ДИЛМУРОД САЙЙИДНИНГ АДВОКАТИ БИЛИМСИЗ…(МИ?)
2009 йил 6 май куни ўтказилган адвокатларни аттестациядан ўтказиш ва қайта лицензия бериш ЎзР Малака ҳайъатининг қарори барчани ҳайратга солди. Аттестацияда машҳур журналист, инсон ҳақлари ҳимоячиси, ҳозирда сохта айблов билан ҳибс этилган Дилмурод Саййиднинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган “БЕШ ЮЛДУЗ” (ўз позициясидан чекинмайдиган!) адвокат РУҲИДДИН КОМИЛОВ нима учундир малакасиз, ўз ишига нолойиқ деб топилиб, Аттестациядан ўтказилмади.
Р.Комиловнинг бу қарордан норози бўлиб, ёзган аризасига мувофиқ 2009 йил 29 июнда қайта имтиҳон бўлиб ўтди. Неажабки, қайта ўтказилган Аттестацияда ҳам Республика Малака Ҳайъати адвокат Р.Комиловга нисбатан адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдиришни маъқул кўриб, Р.Комиловнинг лицензияси бекор қилинди. Ҳам куласиз, ҳам куясиз…Нега дейсизми?
Адвокатура соҳасини лойқа соҳа, деб таърифлашади. Дарҳақиқат, жуда тўғри таъриф. Кейинги пайтларда бу соҳанинг деярли 60-70 фоизини (бу нисбий қиёс, агар ундан ҳам кўп бўлмаса!) пора бериб қамалган судья, терговчи, прокурор каби “азиз-авлиёлар” ташкил этади. Ўз соҳасидан “қочган-пусган”, “товуқмижоз, кўзир” адвокатлар Аттестациядан яйраб-яшнаб ўтишди. Адвокат Р.Комилов эса…Изоҳга ҳожат бўлмаса керак бу ўринда.
Р.Комилов аслида 18 йиллик иш стажига эга, малакали адвокат. Илк фаолиятини тўғридан-тўғри адвокатликдан бошлаган. Унинг ҳалоллигини, ўз ишига содиқ ва билимдонлигини, ишига бевосита боғлиқ томонларда мижозларига беминнат ёрдам беришини, ҳатто уларга вақти келса моддий кўмак бериши унинг билим даражасидан тортиб, инсонийлик сифатларини очиб берувчи кўзгудир. Р.Комилов ўз ҳимоячилик ишларида одамларни ноҳақ айбловлардан ҳуқуқий, қонуний ҳимоя қилгани, ҳатто ўлим жазосидан-да олиб қолганини ҳамма билади.
Шу боис унинг мижозлари Республика Малака Ҳайъатига, Адлия Вазирлигига, ММХга ўз норозиликларини, эътирозларини билдириб, бир неча бор мурожаат қилишди. Бу масъул идоралар адвокатга ҳеч қандай ёрдам бера олмасликларини мижозларга “отписка хат” орқали билдириб қутулиб қўяқолишди. Ҳатто айрим масъуллар Малака Ҳайъати аъзоси бўлмаганини айтиб, афсус-надоматлар билан ўкина-ўкина узрхоҳлик ҳам қилишди. Начора, осмон узоқ, ер қаттиқ…
2009 йил 29 июнда қайта ўтказилган имтиҳондан кейин Р.Комиловнинг мижозлари Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатасига ариза билан мурожаат қилишди. Палата раиси Т.Д.Саидов ўта юмшоқлик билан аризачиларга Р.Комиловнинг аслида билимдон ва тажрибали экани, аммо “фалокат босиб шунақа бўп қолган”ини айтиб, ҳамдардлик билдирди ўзича. “Бешта савол билан инсоннинг билимини аниқлаш мумкинми?” деган сўроқдан раис довдираб қолди. “Йўқ-йўқ, албатта мумкин эмас. Лекин одам баъзида билиб турган нарсаси ҳам эсидан чиқиб қолиши мумкин, ҳатто ўзимиз ҳам гоҳида билиб турган нарсамизни айтиб бера олмаймиз.
Ҳалиги айтганимдек “фалокат босиб” қолади одамни баъзан”-деди шоша-пиша жавоб бераркан Т.Д.Саидов ва адвокат қарордан норози бўлса, судга мурожаат қилиши кераклигини таъкидлади. Ажабо! Т.Д.Саидов Р.Комиловнинг билимдонлигини, ўз соҳасининг устаси эканлигини тан олаяпти-ю, нега лицензияси бекор қилинганини изоҳлаб бера олмаяпти. Фикримизча, изоҳлаб бера олмайди ҳам…
30 июнда ЖИБ Тойлоқ туман судида раислик этувчи Дилмурод Саййиднинг суд муҳокамасида Р.Комиловни лицензиясиз судга киритмаслигини эълон қилди. У бу қарорини вилоят Адлиясидаги масъуллар билан телефон орқали гаплашгани билан изоҳлади.
Зудлик билан Тошкентга қайтган Д.Саййиднинг яқинлари эртасигаёқ ариза билан масъул жойларга мурожаат қилишди. Берилган аризалар, қилинган илтимослар сабабми, ҳартугул 2 июлдаги суд муҳокамасида Тойлоқ туман суди раиси Р.Комиловнинг судда қатнашиши, ишни охиригача етказиши мумкинлигини билдирди.
Бизни бир нарса ўйлантиради. Нимага асосланиб адвокат Р.Комиловнинг лицензияси тортиб олинди? Нима учун айнан илк қадамини адвокатликдан бошлаганлар малакасиз, деб топилади-ю, суд соҳасидан шармандаларча ҳайдалган, бу соҳага иснод келтириб, халқнинг ишончини топтаганлар малакали, билимли ҳисобланиб ишлайверадилар, аниқроғи жавлон уриб юраверадилар. Ахир 18 йил кичкина рақам эмас. Бу рақам чақалоқнинг етуклик ёшига етишини англатади. Бу нима, адвокатура соҳасига бўлган ҳурматми, ҳақоратми ва ёки ҳақиқатми?
Бу саволларимизга тегишли идоралардаги масъуллар ҳам жавоб излаб кўришар алки…
Абдул НАБИЙ,
Тошкент
kamolsaid2007@gmail.com



