Дилмурод САЙЙИД ׃ ИЗИ ТОПИЛМАГАН ПОРТЛАТГИЧЛАР
2. МУРАККАБРОҚ ЭЪТИРОЗЛАР
Саттор Атоевнинг юқоридаги фикрлари асосли! Зеро, аввалги (шу мавзудаги) мақолаларимда мен ҳам бир қатор саволларни қўйгандим. Ва Олий суддаги баланд мартабали жаноб ҳам саволларни айланиб ўтиб, «Эл қатори жавоб»ни йўллаганди менга ва таҳририятга!
Тергов ҳаракатига назар ташлайлик. Миллий хавфсизликни таъминлашдек юксак ишонч ва беқиёс масъулият юклатилган маҳкама терговчиси, энг аввало, Ўзбекистондан борган юк машиналари қай тартибда ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИдан ўтганлигига эътиборни қаратиши шарт эди. Чунки икки давлат — Ўзбекистон ва Хитой мамлакатларидаги «Ўзташқинефтигаз» ҳамда «Норинго Шемигалс ЛТД»нинг ўзаро келишувига асосан ДАВЛАТ аҳамиятига молик юк Ўзбекистон ҳудудидагина бухороликлар машинасига юкланиши кўрсатилган.
— Бу тартиб Саид Муқаддамов ва Хитой вакили «ташаббуси» билан бузилди,-дейди Саттор ака, — юк Қирғизистонга 20 км. кирилиб, Нўуқатдаги «Взрывпром» ҳудудида машиналарга қайта ортилган. Энг эътиборлиси, машиналардан бири, аниқроғи юк миқдори кам чиққан КамАЗ-53212 (20АД133), юк ортилган «Взрывпром»да анча вақт ҳайдовчиси билан қолиб кетган. Юк бир вақтда ортилган бўлса-да, уларнинг Ўзбекистон ҳудудига кириш оралиғида 40 дақиқача фарқ бор!
Лекин терговчи бу жиҳатни ҳам ўрганмаган.
Юк бошқа мамлакат ҳудудида ортилгач, икки мамлакат божхона масъуллари иштирокида ҳужжат тузилиши шарт. Юк учун жавобгар — Саид Муқаддамов ҳам имзо чекиши зарур. Бироқ, на далолатнома, на С.Муқаддамов имзоси ҳеч кимни қизиқтирган эмас! Бир сўз билан айтганда, мақсад «айбдорликка лойиқ» номзодни топиш ва фақат жазолашга қаратилган.
Шу нуқтаи назардан ҳам А.В.Ким раислигидаги махсус комиссиянинг 2002 йил 18 август куни тузган баённомаси, берган хулосаси, фотожадвали, аниқ чизмалари (жами 21 варақ!) ўз қонуний баҳосини олмаган, қоғозлигича қолаверган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси С.Х.Мирзоев ҳам суд ҳокимияти мус-тақиллиги белгиланган Конституция (Асосий Қонун)га очиқдан-очиқ хилоф тарзда «Иш»ни тер-говчи ўлчаб берган чизиқ — «Айблов хулосаси» бўйича кўрган. Тўғрида, терговчига зид бориб, эсини ебдими қози! Йўқолса — 9800 та портлагич йўқолибди-да! Қозилик ваколати эмас-ку йўқолган! Портласа ё Қирғизистонда, ё Андижонда портлаяпти портлагичлар. Бухоро тинч, қози-нинг маҳкамаси у жойлардан йироқ! Бегуноҳ ўлаётганлар ҳам қозига мутлақо алоқаси йўқ ОДДИЙ фуқаро! Энг муҳими, қози ўз мансабида, оиласи бехавотир! Шунга кўра нима фарқи бор Саттор Атоевни қамайдими, Ато Сатторовними!
Мен 1999 йил феврал фожиаларини кўп эслайман. Ўшанда ҳам топилган портлагичлар ажаб-маски, қайсидир мамлакатдаги терговчи ва қозининг лоқайдлиги боис Ўзбекистонгача етиб келмаган бўлса?!.
Ҳар бир тўп портлагичга жўнатилаётган ҳудуди кўрсатилиб, ёрлиқ босилади. «Йўқолди», деб эътироф этилаётган етти қути ЭД (портлатгич)га ҳам шундай ёрлиқ босилгандир. Эртага бу «ажал уруғи» бирор давлат ҳудудидан топилса, жавобгарликни ким ўз зиммасига олади — терговчими, қозими? Ёки яна Саттор Атоевни излаб қолишар?..
Бу саволларга жавоб топиш учун, энг аввало, собиқ подполковникнинг мулоҳазаларини холисона, диққат билан эшитиш зарур. Бизнингча, у билади йўқолган детонаторларни қандай ва қаердан излаш кераклигини! Чунки ўз вақтида 15 йил тезкор вакил бўлиб ишлаган. Йўқолган қурол-аслаҳа ва гранаталарни топиб, Давлатга топширган.. Нафақат қурол-яроқ, балки қадимий олтин тангаларни ҳам топиб, давлатга топширган одамнинг ЭД сотиб кун кўришига ким ишонади?
3. ХУЛОСА ЎРНИДА
Саттор Атоев билан узоқ суҳбатлашдик. Гап орасида сўрадим:
— Қарийб 20 йил Ички ишлар соҳасида ишлабсиз. Юқори унвонли зобит даражасига етибсиз. 20 дан ортиқ рағбатлантиришлар олган экансиз. Сизни қамашгач, Ички ишлар вазирлиги қандай муносабат билдирди?
— Қамоққа олинганимдан кейин «Ишдан бўшатилган»лигим тўғрисидаги буйруқ ва салбий ёзилган хизмат текшируви хулосасини олиб келишди, — деб жавоб қилди Саттор ака, — гап ҳозирда менинг шаънимда эмас, гап — давлат аҳамияти ва обрўси билан боғлиқ воқеага нисбатан лоқайд ёндошувда. Аслида бундай юкни олиб келувчи юк машинасининг ҳар бирида икки нафардан ҳайдовчи бўлиши керак. Шу оддий талаб ҳам бажарилган эмас. Озиқ-овқат, ёқилғи таъминоти ҳақида-ку, айтмай қўяқолай!
— Нега шуларни талаб қилмагансиз?
— Бизнинг касбда буйруқлар муҳокама қилинмайди, фақат бажарилади!
— Бундан кўринадики…
— Ҳа, мен юкнинг хавфсизлигини таъминлашгагина жавобгар эдим. Ортиш-тушириш, миқдор масалалари бўйича масъулият Саид Муқаддамов зиммасида бўлган…
Мен бу жавобдан бир нарсани мантиқан мушоҳада қилгандек бўлдим. Яъни: «Кам чиққан ЭД учун фақат С.Муқаддамовнинг ўзини жавобгар қилиш имкони бўлмаган. Ёки аксинча. Шу нуқтаи назардан ҳам юк масаласидаги икки жавобгар шахсни жиноий жавобгар қилиш мантиққа мувофиқ келган!» Айнан шу ҳолат «Иш» бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатларини Ўзбекистон ҳудудида олиб бориш билан чекланиш имкониятини берган. Агар қўшни мамлакатлар (Қирғизистон ва Хитой)га ўтса тергов ҳаракати, «шов-шув», ҳатто келишмовчиликлар юз бериши мумкин эди. Қолаверса, «Иш»га божхона хизмати, чегара қўшинлари ходимлари жалб этиларди. Биздаги тамойилга кўра, айнан шу хизматларда ЭНГ ҲАЛОЛ одамлар масъул ва мутасаддидирлар!
Бессопандан Зарафшон шаҳрига, ундан Навоий шаҳрига келдим. Бу ёғига яна қарийб 600 километр йўл давомида мушоҳададан тўхтамадим.
Масалани биргина Саттор Атоевга қўйилган айблов билан чеклаш терговчининг «Айблов хулосаси»дек юзаки фикр, қозининг ҳукм матнидек номукаммал мулоҳаза юритиш бўлиб қолар. Давлат аҳамиятига молик юк, ҳукумат миқёсидаги масала, албатта, мамлакат Олий суди Раёсатида эътибор билан кўрилиши керак.
Бизнингча, йўқолганлиги эътироф қилинган 9800 дона сейсмитк К8ТД-2 электродетонаторлар қандай шароитда йўқолганлиги (ёки ортилмай қолганлиги!) масаласига ойдинлик киритилиши шарт. Бу муаммо ечимини топишда, энг аввало, «йўқолган ЭД» учун хитойликлар пул талаб қилишмаганлиги; 18 август (2002 й.)да тузилган, махсус комиссия тақдим этган 21 варақли Баённома, хулоса, фотожадвал ва чизмалар, Саид Муқаддамовнинг тергов ва суддаги кўрсатмаларидаги икки хиллик жиҳатларига эътибор қаратиш қонун талаби!
Менинг бу мавзуни янада батафсил қаламга олишимга сабаб Саттор Атоевга тарафкашлик қилиш эмас. Балки ўз Ватани осойишталиги, халқи осуда турмуши, алводлари хавфсизлиги ҳақида қайғуриш ҳар бир фуқаронинг бурчи. Мен эса, журналистман, демак бу борада бошқаларга нисбатан икки карра бурчлироқдирман. Токи ўз мулоҳазаларимга аниқ асослантирилган ва қонуний баҳоланган тўлиқ ечим топмагунимча, бу мавзуга яна қайтишим аниқ!
Тошкент-Бессапан-Тошкент.
6-25-2007
“Туронзамин” хазинасидан.
Миллий ғуруримиз, шоири замон ЮСУФ ЖУМАни озод этиш учун овозингизни ютманг!
