“Туронзамин” почтасидан

adabiyotЎзига хос МАФИЯ гуруҳи

Суриштирув тайинланишини СЎРАЙМИЗ!

1) ЎзР Президенти Девонига,
2) ЎзР Миллий Хавфсизлик Хизматига,
3) ЎзР Бош Прокуратурасига,
4) Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига
МАЪЛУМОТ УЧУН:
1) Самарқанд вилоят ЖИБ Тайлоқ туман судига,
2) Ўзбекистон ва Жаҳон ЭОАВга
ЎзР ЖК 165-моддаси 3-қисми “А”, 228-моддаси 2-, 3-қисмлари билан асоссиз айблов қўйилиб, ҳибс этилган Анор Пўлатов, Дилмурод Саидов, Тўра Эргашевларнинг яқинларидан
ШИКОЯТ ХАТИ
Муҳтарам масъуллар!
Бизнинг яқинларимиз Ўзбекистон қонунлари асосида ҳамда давлатчилик даражасига кўтарилган бугунги “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” борасидаги тамойилларга таяниб фаолият олиб борганликлари сабабли сохта айблов уюштирилиб, ҳибс этилдилар. Уларнинг ҳибс этилишларидан Самарқанд вилояти ва Жомбой туманидаги айрим мутасадди шахсларни тўлиқ манфаатдор, деб биламиз. Уларга нисбатан олиб борилган терговолди ва тергов ҳаракатлари давомида Ўзбекистон процессуал қонунчилиги талабларига, ЎзР Олий Суд Пленумининг далиллар мақбуллигига оид Қарорида белгиланган меъёрларга, ЎзР ЖКга шарҳлардаги таъкидларга, мамлакат Конституцияси (Асосий Қонун) 13-, 118-моддалари таъкидларига очиқдан-очиқ хилоф равишда ўтказилиб, “Жиноят иш” жилди асоссиз, уйдирма қоғозлардан тўлдирилганлиги ҳам қўйилган сохта айбловлар ортида фақат ғараз мақсад, паст ниятлар мавжудлигини кўрсатади. Мазкур ғараз мақсаддаги сохта айблов уюштирилиши яқинларимиз томонидан тегишли маъмурий-ҳуқуқий идораларга киритилган шикоятлар, далилий фотолавҳалар, ҳужжатлардан кўчирмалар Самарқанд вилояти ва Жомбой тумани прокуратураларига келиб тушгачгина бошланди.
Муҳтарам масъуллар!
Маълумингизки, 2008 йили Самарқанд вилоятида катта лавозимли шахслардан ташкил топган ўзига хос МАФИЯ гуруҳи фош этилганди. Бизнингча, собиқ вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Баҳромов гуруҳи туб илдизигача тугатилмаган кўринади. Бундай дейишимизга сабаб, Жомбой туман “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (раиси Аслиддин Ўринбоев!)га қарашли техника воситаларининг талон-тарож қилиниши; боғлардан олинаётган даромадлар ўзлаштирилиши; 400 тоннага яқин ўғит (гўнг)нинг изсиз йўқолиши; пул айланмаларидаги сохтакорликлар; идора биносида қасддан ёнғин содир этилиб, ҳужжатларнинг йўқ қилиниши; “Ҳалвойи ҚФЙ” (раиси Хурсаной Ўринбоева!) қарорлари асосида 2002 йилдан бери 100 дан ортиқ ер бўлаклари шахсий уй-жой қуриш учун ғайриқонуний тарзда тарқатилиши; бир неча гектарлик тутзорлар, иморатбоп дарахтзорлар Аслиддин Ўринбоев томонидан кестирилиб ўзлаштирилганлиги; дарахт ва тутзорлар ўрни ҳеч бир ҳужжатсиз тарқатилганлиги ҳолатлари қонуний ўрганиш ўрнига Жомбой туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Мажидов (эндиликда собиқ!); прокурор Э.Рўзиев, ИИБ бошлиғи ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров, туман техника назорати, солиқ инспекцияси бошлиқлари томонларидан сохта ҳужжатлар ёрдамида ёпиб келинаётганлигига боғлиқ воқеликлардир.
Бу даражада йирик қилмишларни фақат опа-ука Ўринбоевлар ёки туман миқёсидаги раҳбарлар амалга ошириб, ёпиб юрибдилар, дейиш хатодир. Бунинг ортида вилоят прокуратураси, Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидаги айрим масъул лавозимли шахслар турганлиги аниқ.

Шу ўринда аниқ бир мисол:
Суд жараёни бошланган кун – 1 июндан бери мазкур “Иш”га тўлиқ алоқадор бўлган, ҳозирда Жомбой ТИИБда сақланаётган “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП ва “Ҳалвойи ҚФЙ”даги ғайриқонуний ишларга оид материаллар йиғма жилдини судга тортиш масаласи шу кунгача ҳал бўлмаяпти. Бу борада ЖИБ Тайлоқ туман суди (судья Н.Мирмуҳамедов) томонидан Жомбой ТИИБ бошлиғи номига берилган сўровнома арзимас важ билан бажарилмаган. Шу жиҳатнинг ўзиёқ Ўринбоевлар ва уларнинг ҳуқуқий идоралардаги зирҳсифат қўлловчилари мазкур масалага холисона, қонуний ойдинлик киритилишига тиш-тирноқлари билан қарши турганликларини кўрсатади, деб ҳисоблаймиз.
Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги опа-ука Ўринбоевлар, уларнинг ёлланмалари бўлмиш С.Боймуротов, В.Хўжақулов; туманда уларнинг қилмишларини ёпиб келаётган масъуллар, уларнинг кирдикорлари очилмаслиги учун бизнинг яқинларимизга сохта айбловлар қўйиб, уйдирма “Жиноят иши” тузишгача бориб етган вилоят прокуратураси, Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармасидаги юқори мансаб эгалари, бу шахсларнинг кўрсатмасини Қонундан баланд ҳисоблаб, қулоқ қоқмай ижро қилган суриштирувчи И.Шеров, катта терговчи С.Мажидов ўз ҳаракатлари билан собиқ вилоят раҳбарлари томонидан тузилиб, ҳукумат тарафидан фош этилиб тугатилган улкан жиноий гуруҳнинг “панада қолиб кетган қолдиқ”лари эмасмикан? – деган тушунчани уйғотдилар.
ЮҚОРИДАГИЛАРГА КЎРА:
1. Яқинларимиз А.Пўлатов, Д.Саидов, Т.Эргашевга нисбатан қўйилган сохта айбловлар бекор қилиниб, озод этилишларини;
2. Яқинларимиз томонидан шикоятланган ва Жомбой ТИИБ ТБ катта терговчиси О.Тоҳиров тарафидан ёпиб юборилган жиҳатлар холисона, қонуний ўрганилишини;
3. А.Ўринбоевнинг 17.02.2009 йил Департамент Самарқанд вилоят бошқармасига ёзган асоссиз аризасига ҳуқуқий баҳо берилишини;
4. С.Боймуротовнинг 18.03.2009 йил прокуратурага ёзган аризаси ғараз мақсад ва паст ниятларда берилганлигига ҳуқуқий баҳо берилишини;
5. Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи И.Шеровнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, иш юритганлиги юзасидан хизмат суриштируви тайинланишини;
6. Самарқанд вилояти прокуратураси катта терговчиси С.Мажидов томонидан А.Пўлатов, Д.Саидов, Т.Эргашевга нисбатан сохта айбловлар қўйилиб, ҳеч бир асоссиз, ҳатто очиқ уйдирмадан иборат “Айблов хулосаси” тузганлиги юзасидан суриштирув тайинланишини СЎРАЙМИЗ.

1) Г.Эшдавлатова.
“Ҳалол меҳнат, барака даромад ф/х” раиси, Жомбой тумани “Саричашма” қишлоғи
2. С.Пўлатова.
“Салима ф/х” раҳбари. “Узун овул” қишлоғи.
3. Ҳ.Толипова.
Меҳнат фахрийси, пенсиядаги юрист-педагог, 1-гуруҳ ногирони, Тошкент шаҳри, Қора-қамиш 2/5, 11-уй, 62-хонадон.
4. М.Эргашева.
Уй бекаси, Жомбой туман “Сарча” қишлоғи.

“kulchatoy” <rba6791@gmail.com>

Leave a Reply

You must be logged in to post a comment.