Болаликда тараф-тараф,
Уруш-уруш ўйнардик.
Ёлғондакам ўлганларга,
Қараб-қараб кулардик.
“Урушимиз” якунида,
Тириларди “ўлик”лар.
Қўл ташлашиб яна дўстлар,
Уй-уйга тарқашардик.
Катта бўлдик, улғайишдик,
Ҳамон ўша-ўшамиз.
Аммо чиндан йўқ у давр,
Ҳувиллаган кўчамиз.
Кимлар кетди қай томонга,
Ҳаммасини билмаймиз.
Ҳаётми у ёки ўтган,
Сира парво қилмаймиз.
Энди бизнинг ўйин жиддий,
Ҳақ учун курашамиз.
Нафи бўлса сесканмайин,
Ўликла сўрашамиз.
Замон шундай дейишади,
Баъзилар кўп ўйламай.
Замон шундай бўлса ёнсин,
Ёнсин тилим сўйламай.




