shmurodТЕМУР ВА УНИНГ КОМАНДАСИ

5.ЎЙНАБ ЁЗСАНГ ҲАМ ЎЙЛАБ ЁЗ!
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 11-моддасининг “Қонунийлик” қисмида “Судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, ҳимоячи, шунингдек жиноят ишини юритишда иштирок этган барча шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига аниқ риоя этишлари ва уларнинг талабларини бажаришлари шарт.
Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекланиш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қаътий назар, жиноят процессида қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади” деб кўрсатиб қўйилганига қарамасдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Судларда жиноят ишлари кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси бошлиғи М.Эрматов мансаб ваколатини суъиистеъмол қилган ҳолда жиноят иши материалларини умуман ўрганмасдан, ҳамтавоғи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари А.Шарафутдиновнинг бевосита топшириғини бажариб, турмуш ўртоғим томонидан ёзилган аризага кўр-кўрона жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида хизмат қиладиган бошқарма бошлиғи, адлия маслаҳатчисининг берган жавобига эътибор қаратинг. “Аризангиздаги Ш.Муродовнинг айби исботланмаганлиги тўғрисидаги важларингиз билан келишиб бўлмайди. Чунки, Ш.Муродов айбига иқрор бўлмасада, унинг айби жиноят иши бўйича сўроқ қилинган судланувчилар С.Дунгбаев, М.Хушвақтовлар, гувоҳлар А.Ирназаров, Ш.Суяров, М.Ибрагимова, А.Воргудьяев ва бошқаларнинг кўрсатувлари, ҳужжатли тафтиш далолатномалари, хизмат текширув хулосалари, юзлаштириш, тинтив баённомалари, экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар билан исботланган.
Суд ҳукми билан Сизга тегишли бўлган Сергели туманида жойлашган уй асоссиз равишда зарарни қоплашга қаратилганлиги тўғрисидаги важингиз билан ҳам келишиб бўлмайди. Сабаби, жиноят иши бўйича судда сўроқ қилинган судланувчи М.Хушвақтов бош муҳаррири Ш.Муродов билан оғзаки келишувга асосан унинг оилавий ҳайдовчиси бўлиб ишлаб юрганлигини, эвазига Ш.Муродов ҳар ойда 150-200 минг сўм иш ҳақи бериб турганлигини, бундан ташқари Ш.Муродовнинг бошқа топшириқларини ҳам бажариб турганлигини, хусусан унинг Сергели туманидаги қурилаётган уйига усталарни ва қурилиш материалларини олиб борганлигини, қурилиш материаллари ва усталар хизмати учун тўловлар Ш.Муродов ҳисобидан амалга оширилганлигини кўрсатган. Шунга кўра суд Сизга тегишли Сергели тумани 14 “Б” 313, 318-хонадон Ш.Муродов томонидан жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобидан қурилганлиги аниқланиб, асосли равишда етказилган зарарни қоплашга қаратилган. Суд қарорларига протест келтириш учун асослар топилмади”.
Бул “муҳтарам” зоднинг турмуш ўртоғимга берган жавоб хатидан ўзининг қанчалик билими паст, фаросати йўқлигини билдириб қўйган. Биринчидан, турмуш ўртоғим “Важ” қилаётгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган ҳуқуқларидан келиб чиқиб, Ўз.Р.ЖПКнинг 498-моддасига асосан жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукмдан норози бўлиб шикоят қилмоқда. Иккинчидан, у ўз шикоятида ҳеч ким билан келишмоқчи эмас, балки ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмоқда. Нима Бош прокуратурадаги мансабдор шахслар барча жиноятчилар билан келишавериб, ўрганиб қолган шекилли, М.Эрматов ҳам жавоб хатида “келишмоқ” сўзига алоҳида урғу берган. Менимча яқиндагина мансаб лавозимига ўтирган кўринади, сотиб олинган мансабга кетган “мулла жиринг”ларнинг ўрнини тезроқ қопламоқ пайига тушибди.

М.Эрматовнинг жиноят иши материаллари билан танишмасдан, судланувчилар С.Дунгбаев ва М.Хушвақтовларнинг судда берган кўрсатмаларини ўқимасдан жавоб хати ёзгани шундоққина билиниб турибди. Мана судланувчилар С.Дунгбаев ва М.Хушвақтовларнинг судда берган кўрсатмалари нусхаси қўлимизда турибди. Лекин уларнинг кўрсатмаларида умуман бошқа нарса ёзилган. Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасидан парча келтирамиз: “02.02.2004 йили 90 тн. қоғозни мен пулини бериб ёллаган ёлланма юк машиналари орқали таҳририятнинг хўжалик ишлари мудири Ш.Болтаев Янги-Обод Божхона терминалидан “Ўзбекистон” НМИУ омборхонасига етказиб берган. Шундан сўнг бажарилган ишлар далолатномасини тайёрлаб, Ш.Болтаевга тақдим қилдим. Ҳар икки ташкилот томондан шартнома шартлари бажарилгандан сўнг керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Ушбу эпизод бўйича менинг томонимдан ҳеч қанака ҳужжатлар қалбакилаштирилмаган, ҳеч қанақа қонун бузилишига йўл қўйилмаган. Фирмамга таҳририятнинг 90 тн. қоғозини ташиб беришим учун қонунда лицензияга эга бўлишим кўрсатилмаган. Негаки, менинг фирмам хусусий ҳисобланади. Бу ишда Ш.Муродов билан жиноий тил бирикитирмаганман, ҳеч қанақанги далолатномани сохталаштирмаганман. Ушбу суммадан давлат ва мендан бошқа ҳеч ким манфаатдор бўлмаган. Ушбу эпизод бўйича қўйилган айблар ҳаммаси ёлгон. Бу терговчи Т.Нормухамедовнинг ўйдирмалари”. (Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмаси: 1-бет, 8-19 қаторлар).

Жаноб М.Эрматов “биров”нинг буйруғини бажармасдан, ўз ақл-идроқи билан жиноят иши материаллари билан шошмасдан танишиб чиққанда судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасини ўқиб чиққан, шунга қараб жавоб тайёрлаган бўлар эди. Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасидан яна бир бор парча келтирамиз: “2005 йилнинг март ойларида қариндошим Д.Буронов телефон қилиб, М.Хушвақтов деган одам келишини, қоғоз масаласида гаплашишини айтди. Шундан кейин Музаффар менинг олдимга келиб, ИИВ Бирлашган таҳририяти билан 100 тн. газета қоғози сотиб олишга шартнома тузишни таклиф қилди. Мен қоғознинг ҳар килограмми 890 сўм эканлигини айтиб рози бўлсанглар пул ўтказинглар деб 100 тн. газета қоғозига бир томонлама тўлдирилган шартнома бериб юбордим. Шу тариқа улар томонидан 30.03.2005 йил куни фирмам ҳисоб рақамига 89 млн. сўм ўтказиб беришди. Тушган пулдан 35 млн. сўмини М.Хушвактовнинг илтимосига биноан “Бов ко ЛТД” корхонасига қоп учун ўтказиб бердим. Шартнома муддати тугагунга қадар ушбу пулларни М.Хушвактов менинг ҳисоб ракамимга фақат 27 млн. сўм ўтказиб берди. Лекин 8 млн. сўмни ҳалигача ўтказиб бергани йўқ. Мен 2005 йилнинг ноябр ойи ўртасигача таҳририятга жами 100 тн. 253 кг. қоғоз етказиб берганман. (жиноят иши материаллари 14-том, 62- бет) Бундан кўриниб турибдики, мен ҳеч қанақа ўзганинг мулкини талон тарож қилмаганман.

М.Хушвактов менга 100 тн. қоғоз етказиб берганлиги тўғрисида ҳеч қанақанги қалбаки накладной тақдим қилмаган. Бу эпизод бўйича қўйилган айблар ҳаммаси нотўғри, терговчининг тазйиқи асосида ўйлаб топилган бўлиб, мени бундай кўрсатмаларга имзо чекишга терговчи мажбур қилди. Аслида, 1, 2-эпизодлар тергов ҳаракатларининг 2-ойида Ш.Муродовга қарши қизғин компания бошланиб кетди. Терговчи менга шарт қўйдики, яъни А.Шариповнинг алоқалари кучлилигини ва келтирилган зарарни ҳамда 71 минг доллар қарзимни қайтариб бермаслигини, Ш.Муродовнинг орқасида эса ҳеч кими йўқлигини ва 300 млн. сўмлик зарарни Ш.Муродовнинг бўйнига қўйишини, у бу зарарни уйини сотиб қутилиб кетишини, мен фақат солиқлар бўйича жавобгар бўлишимни таъкидлади ва ҳамма кўрсатмаларни Ш.Муродовга қарши берсам фирмамнинг тўланмаган солиқларини минимал суммага камайтириб беришини айтди” (Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмаси: 1-бет, 21-42 қаторлар).

Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасидан яна бир жумла келтирамиз. Бу ақл-идрокини таниган, ўзини эркакман деб юрган Ўзбекистон Республикаси Бош пракуратурасидаги М.Эрматовга ўхшаганлар учун сабоқ бўлади. “… шартномаларни менга Ш.Муродов бермаган, у билан ҳеч қачон жиноий тил бириктирмаганман менинг тергов давомида берган кўрсатмаларимни терговчи Т Нормухамедов 5-6 маротаба ўзгартирди. Айникса, А.Шарипов қочиб кетгандан кейин унга нисбатан берилган кўрсатмалар ҳаммаси Ш.Муродовга қарши қилиб ўзгартирилди”. (Судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмаси: 3-бет, 49-52 қаторлар).

Мана сизга асл ҳақиқат. Протест келтиришга шунча асослар туриб, М.Эрматовнинг уялмай-нетмай “Суд қарорларига протест келтириш учун асослар топилмади” деб жавоб ёзганини қаранг. Халқимиз ичида “Ўйнаб ёзсанг ҳам ўйлаб ёз” деган нақл бекорга айтилмаган. Ахир у аммасига ўйнаб хат ёзаётгани йўқ-ку! М.Эрматовга ўхшаган кимсалар бундан керакли хулоса чиқариб олсалар яхши бўларди.

М.Эрматов жанобларининг турмуш ўртоғимга берган жавоб хатининг уй масаласи қисмида ҳам “келишишга” ҳаракат қилинган. Энди судланувчи М.Хушвақтовнинг судда берган кўрсатмасидан жумла келтирамиз. Қани, М.Эрматовнинг жавоб хатидаги “исботи” ҳақиқатга тўғри келармикан! “…Мен Ш.Муродовга ҳайдовчи бўлиб ишлаганлигим, ҳар ойига 200 минг сўм пул тўлаганлиги, уйига қурилиш материалларини олиб борганлигим нотўғри. Менга терговчи шундай ёзсанг, чиқиб кетасан, деб ваъда берган эди”. (Судланувчи М.Хушвақтовнинг судда берган кўрсатмаси: 2-бет, 19-23 қаторлар).

Наҳотки, Республика Бош прокуратурасининг бошқарма бошлиғи М.Эрматов судланувчи ва гувоҳларнинг терговчининг тазйиқи остида берган кўрсатмалари эмас, балки уларнинг судда берган охирги кўрсатмалари эътиборга олинишини, М.Хушвақтовнинг Ш.Муродовнинг уйига қурилиш материалларини ва усталарни олиб борганлиги, унга ҳайдовчилик қилиб, ҳар ойда 200 минг сўм олиб турганлиги ашёвий далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан исботланиши зарурлигини билмаса. Агар М.Хушвақтов уй қурилишига усталарни олиб борган бўлса, нега терговчи уларни дастлабки терговга, судья жаноблари эса судга гувоҳ сифатида чақиртирмади?

М.Эрматов жиноят иши материаллари билан мунтаззам танишиб чиқиб, ундан кейин жавоб хати тайёрлаган бўлса, нега масаланинг бу томонларига эътиборни қаратмади. Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 485-моддасининг 2-бандида: “Кўрсатувлари ишни ҳал қилишга таъсир этиши мумкин бўлган шахслар сўроқ қилинмаган, зарур бўлишига қарамай экспертиза ўтказилмаган, шунингдек ҳужжатлар, ашёвий далиллар талаб қилиб олинмаган ёки натижалари иш учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган бошқа тергов ҳаракатлари ўтказилмаган бўлса, терговнинг тўлиқ эмаслиги ва бир ёқламалиги эътироф этилади” деб оқ-қора қилиб ёзиб қўйибди. Нима улар юридик дипломни сотиб олишганми, Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 485-моддасини ўқимаса, унга бўйсинмаса?!

Пул деса, ўзини ҳам сотадиган М.Эрматов А.Эрназаровнинг даслабки терговда берган кўрсатмаларини (Айблов хулосаси: 17-бет, 58-70 қаторлар), судланувчи С.Дунгбаевнинг судда берган кўрсатмасининг 1-бети, 21-29 қаторларини диққат билан ўқиб чиқиб, мағзини чаққанда кўп нарсаларга аниқлик киритган бўларди. Афсуски, у адолатни қарор топтириш ўрнига мансаб ваколатини суъиистеъмол қилиб, терговчи Т.Нормухамедов ва судья Ж.Сайдалиевлар билан жиноий тил бириктириб, А.Шарипов, А.Эрназаров ва А.Музаффархоновларнинг жиноятини қасддан яширишни маъқул кўрди.

Ёзаман десанг, суд қарорига протест келтириш учун асослар тиқилиб ётибди. Биргина судья Ж.Сайдалиев томонидан прокурор сифатида суд мажлисида қатнашаётган Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси О.Эшбаковнинг суд мажлисига бир марта эмас, бир неча марта келмай қолган тақдирда ҳам суд мажлисининг давом эттирилишининг ўзи Ўзбекистон Республикасининг ЖПКнинг 412-моддасини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Демак, ЖПКнинг биргина моддаси бузилдими, бу суд қарорига протест келтиришга асос бўлади.

Таҳририятда жиноят 2005 йил ноябрь ойидан 2006 йил июнь ойлари ичида содир этилган бўлса, мен бу пайтда ҳеч қаерда ишламаган, бирон бир мансабни эгаллаб турмаган бўлсам, қандай қилиб, Сергели тумани 14 “Б” маҳалладаги 313, 338-хонадон мен томонимдан жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига қурилган бўлади? Бу қайси ашёвий далиллар, ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаси асосида исботланди? Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокимияти томонидан 2007 йил 14 майда берилган 35 ПЖИ сонли маълумотномада уй 15.03.2005 йилги 162 «у» сонли буюртмага асосан Сергели тумани Турар жой бинолари ва кадастр хизмати томонидан 18.03.2005 йилда уй жой режаси тузилиб, 2002-2003 йил оралиғида қуриб битказилган иморат иншоотлар фойдаланишга қабул қилинган ва рўйхатга олинганлиги исботланиб турибди. Кўзи кўр, ақли расо М.Эрматовга ўхшаган «амалдорлар» ушбу маълумотноманинг фахмига етмаса! Қачондан буён Ўзбекистонда давлат ташкилотининг рамий ҳужжати прокуратура ва суд органлари томонидан ҳисобга олинмайдиган бўлиб қолди?

Бундан олдинги мақоламизда терговчи Т.Нормухамедов А.Эрназаровни дастлабки терговга гувоҳ сифатида чақиртириб, А.Эрназаровни жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисида “юқори”дан топшириқ олганлигини, лекин барча жавобгарлик унинг бўйнига тушишини, шунинг учун А.Эрназаров унга 100 минг доллар бериши кераклигини айтиб ўтган эдик. Бугунги мақоламизда келтирилган ашёвий далиллар, исботлар нафақат терговчи Т.Нормухамедовнинг, балки Бош прокуратуранинг масъул раҳбари М.Эрматовнинг ҳам оғзи “қон” эканлигини кўрсатиб турибди. Бўлмаса, била туриб, асл жиноятчиларни ҳимоя қилмаган, терговчи билан жиноий тил бириктирмаган, шикоятни ўрганиб чиқаётганда виждон амрига қулоқ тутган, арзимаган пул учун бундай шармандаликка қўл урмаган бўларди.

Кейинги мақоламизда М.Эрматовга ўхшаган қулларга буйруқ берган амалдорлар ва уларнинг жиноий ҳатти-ҳаракатлари ҳақидаги ашёвий далиллар, расмий ҳужжатлар ва буйруқлар билан асосланган маълумотлар билан танишасиз.

(давоми бор)
Шуҳрат Муродов.

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s