Ҳақ изладим, ҳақ топмадим, ҳақдан ҳақнинг ё фарқи бор,
Халқ изладим, халқ топмадим, халқдан халқнинг ё фарқи бор.
Бобом – Шарқдан ғурури бор, момом – Шарқли орли эди,
Шарқ изладим, Шарқ топмадим, Шарқдан Шарқнинг ё фарқи бор?
Дилмурод САЙЙИД (26.06.09).
МАНҚУРТЛИКНИНГ АЧИМТИР МЕВАСИ ЁКИ
СУДЛАНУВЧИ “ЖИНОЯТ ИШИ” МАТЕРИАЛЛАРИ ҲАҚИДА
Узлуксиз хабарлаб турганимиздек, айни кунларда таниқли журналист ва инсон ҳақлари ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Дилмурод Саййид (Саидов) ҳамда жомбойлик фермерлар Анор Пўлатов, Тўра Эргашевга нисбатан уюштирилган сохта айблов асосида тўпланган уйдирма “Жиноят иши” Самарқанд вилояти ЖИБ Тойлоқ туман судида кўрилмоқда. 28.06.09 йилгча фақат уч нафар “зўраки жабрланувчи” сўроқ қилиниб бўлди. Суд жараёнлари хусусида маълумотлар бериб борилмоқда. Биз судда кўрилаётган “Жиноят иши” жилдидаги материаллар хусусида судланувчи томон фикри билан қизиқдик.
Қуйида судланувчи Дилмурод Саидов (Саййид) мулоҳазаларини келтирамиз.
Д.Саййид:
- “Жиноят иши” жилдлари оддий қилиб айтганда, ўта юзаки, фақат уйдирмалардан иборат ғализ қоғозлар мажмуасидан бошқа нарса эмас. Бундай иш жилди тўплашдан кўзланган мақсад битта: қандай бўлмасин айблов ёпиштириш! Асосий зарба менга, аниқроғи, менинг фаолиятимга қаратилган. Буни терговолди ҳаракатларидан бошлаб, суд муҳокамасининг бугунги аҳволида ҳам яққол кўриш мумкин. Масалан, “Иш” очилганидан тергов охиригача мен етти нафар (битта айбланувчи, иккита жабрланувчи, тўртта гувоҳ) шахс билан юзлаштирилдим. Шундан тўрттаси видеотасвирга олинди. Мен билан бир хил айблов қўйилган А.Пўлатов ҳеч ким билан юзлаштирилган эмас. Ваҳоланки, қонун талаби бўйича ҳеч бўлмаса, жабрланувчилар билан юзлаштирилиши шарт эди. Айбловнинг биринчи қисмига негадир мутлақо алоқаси йўқ “Адвокат пресс” газетасидаги фаолиятим асос қилиб олинган. Мен томонимдан келтирилган, ҳатто ҳужжатли важлар текшириб кўрилган эмас. Бироқ “жабрланувчи”ларнинг асоссиз, ёлғон кўрсатувлари тўғридан-тўғри айбловга асос сифатида қабул қилинган.
“Иш” жилдида жабрланувчи А.Ўринбоевга махсус идорадан 18.02.09й.да “Диктофонни олиш ва топшириш” баённомалари бор, лекин Диктофон ёзуви ҳам, ёзув матни ҳам йўқ. Ишонч билан айтаманки, 18.02.09 йилдаги диктофон ёзуви атайин “Иш” жилдига қўшилмаган. Сабаби, 18 февралдаги учрашувда бўлиб ўтган суҳбат матни “Иш” жилдига киритилганида, “Жиноят иши” очилмай қолиши, яъни қўзғатилмаслиги аниқ эди.
Яна бир эътиборли жиҳат: саккиз нафар фермер “Иш” бўйича гувоҳ тариқасида ўтаяпти. Мантиқан олиб қаралса, улар ЖАБРЛАНУВЧИ бўлишлари керак эди. Хуллас, Самарқанд вилояти прокуратураси тергов гуруҳи 32/28417 сонли “Жиноят иши” грифи остида “қовурмоч – бўтқа пиширган”.
Суд муҳокамасида ҳам сўралган жабрланувчилардан икки нафари (С.Боймуротов, В.Хўжақулов) ўз кўрсатмаларини ўзгартириб, менга қарши асоссиз иддаоларини кучайтирдилар. Мен ҳам бошқа нарса кутмагандим. Айниқса, С.Боймуротов ўз кўрсатувида “МХХдан 2004 йил 3-4 нафар ходим келиб, диктофон бермоқчи бўлдилар”, деган ёлғонни икки қайта такрорлаганида, суд бу жиҳатни текшириб кўришни очиқчасига рад этганлиги мени жуда ажаблантирди.
В.Хўжақуловнинг кўрсатувлари ҳам асосан, уйдирмадан иборат. А.Ўринбоевнинг кўрсатувлари, таъбир жоиз бўлса, пойма-пой калишни эслатди. Мен нафақат жабрланувчилар, гувоҳлар, балки суриштирувчи И.Шеров, терговчи С.Мажидов “ихтиро”лари бўйича ҳам алоҳида-алоҳида муносабат билдираман. Судга тақдим этиш учун асосли ҳужжатларим ҳам етарли. Бундан ташқари, Жомбой ТИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров, шу туман прокуратураси масъулларига ҳам аталган аниқ эътирофларим бор. Фақат сўз навбати етишини кутиб турибман, холос.
Хулоса ўрнида айтганда, 22 феврал куни бизга нисбатан қўзғатилган ва ҳозирда судда кўрилаётган “Жиноят иши” жилдларини нафақат бизнинг руҳиятимизга, балки мамлакатда Қонун устуворлиги тамойилига, Ўзбекистоннинг Халқаро Ҳамжамиятда тутган ҳуқуқий йўналишдаги нуфузига ҳам фақат салбий таъсир кўрсатадиган воқеликлардан бири, деб эътироф этиш жоиз.
Демоқчиманки, мамлакат ичида юрган кичик ва ўрта лавозимли айрим ҳуқуқшунослар қонундан кўра ўз ваколатини юқори қўйиб, ҳатто Конституция (Асосий қонун) таъкидларидан кўра маълум бир манфаатни устун санаб, иш юритишлари боисидан Инсон ҳақлари ҳимояси соҳасида турли муаммолар юзага келиб қолиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат! “Бирники – мингга, мингники – туманга!” деган нақл бор. Саноқлигина терговчининг нохолислиги ҳатто бир неча юз инсон ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлади. “Бир неча юз” деганимиз эса кичик рақам эмас!
Конституция (Асосий Қонун)да белгиланган инсон шаъни олий қадрият саналишини, қонун барчага баробар эканлигини тушуниб етишни истамаган ҳар қандай ҳуқуқшунос мамлакат ва миллатнинг душманидир! Токи бундай ғараз фаолиятли суриштирувчи, терговчи ва прокурорга нисбатан амалий кескин чоралар кўрилмас экан, улар ўз фаолиятлари билан мамлакатнинг жаҳон жамоатчилиги ўртасидаги мавқеига оз-оздан, лекин узлуксиз путур етказиб бораверадилар. Бундайларни Чингиз оға Айтматов таъбири билан айтганда, МАНҚУРТ дейдилар!
Шу ўринда бизнинг “Иш”имизга боғлиқ қисқача конкрет мисоллар келтирсам: Қўлимда Самарқанд вилоят ер ресурслари ва кадастри бошқармаси бошлиғи И.Ҳамроев 2009 йил 12 январда имзолаган №2/1-сонли хат. Унда жумладан шундай дейилган: “…Ўрганиш натижасида… ноқонуний равишда фуқаролар йиғини қарори билан туман ҳокимининг қарорисиз аҳолига уй-жой қуриш учун ер майдонлари тарқатилганлиги ҳамда …ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди. …ўрганиш жараёнида тўпланган маълумотлар Жомбой туман прокуратурасига ўтказилган”.
Юқоридаги жавоб хатида гап Самарқанд вилояти, Жомбой туман “Ҳалвойи ҚФЙ” (раиси Хурсаной Ўринбоева!) нинг ноқонуний қарорлари хусусида кетмоқда. Тўпланган ва 2009 йил бошидаёқ Жомбой туман прокуратураси (Э.Рўзиев!)га ўтказилган маълумотлар “ўтказилган”лигича турибди.
Қуйидаги кўчирма ҳам эътиборга молик: “…қишлоқ фуқаролар йиғини биноси ёнидан ва бинонинг бир қисмини савдо дўкони учун бериш тўғрисида туман ҳокимлиги томонидан рухсат берилмаганлигини маълум қиламиз”,-деб ёзган Жомбой туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Қўзиев (эндиликда собиқ!) 2008 йил 18 декабрдаги №910-сонли жавобида. Бунда ҳам гап “Ҳалвойи ҚФЙ” биноси ҳақида гап борган, бироқ қонуний чора кўрилмаган.
Яна бир конкрет мисол: “…Саноқ далолатномаси бухгалтерия ҳужжатлари билан солиштирилганида беш дона 7 102617 (етти миллион бир юз икки минг олти юз-у ўн етти!) сўмлик техника воситалари камомадига йўл қўйилганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар… туман ИИБ ТБ тергов бўлимига тақдим қилинган. …ММТП ва фермер хўжаликлари ўртасидаги низо хўжалик низолари бўлиб, ушбу низо суд орқали ҳал қилиниши лозимлигини инобатга олиб, жиноят иши қўзғатилиши рад этилган”,-дейилади Самарқанд вилоят ДСБ бошлиғи Б.Нодирхоновнинг 2009 йил 12 январ, 09/1-0175-сонли жавоб хатида. Бунда гап Жомбой туман “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (раиси А.Ўринбоев!)га тегишли техника воситалари ҳақида борган. Энди мантиққа эътибор қилинг: “Камомад бор, лекин хўжаликка оид низо!” Камомад аслида нима ўзи: ҚИЛМИШми ёки НИЗО? Жомбой туман ИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров буни Низо ҳисоблаб, иш қўзғатишликни рад этган. Биз эса, А.Ўринбоевнинг тўлиқ уйдирма аризаси асосида ҳибс этилдик! Бу ўринда изоҳга ҳожат бўлмаса керак!
Бундай бўлишига сабаб, юқорида таъкидлаганимдек, қонунчилигимиз нуфузига оз-оздан, лекин узлуксиз путур етказиб бораётган МАНҚУРТлик фаолияти! Бизга нисбатан уюштирилиб, қўйилган сохта айблов ҳам, шу асосда тўпланган уйдирма “Жиноят иши” ҳам бор бўйи билан МАНҚУРТЛИКнинг ачимтир мевасидир!
САИД КАМОЛ.
Миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг!
