Picture 004ТЕМУР ВА УНИНГ КОМАНДАСИ

2.“ЎЙИН”НИНГ БОШЛАНИШИ

Терговчи Т.Нормухамедовнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатидан сўнг мен Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиевнинг қабулига кириб, терговчи ишни фақат бир томонлама ўрганиб чиқаётганидан шикоят қилиб, терговни холис, адолатли олиб бориши ҳақида илтимос қилдим.

Прокурор терговчига нисбатан қонунда белгиланган чора кўриши ҳақида ваъда берди. Лекин терговчининг менга нисбатан таъзиқ ўтказиши олдингидан бадтар бўлса бўлди-ки, аммо ўзгармади. Мен яна бир бор шаҳар прокурорининг олдига кириб, ишни бошқа бир терговчига ўтказишни илтимос қилдим. Прокурор бу ҳақда ёзма мурожаат қилишимни айтди.

Мен терговчининг барча ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини қоғозга тушириб, прокурор қабулхонасига ташлаб кетдим. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Меннинг прокурорга ёзган шикоятим терговчининг ўзига ўрганиб чиқиш учун юборилибди.

Шундан сўнг мен Президент девонига, Бош прокурор номига, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбуцман) вакилига, Олий Мажлис қонунчилик палатасига шикоят қилдим, фойдаси тегмади. Барча шикоятларим Тошкент шаҳар прокуратурасида ўрганилмай қолиб кетаверди. Ўз.Р.ЖПКнинг 33-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар суриштирувчи ва дастлабки тергов босқичларида Ўз.Р.Қонунларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Прокурор суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида қонуннинг бузилишини, ким томонидан содир этилганлигидан қатъий назар бартараф этиши учун қонунда назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида кўриши шарт” дейилишига қарамасдан Тошкент шаҳар прокурори Б.Валиев ва Ўз.Р.Бош прокурори Р.Қодировлар Ўз.Р.ЖПКнинг 33-моддасига зид равишда ҳаракат қилиб, ўз мансаб ваколатига ўта совуққонлик билан муносабатда бўладилар.

Терговчи ўзининг ғараз ва паст ниятини амалга ошириш мақсадида БТ ҳуқуқшуноси А.Музаффархоновнинг омилигидан усталик билан фойдаланади. А.Музаффархоновнинг БТ бош муҳаррири А.Эрназаровга олиб кириб берган шартномаларини ҳуқуқшунос сифатида ўрганиб чиқиб, юридик хулоса бермаганлигини, шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилмаганлигини, “Кумуш оқ халқа” МЧЖнинг 2006 йил 2 августдаги 321,322-сонли счет-фактураларини таҳририятга қоғоз топширилмаганлигини била туриб, қалбакилаштирганини, “Шинахара” дастгоҳини сотиб олиш тўғрисидаги контрактнинг 5.1, 5.6, 5.7, 5.10 ва 5.12-бандларининг бажарилишини таъминламаганлиги, ўзи ҳуқуқшунос лавозимини эгаллаб турган бўлсада, бевосита “Ўзбекистон” НМИУ омборхонасига қоғоз топшириш билан шуғулланганлигини, бу ишлари учун узоқ муддатга қамалиб кетиши мумкинлигини айтиб, уни қўрқитади. Лекин унинг қилган бу жиноий ишларини бошқа бировга ағдариши мумкинлигини, бунинг учун 50 минг доллар тўлаши зарурлигини айтади. А.Музаффархонов ўйлаб ҳам ўтирмай терговчининг бу таклифига рози бўлади.

Терговчи дастлаб А.Музаффархоновга менга қарши кўрсатма берадиган одамларни топишни буюради. А.Музаффархонов БТ ходимларидан А.Воргудьяев, С.Аванесова, М.Ибрагимова ва С.Шамсутдиновлар имтизомий жазо олганлиги, Ш.Болтаев ва Т.Юлдашевлар ишдан бўшаб кетганлиги учун Ш.Муродовдан аламини олиши мумкинлигини айтади.

Терговчи эртаси куни-ёқ терговга уларни бирма бир гувоҳ сифатида чақиришни бошлайди-да, “Ш.Муродовдан қасдларингни оладиган вақт келди. Мана энди унга қарши кўрсатма беришларинг мумкин. Сизларнинг кўрсатмаларинг тўғри бўладими, но тўғри бўладими бунинг фарқи йўқ. Биз учун “фармалность” бўлса бўлди” дейди.

Таҳририятнинг собиқ ходими Т.Юлдашев суддан кейин турмуш ўртоғимга учрашиб, бўлган воқеани айтиб берибди. Турмуш ўртоғим унинг гапларини диктофонга ёзиб олибди. Унинг гапларини синхрон қилиб кўчирамиз. Эшитиб кўринг: “Терговчи мени чақиртириб Ш.Муродовга қарши кўрсатма беришимни талаб қилди. Мен Муродов ҳақида озгина ёзиб берган эдим. А.Музаффархонов ўқиб чиқиб, “Йўқ, бу ёзганингиз бўлмайди. Мана бунақа ёзамиз” деб ўзи Шуҳрат акага нисбатан бўлмаган нарсаларни ёзди-да, “Қўл қўйинг, Ш.Муродов сизни мажбурлаб ишдан бўшатган-ку!” деди. Мен қўл қўймайман дедим.

Терговчи келиб, “Қўл қўяверинг, сиздан нима кетди. Бундан кейин сизни чақиртирмаймиз. Акс ҳолда бир ойлаб чақиртираверамиз” деди. Мен мажбур бўлиб қўл қўйиб бердим. Агар мендан қайтадан сўрашса, бўлиб ўтган воқеани тўғисини айтиб бера оламан”. Терговчи ва А.Музаффархоновлар шу тариқа гувоҳлардан менга қарши кўрсатмаларни мажбуран ёздириб олишади. А.Музаффархоновнинг тергов ишларига аралашишининг ўзи Ўз.Р.ЖПКнинг қўпол бузилганлигидан дарак беради. Тошкент Давлат юридик институтининг 4-курс талабаси Азиз Тўйчиевнинг терговга гувоҳ сифатида чақирилганларни сўроқ қилиб компьютерга киритганлигини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади.

Эртага диплом олиб, бирон бир прокуратурада терговчи бўлиб иш бошлаган Азизбекнинг “устози”нинг гувоҳларни қандай мажбурлаб кўрсатмалар олганлигини кўриб, уни амалиётда қўлламаслигига ким кафолат беради? ИИВнинг НТИ тафтишчиси Д.Носиров томонидан БТнинг хўжалик фаолияти 2004 йил 1 апрелдан 2006 йил 1 майгача тафтиш қилинган бўлишига қарамасдан терговчи тирноқ остидан кир қидириб, қандай бўлмасин менинг айбимни топишга ҳаракат қилиб, таҳририятнинг мен ишлаган даврини ипидан игнасигача текшириб чиқади.

Пичоққа илинадиган бирон бир камчилик топа олмагач, таҳририят билан “То-Тем” ХИЧФ ўртасида 2004 йил 7 январда тузилган шартнома шартлари бажарилмаган, деган хулосага келади. “Ўзбекистон” НМИУ маъмуриятининг 2004 йил 2 февралдаги 35 “А” сонли накладнойига асосан “Ўзбекистон” НМИУ омборхонасига 89203 кг. қоғоз маҳсулоти топширилганлиги таҳририят билан “То-Тем” ХИЧФ ўртасида тузилган шартнома шартларининг тўлиқ бажарилганлигини исботлаб турсада, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган терговчи давлат ташкилотининг ушбу ҳужжатини инобатга олмай, бу ишни ҳеч бир исбот далилсиз жиноят иши материалларига алоҳида эпизод қилиб киритади. Агар ҳақиқатан ҳам “Ўзбекистон” НМИУ маъмуриятининг 2004 йил 2 февралдаги 35 “А” сонли накладнойи ҳамда “То-Тем” ХИЧФнинг 2004 йил 9 февралдаги бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатномаси мен томонимдан қалбакилаштирилган бўлса, нима учун терговчи бу накладной ва далолатноманинг сохталаштирилганлигини тасдиқловчи Ҳ.Сулаймонова номидаги суд мед экспертизасининг хулосасини олмади?

Суд мажлисида қораловчи сифатида қатнашган Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси О.Эшбаков эса экспертизанинг ушбу хулосасини суд мажлиси қатнашчилари ўртасида судьяга ашёвий далил сифатида кўрсатиб, менинг айбимни исботламади? Энди Германиянинг «Грамекс ГМБХ» компаниясидан сотиб олинган “Шинахара” дастгоҳи масаласига тўхталсак. Терговчи айблов хулосасига “ИИВнинг 2001 йил 19 январдаги 15- сонли буйруғи қўпол равишда бузилган ҳолда, дастгоҳ тендер эълон қилинмасдан сотиб олинган”, “Дастгоҳ таҳририятнинг газета ва журналларини босиш қувватига эга эмас”, “Дастгоҳнинг техник характеристикаси ўрганиб чиқилмаган” деб алоҳида эпизодлар киритган.

Биринчидан, ИИВнинг 2001 йил 19 январдаги 15- сонли буйруғида Бирлашган таҳририят кўрсатилмаган, иккинчидан ИИВ тасарруфига кирувчи бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари куратори орқали 100 минг АҚШ долларидан ошган шартномаларни тендер комиссиясига ёзма равишда тақдим қилишлари лозимлиги айтилган.

Демак, терговчи таъкидлаганидек, дастгоҳни таҳририят бошлиғи эмас, балки буйруқда айтилганидек, куратори орқали тендер комиссиясига ёзма равишда тақдим қилиши лозим. Мен 165 минг 100 евро қийматидаги контрактни тендер комиссиясига тақдим қилишни сўраб, таҳририят куратори – ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚ (Ҳуқуқий таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилиш) бошқармаси бошлиғи, полковник А.Шариповга ёзма мурожаат қилганман. А.Шарипов “Тендер масаласини ўзим ҳал қиламан” дегандан сўнг, ўзимни жавобгарликдан соқит қилиш учун “Шинахара” дастгоҳини сотиб олишга рухсат сўраб, А.Шариповнинг номига ёзма равишда мурожаат қилганман. А.Шарипов менинг расмий мурожаатимга “рухсат” деб “жимжимадор” имзосини қўйиб бергандан сўнг мен унинг ижросини таъминлаганман.

Иккинчидан, ушбу контракт Ўз.Р.Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига ўрганиб чиқиш учун юборилиб, 2004 йил 26 октябрда агентликнинг “Условия контракта соответствуют требованиям Указа Президента Р.Уз № УП-3321 от 26.09.2003 г., Постановления КМ Р.Уз № 137 от 31.03.1998 г. и Положению о порядке регистрации экспортно-импортных контрактов в АВ ЭС РУ № 988 от 02.12.2000 г.” деган мазмундаги 26400836-сонли хулосаси олинган. Бундан кўриниб турибдики, контракт шартлари Ўз.Р.Президентининг Формони, ВМнинг қарори талабларига тўлиқ мос келади. Терговчи эса ўзининг манфаатини Президент Фармонидан устун қўяди.

Учинчидан, ушбу дастгоҳ 2006 йил февраль ойида ўрнатилиб, ишга туширилган ва далолатнома асосида қабул қилиб олинган. Тўртинчидан, ИИВ БТнинг бош муҳаррири А.Эрназаров, ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚБ бошлиғи А,Шарипов ва Ички ишлар вазири ўринбосари А.Шарафутдиновларнинг Ички ишлар вазири Б.Матлюбовга ёзган билдиргисида “Шинахара” дастгоҳи ишга туширилганлигини маълум қилишган. Бешинчидан, шундан сўнг, яъни 2006 йил 20 февралда БТ бош муҳаррири А.Эрназаров дастгоҳга бўёқ маҳсулотлари сотиб олиш тўғрисида “АБВ” фирмаси директори ўринбосари А.Хафизов билан шартнома тузади ва фирманинг ҳисоб рақамига 63 млн. 985 минг 500 сўм пул ўтказиб беради. “АБВ” фирмаси орадан 4 ой вақт ўтгандан кейин, яъни 2006 йил июнь ойидагина таҳририятга бўёқ маҳсулотларини етказиб беради. Эътибор берган бўлсангиз, БТ билан “АБВ” фирмаси ўртасида тузилган шартноманинг товарни етказиб бериш муддати 90 кундан ўтиб кетиб қўпол равишда бузилган бўлсада, БТ бош муҳаррири А.Эрназаров ва таҳририят ҳуқуқшуноси А.Музаффархоновлар фирма раҳбарига ёзма равишда эътироз билдирмайди. Терговчи ҳам била туриб, А.Эрназаров ва А.Музаффархоновларнинг айбини яўириш мақсадида бунга атайлаб эътибор бермайди. Терговчи таъкидлаганидек, ҳақиқатан ҳам “Шинахара” дастгоҳи таҳририятнинг газета ва журналларини босишга мос келмас экан, БТ бош муҳаррири А.Эрназаров “раҳбар” сифатида, таҳририят ҳуқуқшуноси А.Музаффархонов эса “юрист” сифатида дастгоҳни далолатнома асосида қабул қилиб олаётганда уни етказиб келиш, ўрнатиш ва ишга тушириш учун жавобгар ҳисобланган «TRINITY” МЧЖ директори А.Хафизовга расмий эътироз билдирмайди?

Контракнинг 5.6-бандида “Срок гарантии на поставляемое по Контракту Оборудование составляет 12 месяцев с даты пуска его в эксплуатацию. Но не более 13 месяцев с даты передачи Оборудования Покупателю” деб кафолат муддатлари белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, 5.7-бандида эса «Если в течение гарантийного срока Оборудование окажется дефектным, то Продавец по первому требованию Покупателя и без какой-либо дополнительной оплаты Покупателем работ или частей Оборудования устранит обнаруженный дефекты путем исправления, либо замены дефектного Оборудования, или его частей исправными. При этом, если Оборудование окажется полностью неработоспособным, то Продавец обязан восстановить работоспособность оборудования в течение 10 рабочих дней» деб дастгоҳнинг бирор бир камчилиги ёки иш қуввати талабга жавоб бермаган тақдирда сотувчи уни алмаштириш йўли ёки иш қувватини 10 кун муддат ичида тиклаб беришга мажбурлиги таъкидланган бўлишига қарамай БТ бош муҳаррири А.Эрназаров ва таҳририят юристи А.Музаффархоновлар Контрактнинг 5.12-бандига асосан («Все гарантийные, обязательства по данному контракту несет официальный представитель по продажам и гарантийному обслуживанию оборудования компании «Шинахара» ООО «TRINITY” расположенный по адресу Узбекистан, 700070, г. Ташкент ул. Усмана Насира 20. кон.тел: (+998 71) 152-26-30, 152-71-95, 152-54-41») ”TRINITY” МЧЖ директори А.Хафизовга расмий мурожаат қилмайдилар.

Контрактнинг 5.1-бандида: «Продавец гарантирует, что характеристики Оборудования соответствуют техническими условиям. Существующим для данного вида оборудования в стране изготовителя и соответствуют характеристикам, изложенным в Приложении № к Контракту» дейилишига ҳамда дастгоҳнинг техник характеристикаси ўрганиб чиқилганлиги Контракга 1-сонли тақдимномага асосан илова қилинган бўлишига қарамасдан терговчи Контракт шартларини диққат-эътибор билан ўрганиб чиқмайди. Агар диққат билан ўрганиб чиққанда ўз айблов хулосасига дастгоҳнинг техник характеристикаси ўрганиб чиқилмаган деган эпизодни киритмаган бўларди.

Демак, бундан кўриниб турибдики, “Шинахара” дастгоҳи талабга жавоб беради. Терговчи атайлаб, қандай бўлмасин мени жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида айбимни бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилган.

Жиноят иши материалларини ўрганиб чиқиш бир ўйинмас-ки, ўйинни бошлаб, хоҳласанг ўргансанг, хоҳламасанг ўрганмасанг. Бунинг учун Ҳукумат Жиноят Процессуал Кодексини чиқариб қўйган. Унинг моддаларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
(давоми бор)

Шуҳрат Муродов.

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s