adolat3.Судланувчи Саидов Дилмуроднинг жабрланувчи Аслиддин Ўринбоев иддаоларига муносабати

Мен, Д.Э.Саидов, жабрланувчи тариқасида сўралган А.Ш.Ўринбоевнинг ўзимга нисбатан 17.02.09й. Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармасига ёзган аризасини ҳам, тергов ҳаракатларидаги кўрсатмаларини ҳам, суд муҳокамасида берган кўрсатувини ҳам асоссиз, ғараз мақсад, паст ниятда ва ҲМҚОни чалғитишлик учун олдиндан тайёрланган уйдирма, деб ҳисоблайман. Ва бу уйдирма менга нисбатан айнан прокуратура ва Департаментдаги айрим шахслар билан келишилган ҳолатда уюштирилганига шубҳам йўқ.

Чунончи:
I. А.Ўринбоевнинг 17.02.09 йил ёзган асоссиз аризаси бўйича:
а) “Тошкент шаҳрида Дилмурод Саид исмли “ёзувчи” бўлиб, М.Ёқубов, А.Пўлатов, Т.Эргашевлар билан биргаликда Жомбой туманида одамларни устидан туҳмат гапларни ёзиб, уларни қўрқитиб, пулини олиш билан шуғулланувчи гуруҳ ташкил қилган”, – деб кўрсатади А.Ш.Ўринбоев ўз аризасида. Бироқ кимдан, қачон ва қанча пул олганим хусусида аниқ исбот, далил келтира олмайди. Аризадаги бу асоссиз иддаога на терговолди, на тергов ҳаракатлари даврида исбот топилмаган. Суд муҳокомасида айнан шу жиҳат юзасидан адвокатим Р.Комилов ва мен томонимиздан берилган аниқ саволлар жабрланувчи А.Ш.Ўринбоев тарафидан жавобсиз қолдирилди.
б) “Ҳозирги кунда М.Ёқубов, А.Пўлатов ва Т.Эргашевлар бир гуруҳ бўлиб, Дилмурод Саид бошчилигида турли ташкилотларга менга нисбатан ариза ёзиш, мени қаматиб юбориш ва мени обрўсизлантириш билан қўрқитиб, фуқаро Марғуба Жўраева орқали мендан 15 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти талаб қилмоқдалар”,- деб кўрсатган 17.02.09йилда ёзган аризасида жабрланувчи А.Ўринбоев.
Энди шу ўринда мен билан А.Ўринбоев ўртасида шу йил 16 март куни ўтказилган юзлаштириш ҳаракатида берган кўрсатувини келтирсам:
“А.Ш.Ўринбоевни Д.Саидов саволига жавоби :
-2008 йил 6 ноябрдан кейин то 2009 йил 18 феврал кунига қадар мен Д.Саидов билан учрашиб, у билан пул ҳақида гаплпшган эмасман. Д.Саидов томонидан мени фақат 2008 йил 6 ноябр куни дўқ-пўписа қилинган бўлиб, ундан кейин менинг устимдан ариза ёзганлигини инобатга олиб ва М.Жўраеванинг менга Д.Саидовга пулни олиб бериш ҳақидаги гапини инобатга олиб, ариза билан мурожаат қилганман”
Аризадаги таъкид билан А.Ш.Ўринбоев кўрсатувидаги важ бир-бирини инкор этади. Худди пойма-пой кийилган калишга ўхшайди. Негаки, А.Ш.Ўринбоев мен билан 2008 йил 6 ноябр куни ММТПга қарашли техник воситаларни саноқдан ўтказиш вақтида учрашганлигини, бундан кейин фақат 2009 йил 18 феврал куни кўришганлигини тўлиқ тасдиқлаяпти. Бироқ ариза 17 феврал куни менга нисбатан тўғридан-тўғри, лекин асоссиз айблов кўрсатилиб ёзилганлиги сабабини тушунтириб бера олмаяпти. Билишимча, А.Ўринбоевнинг 17 феврал куни ёзган аризаси матни кимдир томонидан диктовка қилиб турилган. Ва бу диктовкачи мен билан А.Ўринбоевнинг қачон кўришган ё кўришмаганлигимиздан мутлақо бехабар бўлган, ҳатто бу ҳақда суриштириб ҳам кўрмаган.
Шу ўринда жабрланувчи А.Ўринбоевнинг 25 июн куни суд муҳокамасида қуйидаги икки кўрсатувини келтириш зарур:
1. Адвокат А.Яҳяев саволига А.Ўринбоевнинг жавоби:
-Мен Марғубага “Сен ҳаммасини ёп, дедим, хизматингизни қиламан дедим”
2) “Судланучи Д.Саидовнинг саволи:
-Д.Саидовга, яъни менга Марғуба Жўраева орқали пул бериб, шикоятларни тўхтаттириш таклифи кимдан чиққанди?
А.Ш.Ўринбоев жавоби:
-Бу таклиф мендан чиққан”
Юқоридаги икки конкрет мисол, яъни жабрланувчи А.Ўринбоевнинг кўрсатувлари унинг ўзи томонидан 17.02.09 йил Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасига ёзилган ариза ғараз мақсад ва паст ниятда берилганлигини тўлиқ исботлаб турибди.
Энди А.Ш.Ўринбоевнинг “2008 йил 6 ноябр куни Д.Саидов менга дўқ-пўписа қилди”,-деган иддаосига тўхталсак. 2008 йил 6 ноябр куни ММТП бош инженери, гувоҳ И.Маҳмудов саноқ охиригача биз билан бирга эди. Мен кетганимда ҳам И.Махмудов билан қолган. Гувоҳ И.Маҳмудовнинг 16март куни мен билан юзлаштиришда берган кўрсатувини келтираман:
“И.Маҳмудовнинг Д.Саидовни саволига жавоби:
-2008 йил 6 ноябр куни ММТПда бўлиб ўтган саноқ вақтида сиз фақат асосий техник воситалар китоби, аризада кўрсатилган гўнгни ҳужжатини сўрадингиз, ушбу ҳужжатларни сўраганингиздан сўнг А.Ўринбоевнинг жаҳли чиқиб кетди, … тортишиб қолдингиз, лекин ҳеч қандай ҳақоратли сўз бўлган эмас ”.
Мен ҳеч маҳал А.Ш.Ўринбоевга дўқ-пўписа қилган эмасман, унинг “кекирдагингни суғуриб оламан деди Д.Саидов”,- деган гаплари бозорчи хотиннинг айюҳанносига ўхшаш ёлғон иддао, холос. А.Ўринбоевнинг менга нисбатан ўз аризасида: “… турли ташкилотларга ариза ёзиш … билан қўрқитиб, фуқаро Марғуба Жўраева орқали… 15000 АҚШ доллари… талаб қилмоқдалар”, деган таъкидига келсак.
Аввалига мен томонимдан аризалар 2008 йил 3 сентябрдан бошлаб, 2009 йил 17 февралгача ҳам ёзилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бор ва улардан нусхалар 23 феврал куни 33 варақда Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси, суриштурув бўлими бошлиғи И.Шеровга, Самарқанд вилоят прокуратурасига адвокатим Р.Комилов томонидан тақдим этилган.
Қолаверса, фуқаро Марғуба Жўраева орқали менга пул бериб, шикоятларни тўхтатиш таклифи А.Ўринбоевнинг ўзидан чиққанлигини, менинг эса, пул ҳақида умуман гапирмаганлигимни 25 июн куни суд муҳокамасида жабрланувчи А.Ўринбоев ўз оғзи билан тасдиқлаб кўрсатма берганлиги юқорида эслатилди.
Юқоридаги жиҳатларнинг ўзиёқ А.Ўринбоевнинг 17.02.09 йилда Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасига ёзган аризаси нафақат асоссиз, балки ғараз мақсад ва паст ниятда берилганлигини тасдиқлайди. Шунга кўра, А.Ўринбоевнинг бу ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилишини шарт, деб ҳисоблайман.
Энди А.Ўринбоевнинг фуқаро М.Жўраева орқали учрашувга чақириб, 18 феврал куни “Юлдуз рестарани”да бўлган учрашув тафсилотига келсак. Ким билан қаерда, қандай масалада бўлмасин кўришиш менинг шахсий ишим ва бу Конституция (Асосий Қонун)да шахс эркинлиги сифатида белгилаб қўйилган.
А.Ўринбоевнинг М.Жўраева орқали қилган таклифига кўра, мен А.Пўлатов иштирокида А.Ўринбоев, унинг тарафдори И.Маҳмудов ва таклифни етказувчиси М.Жўраева билан 2009 йил 18 феврал куни Самарқанддаги “Юлдуз рестарани”да учрашдим. Кичкина тушлик қилдик. Тушлик пули А.Пўлатов ва М.Жўраева томонидан тўланди. Шундан сўнг, И.Маҳмудов менга қараб: “Дилмурод ака, тушунасиз, дехқончилик, иш кўп, шунга мақсадга ўтсак”,-деди. Мен: “Биз меҳмон, бундан ташқари, мақсад сизларда, негаки, учрашиш таклифи сизлардан бўлди”,-дедим.
А.Ўринбоев 2008 йил 6 ноябр куни қилган қўполлиги учун узр сўради, асаблари чарчаганлигини, айниқса, шикоятлар туфайли ҳали прокуратурага, ҳали терговчига қатнаш жонига текканини гапирди. Мен А.Ўринбоевга узр сўраш шарт эмас, хизматчиликда баъзан шунақаси ҳам бўлади, дедим. А.Ўринбоев шикоятларга барҳам бериш, шикоятбозликни тўхтатиш учун нима қилишни сўради. Мен ўзимга ишончнома берган фермерлар талабини айтдим, яъни фермерлар А.Ўринбоев ўз вазифасидан кетсин, деган талабни қўйганликларини айтдим. Сиз ишдан кетмасангиз, шикоятлар тўхтамас экан, мен бор-йўғи ишончли вакилман, фермерлар истаган вақтда менинг хизматимдан воз кечишлари мумкин, дедим. Шунда А.Ўринбоев “Агар ишдан кетса, ҳозирда текширилаётган шикоятлар масаласи нима бўлиши” ҳақида сўради. Агар ишдан кетса, бугунгача ёзилган шикоятларни текширишдан кўра, тинчитиб юборишга туман прокуратураси ҳам, терговчи О.Тоҳиров ҳам тарафдор бўлиб турибди-ку, деб айтдим. Фикрларимнинг исботи учун терговчи О.Тоҳиров томонидан 2008 йил 4декабрда чиқарилган “Жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида”ги қарорни эслатдим. Бу қарор мен томонимдан шикоят берилгач, бекор қилинганди.
А.Ўринбоев “Барча камчиликларни бартараф этиб, ишлайверсам бўлмайдими?”- деб сўради. Мен унга бор-йўғи ишончли вакил эканлигимни яна қайтардим. Бунинг учун фермерлар билан маслаҳатлашиб, икки соат ичида жавоб қилишим мумкинлигини айтдим. Бироқ бу масалада фермер Анорбой Пўлатовнинг ҳам фикрини билинг, дедим. А.Ўринбоев Анорбой акага қараб: “Нима дейсиз, Анорбой ака, мен ишлайинми?” деб сўради. А.Пўлатов: “Ишласангиз ҳам ёзаман, раис бува, ишдан кетсангиз ҳам ёзаман, аризабозликни сиз бошладингиз, энди охиригача ёзаман”-деди. Шу билан суҳбат тугади, дастурхонга фотиҳа қилдик. Пастга тушгач, А.Ўринбоевга: “Аслиддин ака, ҳурмат қилиб, чақиртирибсиз, мен келдим. Бундан хафагарчилик йўқми?”-жеб сўрадим. А.Ўринбоев: “Дилмурод ака, сиз бошқа ернинг одами, сиздан нега хафа бўлай”, -деди. Эски қадрдонлардек хайрлашдик. Бу орада Марғуба ҳам А.Ўринбоев ва И.Маҳмудов билан хайрлашиб келиб, бизнинг машинага минди.
“Юлдуз” ресторанида 18.02.09 да бўлган учрашувнинг қисқача тафсилоти шу! Бу учрашувгача ҳам, учрашув вақтида ҳам, ундан кейин ҳам мен билан Аслиддин Ўринбоев ўртасида пул, олди-берди, бирор бошқа моддий манфаат тўғрисида гап ҳам, сўз ҳам, ҳатто ишоравий мулоҳаза ҳам бўлмаган. Буни жабрланувчи А.Ўринбоевнинг ўзи ҳам терговдаги юзлаштиришда, суддаги кўрсатмасида тасдиқлади. Бундан ташқари, ҳужжатли исботларим ҳам бор. Масалан: 16 феврал куни Жомбой туман прокурори Э.Рўзиев номига топширган ва терговчи О.Тоҳировни нохолис ҳисоблаб, рад этиш тўғрисидаги аризам.
Шу ўринда А.Ўринбоевнинг “М.Жўраева томондан сўралган маблағнинг икки ҳиссаси прокурор ва терговчига берилар экан”, деб келтирган важи ҳам “пул тақсимоти” ҳақидаги уйдирмасини тўлдириш учун келтирилган мантиқсиз иддао, деб ҳисоблайман. Чунки шикоятлар фақат прокурор ёки терговчининг рўйхатидан ўтган эмас, балки Давлат Солиқ Қўмитаси назоратида ҳам бўлган.
А.Ўринбоев томонидан 17 феврал куни менга нисбатан Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасига ёзилган аризани ғараз мақсад ва паст ниятда берилган, деб ҳисоблашимни юқорида ҳам эслатиб ўтдим. Бундай дейишга бевосита ва билвосита асосларга тўлиқ эгаман.
Чунончи:
А) Ариза жабрланувчи А.Ўринбоев томонидан ҳали мен билан учрашмасидан бир кун олдин ёзилган;
Б) Аризада А.Ўринбоев томонидан келтирилган важларнинг менга тегишли жиҳати тўлиғича туҳматдан иборат бўлиб, на бирор далил, на бирор гувоҳ ёрдамида асослантирилмаган.
В) А.Ўринбоев аризасида келтирган асоссиз важлар на терговолди, на тергов, на суд муҳокамасида мутлақо ўз тасдиғини топгани йўқ. Аксинча, тергов ҳаракатлари даврида 16 март куни мен билан юзлаштириш вақтида аризадаги важлар ҳатто аризачи А.Ўринбоевнинг ўзи томонидан ҳам инкор қилинди. Бу ҳақда мен юқорида А.Ўринбоев жавобидан кўчирма ҳам келтирганман. Қуйидаги кўчирма ҳам А.Ўринбоев кўрсатувидан олинди:
“-Мен Д.Саидов, А.Пўлатовларни кузатганимдан сўнг М.Жўраевага: “Д.Саидов пул ҳақида гапирмади-ку!”-деб айтганимда, Марғуба: “Д.Саидов Анор акаларни олдида ҳеч нарса деб гапирмайди”, деб айтди”. (А.Ўринбоевнинг 2009 йил 16 март куни Д.Саидов билан юзлаштириш баённомасидаги кўрсатувидан!)
Шу кўчирманинг ўзиёқ А.Ўринбоев менга нисбатан сохта айблов уюштирилишида ижрочилик ролини бажарганлигини кўрсатади. Чунки у ўз аризасида “Д.Саидов ва А.Пўлатов ўзаро келишиб, пул талаб қилаётганлиги”ни кўрсатган;
Г) А.Ўринбоев терговда ҳам, суд муҳокамасида ҳам: “Марғуба Жўраева томонидан Д.Саидовга беришлик учун деб талаб қилинган 13 минг долларни Д.Саидовнинг ўз оғзидан эшитиш учун” “Юлдуз ресторани”да мен билан учрашганлигини кўрсатган. Бу кўрсатма гувоҳ И.Маҳмудов томонидан ҳам тасдиқланган. Эътибор қилинг:
“У (яъни М.Жўраева) …13 минг АҚШ доллари берсаларинг бўлади, деди. Аслиддин ака унга (яъни М.Жўраевага!) “Сени гапингга ишонмадим, отангни ҳамтовоқларини чақир, бир жойда учрашиб, келишайлик”, деди.” (Гувоҳ И.Маҳмудовнинг 2009 йил 22 феврал куни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш баённомасидан);
Айнан шундай кўрсатув жабрланувчи А.Ўринбоев томонидан ҳам берилган. Энди савол туғилади: “Пул ҳақида Д.Саидовнинг ўзи билан келишмагунича М.Жўраевага ишонмас экан, Д.Саидов билан келишмай туриб, нима учун 22 февралда М.Жўраевага 10 минг АҚШ долларини берган?” Бу саволнинг жавоби битта: “Чунки 17.02.09 йилда туҳматдан иборат ариза билан мурожаат қилиб қўйган ва ғараз мақсадини амалга ошириш учун ҳам М.Жўраевага 10 000 АҚШ долларини тиқиштирган!” Тушунишимча, ё Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидан, ё вилоят прокуратурасидан КИМДИР А.Ўринбоевни шундай йўл тутишга ундаган. “Нима бўлса ҳам аризада номи кўрсатилганлардан ҳеч бўлмаса, биттасини ушлаб бер, қолганини биз ҳал қиламиз!” деган кафолат бўлган. Негаки, А.Ўринбоев 17.02.09й.да ёзган ариза ўз мазмун-моҳиятига кўра Республика Бош Прокуратураси ва МХХда ҳам қайд этиб бўлинганлиги ҳам аниқ! Бундай ҳолат учун вилоятдаги масъуллар Республика миқёсидаги раҳбарият олдида жавоб беришлари шарт. Ариза тасдиқланмаса, вилоят миқёсидаги учта катта идора (Прокуратура, МХХ, Департамент)ни чалғитмоқчи бўлганлиги учун аризачи камида иккита модда билан жиноий жавобгарликка тортилиши керак!
А.Ўринбоевнинг менга ва бошқа судланувчиларга нисбатан ғараз мақсадда бўлганлигини яна қуйидаги жиҳатларда кўриш мумкин:
1. Мени, А.Пўлатовни ва М.Жўраевани ёлғон мулозамат йўли билан 18 феврал куни учрашишга таклиф қилиб, учрашув олдидан махсус идорадан ДИКТОФОН олган. Учрашув давомидаги суҳбатни тўлиқ аудиоёзув қилган. Яна Диктофонни ИККИ КУН кўтариб юриб, А.Пўлатов ва Т.Эргашевнинг “оғзини пойлаган”. Ғараз мақсади амалга ошмагач, диктофонни “эгаси”га топширган. Мен айнан ўша аудиоёзувни топишни шарт, деб ҳисоблайман. Аудиоёзув ва унинг матни “Иш” жилдига қўшилмаганлигини эса, мазкур “Жиноят иши”ни олиб борган тергов гуруҳининг манфаатларига зид келганлигида, деб биламан.
2. Диктофон олинган ва топширилганлиги ҳолатини ҳужжатлаштириш учун “Юлдуз” ресторанида 18.02.09й. бўлган учрашувдаги суҳбат матни ўрнига куни, вақти номаълум телефон сўзлашуви матни расмийлаштирилган. Бироқ телефон сўзлашувини ёзиш олиш учун махсус идорадан мослама берилган эмас. Буни А.Ўринбоев суд муҳокамасида тасдиқлади. Телефон сўзлашуви матнида бир эркак ва аёлнинг узуқ-юлуқ суҳбати келтирилган бўлиб, гап асосан қандайдир ДИЛБАР ОПА билан учрашганлик, ўша опани ҳам якшанба куни бўладиган учрашувга олиб келиш ё келмаслик, ўша опага нимадир “анави нарса”ни бериш, ўша опа “анави нарса”ни олгач, яна ниманидир “бўйнига конкрет олиши” ҳақида бўлган. Суд муҳокамасида А.Ўринбоев “Дилбар опа” кимлигини мутлақо танимаслигини, билмаслигини кўрсатса-да, лекин айнан “Дилбар опа”га нимадир бериш, у билан опа-ука киришиш ҳақида бўлган суҳбат матнини инкор ҳам этмади.
3. Тергов гуруҳига хос манфаатдорлик менинг ҳибс этилган вақтимдан бошлаб янада кучайган ва очиқ тус олган. Чунончи:
А) Мен 22 феврал куни Тошкент шаҳрида ўз уйим олдида, беш ёшли қизчамнинг кўз ўнгида ғайриинсоний ҳаракатлар қўлланилиб, қўлга олиндим;
Б) 24 феврал куни М.Жўраева билан юзлаштирилишим олдидан Тошкент шаҳрида беш ёшли қизчамнинг боғчасига опергруппа вакиллари борганлигини айтишди. Бу билан менга нисбатан очиқчасига руҳий қийноқ қўлланилиб, оиламга таҳдид қилинди;
В) Менга қўйилаётган айбловни тўлиқ рад этувчи ҳужжатлардан нусхалар 23 феврал куни адвокатим Р.Комилов томонидан суриштирувчи И.Шеровга, вилоят прокуратурасига тақдим этилган бўлса-да, атайлаб “Иш” жилдига қўшилмади, адвокат Р.Комилов иштирокисиз 25 феврал куни менга нисбатан “Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида” санкция қўлланилди;
Г) Санкция бўйича киритган шикоятимиз бизнинг иштирокимизсиз, мутлақо нотаниш адвокат қатнашувида қаноатлантирилмади.
Ушбу ҳолатларнинг ўзиёқ терговолди ҳаракатлари бошланишидан менга нисбатан ҳам руҳий, ҳам маънавий қийноқлар қўлланганлигига аниқ далил бўла олади. Шу ўринда нафақат суд жараёни иштирокчиларини, балки судлов ҳайъатини ҳам: “А.Ўринбоев нима сабабдан бунчалар ғараз мақсадга бориб етди?” деган савол қизиқтираётган бўлиши керак. Сабаблари оддий: “Ўз шахсий манфаатини қонундан юқори ҳисоблаш!” Айнан шу оддий сабабнинг прокуратура, Департаментдаги айрим масъуллар билан боғлиқлик жиҳати мавжудлигига ишончим комил. Ва бунинг исботи сифатида Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасида сунъий туғдирилиб, вилоят прокуратурасида улғайтирилган уйдирма “Жиноят иши” жилдини келтираман. Истаган ҳуқуқшунос билан мазкур “Жиноят иши” қонун устуворлиги асосида эмас, манфаат ва ваколат босими остида тайёрланганлиги бўйича баҳслашиб, фикримни ҳуқуқий далиллай оламан. Бизни бунчалар юзаки, сохта айблов билан шошилинч ҳибсга олишга мажбур бўлганлар. Чунки биз томонимиздан шикоятланаётган ҳолатларни узоқ вақт ёпиб ўтириш имконияти йўқлигини техник воситаларни талон-тарож қилган, боғлар даромадлари ўзлаштирилишига; ғайриқонуний тарқатилган, гектарлар ҳисобидан чиқарилмай сотиб юборилган ёки эгаллаб олинган ер бўлакларидан топилган маблағларни легаллаштирган шахслар ўзига яраша куч, мавқе ва маблағга эга кишилар эканликларини алоҳида эслатиш шарт эмас. Аслиддин Ўринбоев, Хурсаной Ўринбоева, Сайдулло Боймуродовга ўхшашлар эса, бундай ўйинларда оддий ижрочи, лекин “калаванинг учи” ҳам шулардан бошланади. Ва “калаванинг учи” қонун бармоғига илиниб қолмаслиги учун “чарх айлантирувчи”лар ҳар қандай тубанликдан қайтишмайди. Кетма-кет ёзилиб, тегишли ташкилотларга жўнатилган шикоятлар юзасидан текширувлар кучайди. Айниқса, ММТПда координация текшируви талаб қилиниши, ғайриқонуний ер тақсимоти бўйича ҳужжатлардан кўчирмалар, фотолавҳаларга эга бўлишимиз А.Ўринбоевни шошириб қўйди. ММТПда саноқ ўтказилган кун – 2008 йил 6 ноябрда туман ДСИ вакили иштироки атайлаб таъминланмади. 19 ноябр куни қонунга зид ҳолатда, лекин терговчи О.Тоҳиров ташаббуси билан такроран саноқ ўтказилган. Ва шу саноқ “Далолатнома”си ҳақиқий деб топилиб, 2008 йил 4 декабр куни “Жиноят иши” қўзғатиш рад этилган. Бироқ бу ҳам қонунга зид эди. Чунки 19 ноябр куни ўтказилган саноқда 7102617 сўмлик 5та техника воситаси камомади аниқланган. Терговчи камомадни хўжалик низоси ҳисоблаб юборган. Бунга нисбатан мен томонимдан шикоят киритилгач, терговчининг 4 декабр 2008 йил қарори бекор қилинган. Бу орада ММТП бўйича 2009 йил июн ойига тайинланган комплекс текширув менинг талабим билан 2009 йил МАРТ ойига кўчирилганлиги ҳақида Самарқанд вилоят ДСБдан 17 феврал куни менинг номимга жавоб йўлланган. Шу баробарида вилоят ер ресурслари ва кадастри Жомбой туман “Ҳалвойи ҚФЙ” қарори билан ноқонуний ер бўлаклари тарқатилганлиги бўйича текширув ўтказиб, тўпланган материалларни Жомбой туман прокуратурасига топширганлиги хабари олинди. “Ҳалвойи ҚФЙ” биноси бир қисми ва бино ёнидан савдо дўкони учун ажратилган жой ҳам ноқонунийлиги аниқланди.
Бундан ташқари, 2009 йил бошида ММТП балансида бўлган “Тўлқин Шодиёров ф/х”даги 300 туп иморатбоп теракларнинг кесиб ўзлаштирилганлигига; “Нарзиқул Рустамов ф/х” ҳисобидаги гектарлардан опа-ука Ўринбоевлар эгаллаб, иморат учун пойдевор қуйдирган ер бўлакларига; “Чалақўрғон карвони ф/х” ҳисобидаги гектарлардан ноқонуний тарқатилган ер бўлакларига; собиқ “Бобобек Холмуродов ф/х”дан, “Зайниддин Носиров ф/х”даги боғлар бузилиб, ноқонуний тарқатилган ер бўлакларига; собиқ “Қосим ота ф/х”дан кесиб сотиб юборилган икки гектар тутзор масаласига ойдинлик киритилиши учун туман прокурори Э.Рўзиев, ҳоким вазифасини бажарувчи Ф.Мажидов, ер ресурслари ва кадастр раҳбари, туман ИИБ бошлиғи жойма-жой олиб борилиб, А.Пўлатов томонидан кўрсатилган. Далилий фотолавҳалар, тегишли ҳужжатлардан нусхалар биз томонимиздан тақдим этилган. Бу воқеа 2009 йил феврал ойи биринчи ўн кунлиги охирида бўлганди. Орадан икки ҳафта ўтмай А.Пўлатов ҳам, мен ҳам сохта айблов билан ҳибс этилдик. Биз ҳибс этилгач, шикоятларни ўрганиш ўз-ўзидан тўхтаб қолди. О.Тоҳиров эса “Жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида” такроран қарор чиқарди.
Менинг талабим асосида МАРТ ойига кўчирилган комплекс текширув эса ўта юзаки ўтказилди. ММТП пул айланмалари текширилмади, 68 гектар боғлар даромади масаласи ўрганилмади. Олти миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари рўйхати ҳам, накладнойлари ҳам текширувда аниқ кўрсатилмади. Изсиз йўқотилган 400 тонна маҳаллий ўғит (пори) масаласида ҳам текширув ўтказилмаган. Шу кунгача А.Ўринбоев 400 тонна ўғит хусусида тайинли гап ҳам айтмай келарди. 25 июн куни суд муҳокамасида А.Ўринбоев: “400 тонна ўғит собиқ вилоят ҳокими вазифасини бажарувчининг шахсий назорати остида А.Ўринбоевнинг туғишган акаси Нуриддин Ўринбоевга қарашли “Тош кесиш ва майдалаш корхонаси” техник воситалари ёрдамида гўёки чиқинди ўрнида ташиб, йўқотилганлиги”ни кўрсатди. Бироқ буни тасдиқловчи бирор ҳужжат тақдим этгани йўқ. Юқоридаги ҳолатларнинг ўзиёқ бизнинг сохта айбловлар қўйилиб, уйдирма жиноят иши билан ҳибс этилишимиз ғараз мақсад ва паст ниятда амалга оширилганлигини тўлиқ тасдиқлайди.
Хулоса қилиб айтганда, 2009 йил 22 феврал куни менга нисбатан қўзғатилган ва ҳозирда судда кўрилаётган “Жиноят иши” жилдларини нафақат менинг руҳиятимга, фаолиятимга, балки мамлакатда Қонун устуворлиги тамойилига, Ўзбекистоннинг Халқаро Ҳамжамиятда тутган ҳуқуқий йўналишидаги эътиборига ҳам салбий таъсир кўрсатадиган воқеалардан бири, деб ҳисоблайман. Мен ўзимни мамлакатдаги қонунларни ҳурматлаганим, қонун устуворлигига интилганлигим, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бугунги Давлатчилик принципини амалий қўллаб-қувватлаганим учун ҳибс этилиб, суд қилинаяпман, деб ҳисоблайман.
Сохта айблов уюштирилиб, уйдирма жиноят асосида аввал ҳам судланганман, ҳозир ҳам худди шундай! Токи А.Ўринбоев, С.Боймуродов, В.Хўжақуловга ўхшаш ғараз ниятли кимсалар, И.Шеров, С.Мажидов каби нохолис ҳуқуқшунослар бу жамиятда бор экан, сохта ва уйдирма жиноят ишлари ҳамиша тайёрланаверишига, мен ва менга ўхшаш АЙБСИЗ АЙБДОРлар ҳибс этилаверишига заррача шубҳа қилмайман.

Дилмурод САЙЙИД (САИДОВ).

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s