Биз ҳормас ва толмас ижодкор Ризо Обидни ҳаётнинг ярим асрлик довонини забт этгани билан чин дилдан қутлаймиз.
Ризо Обид энг яхши кунлардан брида- 1-январ куни таваллуд топган – шу кунни бутун дунё аҳли байрам қилади ва янги умидлар йўлига чиқади.
Узоққа бормайлик, фақат кейинги бир йилнинг ўзида Ризо Обид диктатура, зулмга қарши курашда ўзининг истеъдоди, қалами билан мардонавор жанг қилди ва кўпларнинг қалбига кураш иморатини солди.
Агар ҳамма ҳам ўз қўлидан келган ишни диктатурага қарши, зулмга қарши ва ёмонликка қарши қўйганда эди бугун инсоният бу қадар уқубат гирдобига ғарқ бўлмасди.
Оз бўлсада яхши зотларнинг ҳиссалари туфайли инсоният бутунлай бўғилмай қолмоқда.
Бу ҳақиқатни юракдан ҳис қилган Ризо Обид ҳар куни бир янги сўз билан майдонга чиқади. Қўлидан келадиганини бутунлай ишга солиб, ҳар куни бизга янги сўз айтади. Бу холис хизматдир !
Биз ҳеч бўлмаганда ана шундай холис хизматнинг қадрига ета олсак, бу ҳам илгарига қараб отилган одим бўлади.
Сафимизда Ризо Обид каби куюнчак бир адиб борлигидан ифтихор қиламиз ва унинг ўқувчилари у олтмишдан ошганда, етмишга етганда, саксондан сакраб тўқсон билан тўқнашганда, сўнг юз билан юзлашганда ҳам унинг асарларини ўқишда давом этадилар.
Чунки халқ дардини ёзган адибнинг асарлари асло эскирмайди.
Ризо Обид 50 ёшини она Ватандан олисларда нишонламоқда. Унинг кейинги юбилейлари Ватанда, жуда катта давралар, базмлар билан нишонланишини орзу қилиб қоламиз!
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, азиз дўстимиз, собитқадам сафдошимиз!
Демократик Ўзбекистон Конгрессининг фаоллари.
