ТЕМУР ВА УНИНГ КОМАНДАСИ
1.Наҳотки, Президентнинг журналистларни қамаш тўғрисидаги Фармони борлиги рост бўлса?
Ҳурматли редакция!
Сизга юборганим бу мақолам Ўзбекистон халқини қизиқтиришини эътиборга олиб, уни ўз сайтингизда эълон қилиб боришингизни илтимос қиламан. Негаки, Ўзбекистонда менга ўхшаб ноҳақ судланганлар мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Бугунги кунда прокуратура органлари терговчилари Олий суд судьялари билан жиноий тил бириктириб, айбсиз “айбдор”ларни ноҳақ қамаб юбораётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг терговчиси Т.Нормухамедов ҳамда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ж.Сайдалиеларнинг мансаб ваколатини суъиистеъмол қилиб, кимларнингдир буйруғини бажариб, жиноятни содир этган шахсларнинг айбини қастдан яшириб, мени ноҳақ жиноий жавобгарликка тортиб, менга ва менинг оиламга катта миқдорда жиддий зиён етказади. Бундай дейишимга менда етарлича асослар, ашёвий далиллар мавжуд. Мен бошданоқ терговнинг менга қарши олиб борилаётганини сезиб, арқонни узун ташлаб қўйдим. Бу ишнинг бошида кимлар турганлигини ўргана бошладим.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси Т. Нормухамедов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ИИВ органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи, адлия маслаҳатчиси О. Набиев томонидан ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚБ (Ҳуқуқий таъминот ва Оммавий ахборот васиталари билан алоқа қилиш бошқармаси) бошлиғи, полковник А. Шарипов ва ИИВ Бирлашган таҳририятининг мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ўта саводсизларча, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг бир эмас, 17 та моддаларини қўпол равишда бузган ҳолда олиб боради.
“То-Тем” ХИЧФ директори С. Дунгбоев 2006 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Миллий Хавфсизлик хизмати раиси Р. Иноятовга ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р. Қодировга шикоят хати йўллаб, ИИВ ҲТ ва ОАВБАҚБ бошлиғи, полковник А. Шарипов ундан фирмасига ўтказилган 234 миллион сўмни айлантириш ҳисобига, ундан 71 минг АҚШ доллари миқдорида пора олганлигини таъкидлайди.
Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси А. Шариповга нисбатан Ўз.Р ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми “а, б” бандларини қўллаб жиноят иши қўзғатади. Маълумки, ЖКнинг 210-моддаси мансаб ваколатидан қасддан фойдаланган ҳолда пора олиш ҳисобланади. Пора олган шахс зудлик билан қамаққа олиниши керак. Буни прокуратура органи ходимлари жуда яхши билишади. Терговчи Т. Нормуҳамедов ушбу жиноят ишини ўз иш юритувига олиб қарор чиқарган кундан бошлаб, эҳтиёт чорасини қўллаб Тошкент шаҳар прокурори Б. Валиевдан А. Шариповни қамоққа олиш учун санкция сўраши шарт эди. Лекин терговчи бундай қилмайди.
Тошкент шаҳар прокурори Б. Валиев Республика Бош прокурори ўринбосари, Ҳарбий прокурор Ш.Узоқов (А.Шариповнинг севимли жияни) билан маслаҳатлашиб, қандай бўлмасин А.Шариповни жиноий жазодан олиб қолиш чораларини излайдилар. Охири жиноят иши тугагунга қадар А.Шариповдан қўшни Қозоғистон давлатида тижорат билан шуғулланадиган қудосининг уйида яшириниб яшаб туришини илтимос қиладилар. Иш судга ошгач, бемалол Тошкентга қайтиб келиши мумкинлигини тайинлайди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ҳам ўзларининг “одам”лари борлигини, суд мажлиси узоғи билан 2-3 ойда якунланиб, бу “мажора” тезда тугатилажагини ҳам айтишни унутишмайди.
Шундан сўнг терговчи 2007 йилнинг 17 март куни мен билан А.Шарипов ўртасида юзлаштириш сўроғини (бу сўроққа ҳеч бир зарурият бўлмасада) ўтказади. Менинг кўрсатмамда А.Шарипов ҳақида айтганларим ўз тасдиғини топгандан сўнг, терговчи мени хонасидан чиқариб юборади-да, А.Шарипов билан ҳоли гаплашиб олади. Терговчилар хонасига кираверишдаги эшикнинг ёнига ўрнатилган “домофон”га яқин турган кишига уларнинг гаплари бемалол эшитилар эди. Терговчи топшириқ “Юқори”дан берилган бўлса ҳам асосий жавобгарлик унинг бўйнига тушишини, шунинг учун уни рози қилиши лозимлигини, қолаверса тергов материалларини суддан “силлиқ” ўтказиш бекордан бекорга бўлмаслигини А.Шариповга лўнда-лўнда қилиб тушунтирар, “қорлар ёғилиб излар босилгач”, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ўз-ўзидан ҳаракатдан тўхтатилишига ваъда беради. Шундай қилиб, терговчи 150 минг доллар ҳисобига А. Шариповнинг қочиб кетишига имконият яратиб беради.
Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ИИВ органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи О.Набиев томонидан нафақат А.Шариповга нисбатан, балки ИИВ БТ (Бирлашган таҳририяти) нинг мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилади. Мансабдор деганда бу ерда БТнинг бош муҳаррири ҳамда таҳририятнинг ҳуқуқшуноси, моддий жавобгар деганда таҳририятнинг бош бухгалтери ва хўжалик ишлари мудири тушунилади.
Жиноят иши қўзғатилган пайтда БТнинг бош муҳаррир лавозимини А.Эрназаров, ҳуқуқшунос лавозимини А.Музаффархонов, бош бухгалтер лавозимини А.Исмаилов ва хўжалик ишлари мудири вазифасини вақтинча А.Музаффархонов бажариб турган. (Буни унинг “Ўзбекистон” НМИУ омборхонасига қоғоз топшириб, накладнойларга имзо чекканидан билдик).
А.Эрназаров ва А.Музаффархоновларни Ўз.Р.Бош прокурорининг ўша пайтдаги тергов ишлари бўйича ўринбосари Р.Мухиддинов ўз “қаноти” остига олади. “Савоб иш қилсанг, охиригача қил” деган нақл бекорга айтилмаган. Тўғрида, битта жиноятчини қутқаргандан кўра, бирданига учаласини қутқарган афзалроқ. Негаки, улар тенг шерик бўлишган. Бирини қутқариб иккинчисини қолдирсанг албатта у шеригини сотади. Р.Мухиддинов эртага бошқа юқорироқ лавозимга кўтарилиб кетса, албатта Б.Валиевнинг бирон бир илтимосини ерда қолдирмайди. Уни “қўш-қўллаб” ҳимоя қилиши турган гап.
Шундан сўнг терговчи Т. Нормуҳамедов дастлабки тергов пайтидаёқ ушбу жиноят ишини 180 градусга буриб юборади. Яъни, жиноятни содир этганлар у ёқда қолиб, таҳририятни топширганимга 1,5 йил бўлганига қарамасдан мени дастлаб (А.Шарипов билан юзлаштириш сўроғини ўтказган куни) гумондор, кейин эса айбдор деб қарор чиқаради. Терговчининг бундай қарор чиқаришига қуйидаги воқеа ҳам сабаб бўлади. Мен буни бекорига айтаётганим йўқ. Ақли етган прокурор бунинг тагида нима ётганини тезда англаб олади.
Бир куни БТнинг ҳуқуқшуноси А.Музаффархонов терговчининг хонасидан менинг қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, сизни терговчи Т.Нормухамедов чақираяпти, деди. Мен соат нечига етиб борай? деб сўрадим. Азим терговчидан сўраб: “Тушдан кейин вақтингизга қараб келаверар экансиз” деди. Мен: “Майли, бўлмаса соат 16.00 га етиб бораман, айтиб қўй терговчига” дедим.
Ўн бештакам тўртда прокуратурага бориб, рухсатнома ёздириб, иккинчи қавватга чиқиб терговчига келганимни маълум қилганимда соат роппа-роса 16.00 бўлган эди. У кутиб туришимни айтди. Орадан 2-2,5 соат вақт ўтгач, терговчининг хонасидан А.Музаффархонов чиқиб терговчи чақираётганини айтди. Хонага киришим билан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ терговчи менга “Нега чақирган вақтда келмайсиз? Кимсиз ўзи, кимингизга ишонаяпсиз? деб бақириб кетди. Мен ҳам 2,5 соат кутиб ўтирганимга алам қилибми, унинг устига терговчининг бақиргани ортиқчалик қилдими билмадим, қизишиб кетдим. “Менга қаранг, терговчи! Биринчидан, менга бақиришга ҳаққингиз йўқ, мен жиноятчи эмасман. Иккинчидан, менга бақирмасдан нима сабабдан чақирганингизни ётиғи билан тушинтиринг, бу лавозим вазифангизга киради. Учинчидан, мен сиз ўйлаган одам эмасман. Осмонни ушлаб турган бўлсангиз ташлаб юборинг”, дедим. Иккаламиз айтишиб қолганимизни кўриб, А.Музаффархонов ва терговга чақирилганларни сўроқ қилувчи Тошкент Давлат юридик институтининг 4-курс талабаси А.Тўйчиевлар хонадан чиқиб кетишди. “Мен сизга раҳм қилиб ўтирбман. Энди мендан кўрасиз. Сизни қаматмасам отимни бошқа қўяман” деб дўқ пўписага ўтди терговчи. “Қўлингиздан келмайди. Мен жиноятчи эмасман. Қонунга хилоф равишда иш тутсанги, Президентга арз қиламан” дедим. “Президентга бўлмаса, ундан каттасига шикоят қилмайсанми, қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Керак бўлса қўлимда журналистларни қамаш тўғрисида Президентнинг махфий Фармони бор” деди. Мен “Бу латифанг билан мени эмас, оқ-қорани билмайдиган оддий деҳқонни алдайсан”, дедим. Шундан сўнг терговчи ўз ваъдасининг устидан чиқди. Мен ўйланиб қолдим. Наҳотки, Президентнинг журналистларни қамаш тўғрисидаги Фармони борлиги рост бўлса…
Шуҳрат Муродов.
(давоми бор)
