5 ноябрь куни содир бўлган мудҳиш воқеа ҳеч шубҳасиз ҳаммамизни ларзага солди, вужудлар титради, юрак йиғлади… Мен ҳали ўзимга келганим йўқ, кўз олдимда жажжи Руҳшонанинг сийрати, Дилмурод Саййид учун жонини беришга тайёрлигини мардона намойиш эта олган марҳум (э, воҳ…) Барно опанинг сийрати, афсус, афсус, афсус…
Адашмасам 92-93 йиллар эди. Бир армани дўстимнинг рафиқаси Ўзбекистондан кетиш шарти билан чиқиб, дўстим билан аразлашдида, беш ёшли қизчасини олиб Россияга кетворди. Дўстим уни севарди, қизини севарди, аммо Ўзбекистонни Ватан билгани учун, унданда воз кеча олмас эди. Орадан бир-икки ой ўтгач, ўжар ёр ва унинг беш ёшли қизи аллақандай ифлослар томонидан пичоқлаб кетилганини эшитдик.
Дўстим, қариндошлари кўмагида Россияга кетди, биз эса унинг уйи олдида кунни тунга уладик. Ҳаммамиз дўстимнинг отасига қойил боқардик, унинг кўзлари аламга тўла бўлсада қадди тик, дадил эди. Дўстим ўн кун деганда қайтиб келди, дафн жойидан бир парча тупроқни отасига тутқазиб, оғир хўрсинди. Ота тупроқни олиб уни ўпди ва нимадир эсига тушиб қолгандай қўшни хонага чиқиб кетди. Орадан атиги икки сония ўтгач, биз унинг даҳшатли овозидан чўчиб кетдик. Ота ичи тўлиб бақириб йиғларди, шу қадар бақириб йиғлардики, ҳатто қўшни хонада ўтирган барчамиз ўзимизни тутолмай қолдик…
Бу кўз ёшлар, бу аламли ҳайқириқ ўша жажжигина қизалоқ туфайли эди. Фарзанд доғи жуда ҳам оғир. Жуда ҳам…
Кеча рус миллатига мансуб қаламкаш дўстимиз телефон қилиб қолди, “ҳеч ҳам фикримни жамлай олмаябман, ахир мен у аёлни танирдим, ундан интервью олгандим ва ўша пайт ёнимизда жажжи Руҳшона алланимани ҳиргойи қилиб ўтиргани ҳам эсимда. Бу шу қадар беъмани ҳолатки, ўзимни ўнглай олмаябман. Ахир шу даражада оғир тақдир бўладими, ҳаёт шу қадар ҳам шафқатсиз бўладими…”, деди у. Мен сездимки унинг кўзлари намланган…
Биз ҳаммамиз, мана шу бир неча ой ичида Барно опанинг ўз ёри учун қанчалар курашгани, унинг қамоқда ўтказаётган ҳар бир кунини гўё бирга яшаб ўтаётгандай хис қилиб юрганини кўрдик. Баъзан унинг оғриқларига малҳам бўлишга уриндик, баъзан буни эплай олмаётганимиздан хафа бўлиб жим ер депсиндик. Баъзан қандайдир арзимас ёрдамимиздан унинг қувонганини кўриб ўзимизни бахтли хис қилдик, баъзан эса унинг ўз ёри ҳақида гапириб йиғлаганини кўриб имконсизлигимиздан ранжидик… Ранжиб ўтирибмиз…
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни анави газетчилар уйи олдидан кетаётиб Дилмурод акага дуч келдим. Салом-аликдан сўнг ака, “уни қаранг, фалончи сайтда, фалончи мени фалончилардан деб ёзипти, тавба. Кеча бизга гўё дўстона муносабатда бўлган фалончиларнинг сайти экан ўша сайт, дўстлар эмиш, тавба”, деди кулиб. Мен ҳам кулдим, “ака ўша дўстлар туфайли фалончи бўлмаган ким қолди ўзи, тек қўйинг, яқинда улар ўз уруғларининг ичидан ҳам фалончиларни топишади, ахир бундан бошқа яна нима иши бор у бекорчиларни”, деб акани кўнглини олгандай бўлдим.
Орадан у қадар ҳам кўп вақт ўтмай Дилмурод акани ўз уйидан олиб кетишди. Ҳаммамиз довдираб қолдик. Нега олиб кетишди, нима сабабдан? “Эзгулик”даги аканинг сафдошлари ўша оннинг ўзидаёқ унинг учун кураш бошлади, ҳамон курашмоқда, тийилганлари йўқ! Биз эса дарҳол бу ҳақда хабарлар тарқатдик, ахир қўлимиздан бошқа яна нима келарди… Мен, ишонинг сидқидилдан ишониб кутган эдимки, ўша Дилмурод ака ўксиниб гапирган фалончи дўстлар, ўз сайтида чиқиш қилиб, “фалончининг Дилмурод акани фалончиликда айблаб қилган чиқиши ғирт ёлғон экан, бу муттаҳамнинг кимлиги аён бўлди”, деб раддия қилишади девдим. Йўқ, ундай бўлмади.
Дунё ҳамжамияти, йирик халқаро ташкилотлар бу ҳолат юзасидан баёнотлар тарқатган бир пайт эса, ўша фалончи дўстлар сайтию овозахонасида, “Жасоратли журналист Дилмурод Саййид ҳибсга олинди, зўраки айбловлар қўйилаяпти”, деган хабарларига кўзим тушди. Ўзимча, э инсофсизлар, ахир унинг жасоратли журналист эканини биларкансан, нега кимдир у томон сенларнинг ёнингда туриб тош отганда жим томоша қилиб турдинг, деб қўйдим. Сўнг Дилмурод ака қамоқ жазосига ҳукм қилинганда ҳам улар ўшандай чиқишлар қилди, ҳатто унинг жасоратли чиқишларини эслаб юборишди, қойил!
Бугун ҳам улар Дилмурод аканинг бошига тушган оғир жудоликни чайнаб ётишибди. Биламан, юракларида ўша фожеа туфайли пайдо бўлган оғриқ бунга ундамади, бу учун қилинмади, олдингилари ҳам бу учун эмасди, йўқ, бу учун эмас… Улар ҳатто ўша ҳолатда ҳам манфаат қидиришгани боис мавзу қилишди, манфаат. Нафсингга лаънат бўлсин! Худди бир пайтлар ўзлари, ўз сафидан шартта ҳайдаб, кейин бошига мусибат тушганда уялмай, “у биздан эди”, дейишгани каби. У ҳам куйинганлари учун эмасди, йўқ бу учун эмас, манфаат учун, биздан эди десак, бизнинг аҳамиятимиз ошади деган манфаат учун…
Инсоннинг шайтон қиёфасига кириши нақадар осонлиги олдида чидай олмай гапирдим, тавба қилдим. Аслида бу ҳақда гапирмоқчи эмасдим, йўқ, бундай эмас… Дилмурод акага нимадир демоқчи эдим, малҳам бўлгулик нимадир, аммо нима дейишни билмаябман. Умуман менинг нимадир дейишим қанчалар зарурлигини ҳам англамаябман. Худди бир пайтлар, Барно опага нимададир ёрдам қила олмай, имконсиз ер депсингандай депсиниб қолдим. Эҳ лаънати имконсизлик…
Иброҳим Ҳакимов, Тошкент.
