Дилмурод Саййид судга келтирилди…
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.КАРИМОВга
Ўз Р ЖК 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2,3-қисмлари билан ноҳақ айбланаётган Анорбой Пўлатов, Дилмурод Саидов, Тўрабой Эргашев-нинг яқинларидан
ИЛТИМОСНОМА
Биз, А.Пўлатов, Д.Саидов, Т.Эргашевнинг яқинлари ушбу ИЛТИМОСНОМАни қуйидаги асосларга кўра ёзмоқдамиз:
Бизнинг яқинларимиз мамлакатимизда қонун устуворлигига таяниб, Сизнинг ташаббусингиз билан давлатчилик даражасига кўтарилган бугунги “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” борасидаги тамойилни тўлиқ амалий қўллаб-қувватлаганликлари учун яқинларимизга нисбатан сохта айблов уюштирилиб, уйдирма “Жиноят иши” қўзғатилиб, ҳибс этилдилар.
Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатларини нафақат бизнинг яқинларимизга, балки Сизнинг ташаббусингиз билан давлатимиз даражасига кўтарилган ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТЧИЛИК ҳамда бугунги “ҚИШЛОҚ ТАРАҚҚИЁТИ ва ФАРОВОНЛИГИ” борасидаги оқилона тамойилларга нисбатан ҳам хилоф, деб ҳисоблаймиз.
Бизнинг яқинларимиз Жомбой туман “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (раиси А.Ўринбоев!)да техник воситаларнинг талон-тарож қилинаётганлигини; 68 гектар боғлардан олинаётган даромадлар давлат хазинасига кирим қилинмай, ўзлаштирилаётганлигини; ММТП пул айланмаларидаги ноқонуний ҳолатларни;
“ҲАЛВОЙИ ҚЙФ” ((раиси Х.Ўринбоева!) қарорлари билан ҳам 2002 йилдан бери ҳосилдор экин майдонларидан шахсий уй-жой қуриш учун ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари; бир неча гектар тутзорлар ҳеч бир ҳужжатсиз кесилиб, ўзлаштирилганлигини; иморатбоп шамшод тераклар А.Ўринбоев томонидан кесиб, ўзлаштирилганлигини; ММТП балансидаги 400 тонна маҳаллий ўғит ака-ука Аслиддин ва Нуриддин Ўринбоевлар томонидан 2008 йил вилоят собиқ ҳокими вазифасини бажарувчи А.Баҳромов кўрсатмаси билан изсиз йўқотилган (ўзлаштирилган) лигини тегишли маъмурий-ҳуқукий ташкилотларга шикоятлаб, асословчи фотолавҳалар, ҳужжатлардан кўчирмалар топширилганликлари учун А.Ўринбоев ижрочилигида сохта айблов уюштирилиб, ҳибс этилдилар. Яқинларимизнинг шикоятлари Жомбой туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Мажидов (эндиликда собиқ!), туман прокурори Э.Рўзиев, туман ИИБ ТБ катта терговчи О.Тоҳиров томонларидан мунтазам ёпиб келинмоқда.
Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтмоқчимиз.
I. “Ҳалвойи ҚФЙ”да ноқонуний тарқатилган ер бўлаклари бўйича:
1. Собиқ “Бобобек Холмуродов фермер хўжалиги” ҳудудидан учта ер бўлаги.
2. “Чалақўрғон карвони фермер хўжалиги”дан ўн тўртта ер бўлаги.
3. “Чимири Умарова фермер хўжалиги”дан йигирмага яқин ер бўлаги.
4. “Сетора Тўйчиева фермер хўжалиги”дан йигирмага яқин ер бўлаги.
5. “Зайниддин Носиров фермер хўжалиги”га қарашли боғлар бузилиб, ўнга яқин ер бўлаги ноқонуний тарқатилган. “Нарзиқул Рустамов фермер хўжалиги”га қарашли ҳосилдор ерлардан ака-ука Ўринбоевлар ўнга яқин ер бўлакларини ноқонуний эгаллаб, бетон пойдеворлар қўйилган.
II. “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП балансидан талон-тарож қилинган мулклар бўйича:
1. “Тўлқин Шодиёров фермер хўжалиги” ҳудудидаги 300тупдан зиёд шамшод-тераклар 2009 йил январ ойида А.Ўринбоев томонидан ўзлаштирилган.
2. 2008 йил фермер хўжаликлари ғалла майдонларидаги сомонни йиғиштириш учун ажратилган техникалар хизмати учун фермерлар томонидан тўланган нақд пул ММТП хазинасига кирим қилинмай, ўзлаштириб юборилган.
3. “Жомбой дон” АЖдан олинган беш миллион сўмлик 400 тонна маҳаллий ўғит (гўнг) ака-ука Аслиддин ва Нуриддин Ўринбоевлар томонидан ташиб кетилган.
4. ММТПнинг 2009 йил 18-март ҳолатига кўра боқиманда қарзлари 68641000 сўмни; устама қарзлари 6.677.100 сўмни ташкил этган. (Бу қарз 2007 йил 1 январда 2980000 сўмни ташкил этарди!)
5. 2008 йил буғдой ўримида фермерлардан ноқонуний 40 тоннадан ортиқ буғдой олинган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш имконига эгамиз.
Бизнинг яқинларимиз А.Пўлатов, Д. Саидов, Т.Эргашев айнан шундай ноқонуний ҳолатлар юзасидан шикоятлар ёзганликлари учун уларга нисбатан сохта айблов уюштирилиб, ҳибс этилдилар. ЮҚОРИДАГИЛАРГА КЎРА:
1. А.Пўлатов, Д. Саидов , Т.Эргашевга нисбатан сохта айбловлар бекор қилиниши ва оқлов ҳукми чиқарилишида холис кўмагингизни сўраймиз.
2. Сохта айблов уюштиришдан манфаатдор шахслар А.Ўринбоев, Х.Ўринбоева ва бошқаларга тегишли асосда қонуний чора кўрилишига ишониб қоламиз.
1. Г.Эшдавлатова (А.Пўлатовнинг турмуш ўртоғи)
2. Ҳ.Толипова (Д.Саййиднинг онаси)
3. М.Эргашева (Т.Эргашевнинг турмуш ўртоғи)
