Бугун таниқли адиб Ризо Обиднинг кўпчиликка яхши таниш бўлган ва доимий равишда ишлаб турган “РИЗОБЕК” сайтида янги эълонни ўқишингиз мумкин. Унда шундай дейилади׃
“Ўқувчилар диққатига!
Бундан салкам икки йил муқаддам ташкил этилган ушбу интернет нашрда журналист Ризо Обиднинг ижодига мансуб асарларни эълон қилиш режалаштирилган эди.
Вақт шуни кўрсатдики, бу саҳифада ўз асарлари билан чиқишни истовчи турли соҳаларда турли фаолият билан шуғулланувчи, Ер юзининг кўплаб мамлакатларида яшовчи замондош ўқувчи-мухлислар, муаллифлар сони кўпайиб бормоқда.Шу боис мавзулар қамровини кенгайтириш эҳтиёжи юзага келди.
Ўқувчи ва мухлислар истакларини инобатга олган ҳолда ҳамда “Ризобек” ижодий саҳифаси хусусийликдан умумийлик касб эта бошлагани учун ҳам унинг ўрнида “Замондош” номидаги интернет нашри фаолиятини йўлга қўйиб, ранг-баранг мавзуларда асарлар эълон қилиб боришга қарор қилдик.
“ЗАМОНДОШ” интернет нашри саҳифаларига аввалгидай www.rizobek.ucoz.ru шунингдек www.rizoobid.com манзиллари орқали ташриф буюришингиз мумкин.
Бизга мактуб йўлламоқчи бўлсангиз ёки саҳифа ҳақида фикр-мулоҳазаларингизни contact@rizoobid.com электрон манзили орқали йўллашингиз, шуниндек сайтнинг қайта алоқа хизматидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.
Сиз билдирмоқчи бўлган ҳар қандай фикр-мулоҳаза эътиборсиз қолмайди.
Азиз замондош – “ЗАМОНДОШ” Сизга демократия йўлида ҳамроҳ бўлади ва ҳақсўзни айтишга минбар бўлиб хизмат қилади!
“ЗАМОНДОШ” таҳририяти.”
“Туронзамин” таҳририяти бирор жойдан маблағ олмасдан ва ўз меҳнати билан сайтни доимий равишда юритиш осон эмаслигини билгани учун ҳам ҳамкору маслакдошимиз, адиб Ризо Обиднинг катта ишга чоғланганини қутлаймиз. Унга халқимизга хизмат қилиш йўлида куч – қувват, меҳнатининг ажрини Тангридан олишини тилаймиз.
Сафдошимиз “Замондош”га эса халқимизнинг азалий одатига кўра, “Оқ йўл!” деймиз!



