуки, унда иштирок этган тўрт партиянинг барчаси ҳукуматни дастаклайди”.
New York Times ҳам Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонга кузатувчиларини йўлламаганига эътибор қаратган.
Шунингдек, ОХҲТ кузатувчиларининг икки йил олдинги президентлик сайловлари ҳақида билдирган танқидларидан иқтибос келтирилади.
“Каримов жаноблари якшанба куни “олдин сиёсий таъсир ва қудрат учун беллашадиган партиялар йўқ” бўлганини тан олди”, деб ёзади рўзнома.
Аммо, Каримов жанобларига кўра, бу йилги парламентнинг қуйи палатаси учун беллашув самимий рақобатлашувни таъминлаган, чунки партиялар бир-бирларини очиқдан-очиқ танқид қилишган.
Шунингдек, New York Times рўзномасидаги муаллиф 2005 йилги Андижон ҳодисалари ортидан жаноб Каримов ҳукумати Ғарб ҳукуматлари томонидан қораланганини эсга олади.
Аммо, ўшандан бери улар юмшоқроқ мавқени эгаллашганди, дейди у.
Мақола “Айни пайтда Қўшма Штатлар Афғонистондаги қўшинлари учун таъминот моллари етказишда ўзбек тарафининг ҳамкорлигига эҳтиёжманд” дея якунланади.(BBCUzbek).



