adolatСУД ЗАЛИДАН!
1. ХОЛИСЛАР – ВОЯГА ЕТМАГАН ЭКАН!

Хабар бериб келаётганимиздек, Жиноят ишлари Тaйлоқ туман судида таниқли журналист ва инсон ҳақлари ҳимоячиси, “Эзгулик” жамияти фаоли Дилмурод Саййид (Саидов), жомбойлик фермерлар Анор Пўлатов, Тўра Эргашев, фуқаро Марғуба Жўраевага нисбатан олиб борилаётган маҳкама 10 июн куни давом эттирилди.
Шу йил 1 июнда бошланган суд муҳокамасининг ҳар бир жараёнида сира кутилмаган бирор воқеа юз бераётгани жуда эътиборга молик бўлмоқда. Бу галгисида ҳам янада шов-шувга бой, ҳеч кутилмаган ҳолатлар юзага чиқди.
Маҳкама “Иш” бўйича холислар Ботир Мўминов ва Шаҳоб исмли шахслар кўрсатувини эшитишдан бошланди.
Биринчи холис Ботир Мўминовнинг кўрсатувидан сўнг савол-жавоблар бошланди.
Судланувчи Д.Саидов холисдан: -Сиз пулга ишлов берилиши жараёнида қатнашганмисиз?-деб сўради.
Холис Ботир Мўминовнинг жавоби:
-Бизни чақиришганида бу опани ушлаб бўлишганди, мен пулга ишлов беришда қатнашмаганман.
Жавобдан сўнг судланувчи Д.Саидов раислик этувчи судьядан “Иш” жилдидаги холис Ботир Мўминовнинг И.Шеров томонидан сўроқ қилинган “Баённома”га эътибор қаратишни сўради.
“Баённома”даги кўрсатув ўқиб берилди: “2009 йил 22 феврал куни … Департамент ходимлари бизларни Департамент идорасига таклиф қилди ва … хизмат хонасининг бирида МХХ, ИИБ ва Департамент ходимлари томонидан 100 та АҚШ долларлик … пулларга махсус кимёвий унсур билан ишлов бериб, уларнинг 10 тасига махсус кимёвий қалам билан “ПОРА” сўзи ёзилди ва ушбу пуллар бизларга махсус ОЛД ускунаси ёрдамида кўрсатилганида, пулларда оч яшил рангли доғлар ва 10 дона АҚШ долларлик купюраларда “ПОРА” сўзи кўринди…”
Иккинчи холис Шаҳоб исмли шахс адвокат А.Яҳяев томонидан берилган саволга аниқ қилиб:
-Биз бу опани ушлашгач, кейин Департаментга бордик, унгача Департаментга бормаганмиз,-деб жавоб қилди.
“Иш” жилдидаги И.Шеров томонидан сўроқ қилинганлиги кўрсатилган “Баённома”да эса, худди биринчи холис Б.Мўминовга ёзилгани каби матн мавжуд.
Адвокат А.Жўраев холисларнинг ёши билан синчков қизиқди. Маълум бўлишича, сўроқ баённомасида уларнинг ёшлари бир ёшга улғайтирилиб кўрсатилган экан. Холислар холисликка ўтган вақтларида вояга етмаганликлари аниқланди. Улардан бири, яъни Ботир Мўминов ҳали ҳам 18 ёшга тўлмаган экан (1991 йил 5 декабрда Самарқанд шаҳар Хишрав мавзеида туғилган!)
Холислар юзасидан НОХОЛИС йўл тутган Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи И.А.ШЕРОВни нима мажбур қилганлигига ойдинлик киритишлик Бош Прокуратурадаги масъулларга ҳавола.

2. МАРҒУБА ЖЎРАЕВА ЎЗ ШЕРИГИНИ ОШКОР ҚИЛДИ

Судланувчи Марғуба Жўраеванинг кўрсатувида ҳам кутилмаган маълумот очиқланди.
-Аслиддин Ўринбоевдан олган пулларимдан Исроил Маҳмудов (А.Ўринбоевнинг инженери!)нинг улуши бор эди. Шу боис ҳам пулни унга бергандим. Исроил ака ўз улушини олиб қолиб, менинг тегешимни уйимга элтиб бериши керак эди,-деб кўрсатма берди М.Жўраева.
-Бу ҳақда нима учун терговдаги кўрсатувларингизда маълум қилмагансиз?-деган раислик этувчининг саволига судланувчи М.Жўраева:
-Мен Исроил Маҳмудов билан юзлаштириш ўтказилишини кутдим, лекин бундай ҳаракат ўтказилмади. Терговда буни ошкор қилишимдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Шу сабабли ҳам мен судгача сукут қилдим,-деган аниқ жавобни айтди
Суд гувоҳ И.Маҳмудов билан судланувчи М.Жўраева ўртасида юзлаштириш ўтказишни навбатдаги маҳкамага қолдирди…
Маҳкама поёнида судланувчи Дилмурод Саййид раислик этувчига А.Ўринбоев, А.Раҳмонов, И.Маҳмудов томонларидан топширилиши керак бўлган ҳужжатлар хусусида эслатди.
-Уч жараёндан бери айтилган ҳужжатлар ҳали тақдим этилмаяпти. Бу масалага кескинроқ ёндошув зарурга ўхшайди,-деб таъкидлади Дилмурод Саидов.
Ҳозирда яна беш нафар гувоҳ сўроқ қилиниши керак. Бироқ уларнинг иштирокларини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти.

ФАРХУНДА
САМАРҚАНД-ТAЙЛОҚ

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s