adolat4-СЎЗ: СИР САҚЛАНАДИГАН МАЪЛУМОТЛАР
Хабар бериб бораётганимиздек, ЖИб Тойлоқ туман судидаги муҳокама 8 июл куни давом эттирилди (6 июлга белгиланган суд жараёни жабрланувчилар ва гувоҳлар келмаганлиги сабабли қолдирилганди!).
8 июлдаги жараёнда судланувчилар Т.Эргашев ва А.Пўлатов кўрсатмалари эшитилиб, сўроқ қилиндилар. Д.Саидов фақат бир эпизод (жабрланувчилар С.Боймуродов ва В.Хўжақулов иддаолари юзасидан!) кўрсатма берди. Адвокати узрли сабаб билан иштирок эта олмаганлиги боис, Д.Саидов кўрсатуви бўйича томонлар савол-жавоби кейинги жараёнга қолдирилди.
Судланувчи Т.Эргашев кўрсатуви юзасидан деярли савол-жавоб бўлмади, ҳатто прокурор Ў.Раҳматов ҳам савол бермади. Аксинча, Т.Эргашев ўз кўрсатувини якунлаб, бир жиҳатга ойдинлик киритди. Яъни жабрланувчи С.Боймуродовга савол берди.
Т.Эргашев саволи: 18-20 март кунлари орасида сен билан кўришганимизда: “Нима учун Дилмурод Саййидга 5000 доллар сўради, деб туҳмат қилдинг?”-деганимда нима деб жавоб қилгандинг?
Аввалига С.Боймуродов судланувчи Т.Эргашев билан учрашгунини тан олмади. Шунда Т.Эргашев:
“-Сайдулла, биз сен билан Мақсуда опанинг уйи олдида учрашиб гаплашган эдик, шуни эслайсанми?”-деб сўради.
С.Боймуродов 18-20 март оралиғида ҳақиқатан ҳам Т.Эргашев билан Мақсуда опа исмли қишлоқдошларининг уйи яқинида учрашганлигини, гаплашганлигини тан олди…
Судланувчи А.Пўлатов ўз кўрсатувлари асосан ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари, йўқолган техникалар бўйича маълумотлардан иборат бўлди.
Судланувчи Дилмурод Саййид (Саидов) ўз кўрсатувини асословчи ҳужжатлардан айримларини кўрсатув матнига иловалаб, судга тақдим этди. Шунингдек, гувоҳ тариқасида сўралган А.Раҳмонов ва М.Абдуназаров кўрсатувларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб, судга иккита ёзма “Илтимоснома” топширди.
Д.Саидов яна жабрланувчилар С.Боймуродов ва В.Хўжақулов иддаолари юзасидан тегишли тартибда суриштирув тайинланишини, ЎзР ЖК асосида баҳо берилишини сўраб, судга ёзма “Ариза”лар ҳам киритди.
Биз Дилмурод Саидов ўз кўрсатувларида батафсил тўхталмаган икки жиҳат юзасидан савол билан қисқагина мулоқот қилдик
-Ўз кўрсатувингизда “С.Боймуродов ҳаракатларига баҳо бериб, унинг Ўринбоевлардан манфаатдор” эканини яхши асосладингиз. Лекин негадир С.Боймуродовнинг Сизга нисбатан (орадан беш йил ўтиб!) айнан 2009 йил 18 март куни асоссиз ариза билан прокуратурага мурожаат қилганлиги сабабларига чуқурроқ, кенгроқ изоҳ бермадингиз.
Д.Саййид:
-Бу масалада кенг изоҳ бериб, асослаш имконим етарли. Бу имкониятни савол-жавобларга қолдирдим. Адвокатим Р.Комилов келгач, судга тақдим этиладиган қўшимча ҳужжатларимиз бор. Шу вақтда изоҳни ҳам келтираман. Ва бу изоҳ нафақат С.Боймуродов, балки гувоҳлар М.Абдуназаров ва А.Раҳмонов кўрсатувлари мисолида боғланиб кетади. Қисқача айтганда, С.Боймуродов ва В.Хўжақулов ўз-ўзидан “жабрланувчи” бўлиб, ариза ёзиб қолмаганлар. Бунинг аниқ мақсадли сабаби бор. Яъни, 16 март куни А.Ўринбоев ҳамда И.Маҳмудов билан менинг ўртамда юзлаштириш ўтказилгач, ўз шундоғам сохта “Иш” бутунлай синиб бўлди.
18 март куни С.Боймуродов аризаси “ЎЙИНИ” бошланган. Шу куни мен ВУТИдан турмага жўнатилганман. 24 март куни олиб келиниб, 30 март куни С.Боймуродов билан юзлаштирилдим. 30 март кунигача С.Боймуродов ариза ёзганлигидан мутлақо бехабар эдим. Тушунишимча, бу РЕЖАни тузганлар: “Д.Саидов беш йил олдинги воқеаларни ё эслолмайди, ёки чалкашиб кетади”-деган ишончда бўлганлар. Шу боисдан юзлаштириш ҳаракати видеотасвирга ҳам олинди. С.Боймуродов кетма-кетидан М.Абдуназаров, А.Раҳмонов, Р.Эгамбердиев билан ҳам юзлаштириш ўтказилиб, видеотасвирга олиндим.
Буни режалаганлар: “Д.Саидов чалғиса, асабийлашади, гувоҳлар билан савол-жавобда ҳам фикрий мувозанатини йўқотади”,-деган хаёлда бўлишгани аниқ. Бироқ уларнинг бу РЕЖА-ЎЙИНИ ҳам ўхшамай қолди. Чунки С.Боймуродов билан юзлаштириш вақтидаги кўрсатувларимда 2004 йил май ойидаги воқеаларни аниқ баён қилиб, иштирокчи-вакиллар номини ҳам тўлиқ айта олдим. Ҳатто ўша вақтдаги ариза устига (3 май 2004 йил!) нима деб ёзиб қўйганимгача сўзма-сўз айтганимда, терговчи “Иш” жилдини варақлаб кўриб, ҳайратини яшира олмади. Гувоҳлар билан юзлаштириш охирлагач эса, терговчининг асабийлашганини аниқ кўрдим. У гувоҳлардан, умуман, 30 март куни ўтказилиб, видеотасвирга олинган тўрттала юзлаштириш ҳаракатидан мутлақо қониқмаган эди. Чунки РЕЖА амалга ошмади-да!
-Сизларга қўйилган айблов хулосасида: “Жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор этиш билан қўрқитиб…” деган таъкид кўп бора такрорланган. Ўз кўрсатувингизда ҳам бу борада нафақат терговчи, ҳатто жабрланувчилар ҳам изоҳ беролмаганлигини билдирдингиз. Умуман, қандай сир шахсга нисбатан ошкор этилмаслиги керак?
-Шахснинг оиласига, соғлиги, қонуний даромади билан боғлиқ маълумотлар унинг розилигисиз ошкор этилмайди. Масалан: фарзанд асраганлиги, жамғармаси, тери-таносил хасталигидан даволанганлиги ва ҳоказо. Касб билан боғлиқ сирлар ҳам бор. Масалан: ғазначи банкдан қачон, қанча миқдорда пул олишини, журналист ўзи олган ахборот манбаини сир сақлаш ҳуқуқига эга ва ҳоказо.
Судланувчилар 8 июлдаги муҳокама якунида “Жомбой туман ИИБ ТБ катта терговчиси ОЛИМ ТОҲИРОВни қўшимча гувоҳ тариқасида суд маҳкамасига чақирилиши”ни сўраб, “ИЛТИМОСНОМА” киритдилар.

Жасур ЎЗБЕК
САМАРҚАНД-ТАЙЛОҚ

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s