ҚАЕРДА ИШЛАГАН ҲАММАДАН КЎРА АФЗАЛ?
Кичиккина бир воқеа эътиборингизга ҳавола қилганим мақолага сабаб бўлди. Шу билан бирга одамлар орасида энг муносиб иш, яъни касб ҳақидаги мулоҳазалар ҳам. Аслида бу эътибор беришга арзирли масала. Аммо дастлаб бир ҳолат юзасидан икки оғиз.
Мана шу сайт саҳифасида бундан бир неча муддат илгари камина томонидан бир мақола ёзилган эди. Мақола ҳам эмас, шунчаки тили бирмунча қўполлашиб қолган инсонга мурожаат эди. Мурожаат ёзилиб, сайтга жойлангач, камина бу ҳақда деярли унутаёзган эканман. Зеро, умид қилган эдимки, мен мурожаат қилган шахс тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаб олар деб. Ахир мен уни астойдил хафа қилувчи, унинг шахсиятига тегиб кетувчи ва ниҳоят уни жазавага тушишга мажбурловчи хунук иборалар ишлатмаган эдимда. Ягона айтганим, халққа фойдаси тегадиган иш билан шуғулланиш, агар бунинг имкони бўлмаса, тилни бемаза гаплардан тийиш илтимоси эди. Ахир бугун ўзбекистонликларга ким қаерда нимани дўндириб қўйиб, ўз издошлари орасида нима мақомга эришгани эмас, Ўзбекистоннинг бугуни эртасига нақадар таъсир қилиши, умуман унинг эртаси бўлиш-бўлмаслиги қизиқроқлиги аҳмоқ бўлмаган ҳар қандай инсонга маълум-ку, тўғрими?
Ана шу мантиқдан келиб чиққан ҳолда мен у инсонни бироз ўзгалар олдида хижолат бўлишга чақирдим, қолаверса ўз сайти орқали нималарнидир эълон қилиб халқ орасида маълум эътиборга қозонган инсонларни ҳақорат қилмасликни сўрагандим. Буни қарангки, мен мурожаат қилган инсон, яъни Юсуф Расулов менинг сўзларимни тўғри тушунгани ҳолда, негадир мутлақо тескари хулосалар чиқариб юборибди. Тўғри тушунгани шахсан менгаэътирози йўқ, нотўғри хуллоса чиқаргани эса, ўз хунук чиқишида давом этгани. Майли ўзига тан. Гапирсанг уқадиганга гапирганинг маъқулда ахир, шундай эмасми. Аммо, бу сатрларни ёзишга мажбурлагани бошқа нарса. Биродар, мен афсуски Ҳусниддин Қутбиддинов эмасман, афсус. Нега афсус дедим, сабаби менинг учун ўша йигитдай бўлиш хавас. Унинг жавобини қаранг, ана шу жавоб ҳам сиз билан мен ва ўша йигит ўртасидаги фарқнинг эҳҳе қанчалар эканини кўрсатиб турибди. Балким энди бироз уялиб, тўғри қилинган маслаҳатдан, тўғри хулоса чиқарарсиз деган умиддаман…
***
Ана энди мақолага қайтсак. Ишонинг бугунги кун ўзбекистонлик учун сарлавҳада қўйганим саволдай муҳим савол йўқ. Истаган авлод вакиллари билан суҳбатлашсангиз ўша савол гап орасида бирров “лип” этиб ўтади. Ҳатто ўзбекистонлик бўлмаган инсон, бу мамлакатда касблар танқислиги мавжудми нима бало, деган гумонга бориши мумкин. Аммо бунинг асл сабаби, мутлақо бошқача. Яъни касб ҳақидаги масаланинг бу қадар ўткир туриши фуқаронинг кейинги тақдири нақадар тинч ва бехавотир кечиши билан боғлиқ. Бошингизни силкиганингизни сездим, тўппа-тўғри, чиндан ҳам бу масала жуда ҳам муҳим ва долзарб. Айниқса оддий (барча масалаларда) фуқаролар учун.
Менинг (Ю.Р.дан фарқли) анча доно дўстларим бор. Энг қизиғи улар чунонам кўпки ҳар биридан бир шингилдан нимадир олсам, бир ой ҳазм қилиб юришга етади. Шу боис мана бу сизнинг эътиборингизга тортиқ қилганим масалада ҳам уларнинг доно фикрларини ўрганиш учун, дўстларни бир пиёла чой-ю, бир лаган (аммо лаган биттадан анча ошиб кетдику-я…) ошга таклиф қилдим. Ўзим бу таомни тайёрлашда у қадар моҳир бўлмаганим боис, қўшним ошпаз амакини чақирволдим. Яхши қилган эканман, амакимларнинг фикрлари ҳам анча асқотди. Хуллас йғилишдик. Чойни ичишдик, ошни ейишдик, яна ейишдик… кўк чой ўзиям ошдан кейин а? Ҳай майли, мақсаддан чалғимай…
Хуллас мавридини топиб шартта масалани ўртага ташладим, ну-у, ким нима дейди а? Орамизда гавдаси туфайли “давра боши” бўлиб қолган (ҳеч ким бу мансабга уни алоҳида танлаган эмас, шунчаки гавдасининг ўзи масалага қатъий нуқта қўйган, қолаверса гавдани кўрган чоқ “эътироз” ҳам Швецарияга кетворар экан, қочиб…). Ўша дўстимиз ўз таҳминини айтди, унинг фикрича Ўзбекистондаги энг зўр касб бу “ресторан директори бўлишлик”. Негадир ҳеч ким бунинг боисини сўрамади, ҳамма дўстимиз гапини тугатиб улгурмай бир овоздан “вот именно, тўппа-тўғри” деб юборди. Ҳозир эсласам ҳатто у гапини бошламай олдиноқ, “вот именно” дейилган эди-ёв… Анча муддат сукут ҳукмрон бўлди. Сўнг ана шу гавдали дўстимиз, “бошқа фикрлар йўқми?”, деб сўради. Тағин сукунат. Шу пайт амаки (ошпазчи эсингиздами? Ҳа, айтганча, ошпаз амакининг исми “Б”га бошланади, бу Ю.Р. учун эслатма, тағин уни ҳам Ҳусниддин деб юрмасин) бошни қашиганича, “менимча касбнинг зўри АҚШ элчихонасида консуллик бўлимида ишлаш” деди.
Аввал дўстлар, ия нима деяпсиз, дегандай кулгу кўтармоқчи бўлишди, аммо анави тасвирлаб ўтганим гавда эгаси “ох-хо, тоже правилна” деган эди, ҳамма “оббо амаки-е, топиб айтдингиз-ку а?” деди. Ана шу ҳолат менинг жаҳлимни чиқариб юборди, гавдали дўстимнинг қорни яхши тўйгани, бу эса ҳар қандай ҳуружнинг маълум маънода олдини олишини эслаб шартта эътироз билдирдим. “Бошқа касблар ҳам бордир, ахир?” дедим. Баъзан ана шундай қизишиб кетаманда… Шундан сўнг, “еган оғиз уялар” ақидасига мувофиқ дўстлар бирин кетин “ёрилиш”ни бошлади. Улардан бири масалан, “менимча, бугун учун энг зўр касб СНБда ишлаш” деган бўлса, яна бири “прокуратура ҳам ёмон эмас” деди. Қаерга борса сканворд олволиб, ундаги тўртта сўзни аранг топа оладиган яна бир дўстим эса бу икки таҳминни пачоқ қилди. “Э-э, СНБ ҳам, прокурор ҳам ҳозир ҳеч нарса эмас, Ўзбекистонда сразу или президент бўлиш керак, или Ўзбекистондан кетиш керак”, деди у. Аввал давра боши, сўнгра биз кулиб юбордик.
Умуман олганда унинг гапи анча мантиқли топилди. У ҳатто буни ўзича изоҳлаб ҳам берди. “Масалан, ҳеч қайси қонун, қарор сен учун кучга эга эмас, йўлинг ҳамма вақт очиқ, чет элга бемалол чиқаверасан, бутун мамлакат аҳли аранг 65 ёшгача яшаса, сен 101га кирсанг ҳам йиқилмайсан, хуллас кайф”, деди сканворд “устаси”. Шу пайт сигаретининг сўнгги донасини олиб, синиб кетгани боис сўкиниб нари отган яна бир дўстимиз сўзга аралашди. Унинг айтган сўзи энг оригинал деб топилди. Унинг мантиқига кўра, “Ўзбекистонда зўр яшаш учун президент бўлиш шарт эмас, унинг қизи бўлиш ҳам зўр оғайни, даже лучше”. “Ўғли бўлиш дегин”, дедим уни адашган санаб, у эса бош чайқагани ҳолда, “ўғли бўлмайдида унинг… қанақанги фантазияларга берилган чоғингда ҳам халқни ҳурмат қилиш керак-ку ахир, қизи шунчалик бўлганда ўғлини тасаввур қил”, деди кашанда. Ҳамма тағин кулиб юборди.
Бу сафар компьютер устаси бўлган дўстим ўз фикрини айтди. Унинг айтишича энг зўр иш бу, етук компьютер программачиси бўлиш. Зеро, ана шу касб эгалари бугун Ўзбекистонда “дефицит” экан ва шунинг учун ҳам бозори чаққонмуш. Ажойиб фикр, дедим мен унинг елкасини қоқиб. “Мелиса бўлиш ҳам в принципе яхши”, деди табиатан кам овқат ейдиган ва шу боис ҳамма қовурғасини ўн етти метр наридан ҳам бемалол кўриш мумкин бўлган яна бир дўстим. Давра боши унга бир қарадию, “так и рождаются козлы”, деди. Ҳамма кулиб юборди. Хафа бўлган дўстимиз эса, “нега куласанлар, ахир бугун ким, нима иш қилмоқчи бўлмасин шу касб эгаларига юзма-юз келадими? Ҳа. Шуларга узатадими? Ҳа, демак…” деб ўз фикрини ҳимоя қилишга тушди. Шу пайт ошпаз амаки, “у ҳолда энг зўри судья бўлишлик экан”, деб юборди. Вообшето тўғри, тўҳтовсиз “олиб” юрасан, деган иддао билан ошпаз амакининг гапини маъқулладик.
У ёғига қий-чув кўтарилди, сабаби дўстлар қизиқиб кетиб униси яхшироқ, буниси яхшироқ дейишга тушган эди. Супермаркет эгаси бўлишлик ҳам айтилди, ЖЭК бошлиғи бўлишлик ҳам, у ёки бу ишлаб чиқариш директори, президент маслаҳатчиси, Бош вазир, унинг ўғли ёки ўринбосари, чет элда элчи бўлишлик ҳам эсланди, шифокор бўлишлик, қурувчи фирма бошлиғи, тан соқчи… Тан соқчи? Ҳамма бирдан жим бўлиб қолди. Яъни? Бу таҳминни ўртага ташлаган дўстимиз изоҳлашга киришди, “масалан президентнинг тан соқчилари ҳам яхши яшайди, улар ҳам почти президент-ку”…
Анча ўтирдик, яна бир нечта қулай касблар эсланди. Сўнгра ҳаммамиз кўчага чиқдик. Вақт алламаҳал бўлгани боис айрим дўстлар дарҳол кетиб қолди. Мен яна уч дўстим ва ошпаз амаки эса яёв кетдик. Йўлда ким нима деганини эслаб чунонам “хо-хо”лабмизки, ҳатто кеч бўлгани, мумкин одамлар уҳлаётганини унутибмизу. Бир маҳал, “ғийқ” этиб ёнимизга иккита милиция машинаси келиб тўхтади. Ҳеч бир сўзсиз машинага чиқиш айтилди. Чиқдик. Милиция бўлинмасига келганимиздан сўнг ўта қўпол оҳангда суҳбат бошланди. Ундоқ десак ҳам, бундоқ десак ҳам бўлмади. Тамом, бўлинмада тунаймиз, чоғи. Анча овора қилишди, ниҳоят протокол деган нарса қоралана бошланди. Милиция ходимлари беш ўғлоннинг исм фамилиямиз, туғилган йилимиз, уй манзилимизни ёзиб олгач, ким қаерда ишлаши ҳақда сўради. Энг қизиғи шунда бошланди. Биринчи бўлиб ошпаз амаки боплади, мен фалон заправкада (ёқилғи қуйиш шахобчаси) ишлайман, кимга қарашли эканини биларсизлар-ку а, деди. Милиция ходими жим бўлиб қолди…
“Сиз қаёқда ишлайсиз”, кейинги дўстимизга мурожаат қилди милиция ходими, “радио Террада” деди у (Г.Каримовага қарашли) ҳам жиддий туриб. Милиция ходимининг ютунгани, назаримда қўшни хонага ҳам эшитилди-ёв. Кейинги дўстим “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси бошлиғи ўринбосари бўлди (Лола Каримованинг жамғармаси), яна бири “такси Фортуна” молиячиси, тўртинчи дўстим “Фонд.Форум.уз” (бу ҳам Г.К.га қарашли)да ишлашини, айтди. Милиция ходими унга қараб анқайиб туриб қолган эди, дўстим хоҳламайгина бу нелигини ва ким томонидин ташкил этилганини билдириб қўйди. Милиция ходими яна ютинди. Навбат менга келди, азбаройи калламга ҳеч қандай таниқли ташкилот келмагани боис, эркин журналистман дедим. Милиция ходими ёзгани қоғозни кўтариб қўшни хонага чиқиб кетди. Сал ўтмай чой, қанд, иккита нон ва қайноқ кабоб кўтарган икки милиция ходими, уларнинг кетидан яна иккитаси кириб келишди. Улардан бири бўлинманинг каттаси, бугун туғилган куни экани ва шу кабобларни бизга илинганини айтди.
Чой ичилиб, кабоб ейилгач дўстларни кузатишди, менга эса бироз кутиш айтилди. Ўн дақиқа ўтгач мени ҳам қўйиб юборишди. Милиция бўлинмаси коридори бўйлаб борар эканман, кузатиб бораётган милиция ходими, “ака, дўстларингиз катта одамлар экану а, бошлиқ бояги қоғозни кўриб, қўрқиб кетди”, деди. Индамадим. “Сизни кечроқ кузатаётганимизнинг боиси, бир икки жойга қўнғироқ қилиб, эркин журналист нима дегани ҳақда сўрашни буюрганди” деди. “Сўрадингларми?” қизиқдим ундан, “ҳа” деди у. “Нимайкан?”, милиция ходими узоқ жим борди-да, дарвозадан чиқариб юборар чоғи, “дўстларингиз яхши жойда ишлашар экан, ака” дедию, ичкари кириб кетди. Ташқарида ошпаз амаки ва уч дўстим кутиб турарди. Қайта кўришдик ва индамай йўлга тушдик. Анча йўл юргач, бўлиб ўтган воқеани эслаб кулиб юбордим, дўстлар ҳам кулишди. Ошпаз амаки эса, “тинчликми?” деб сўради. “Қаерда ишлаш яхшироқ экан?”, дедим мен кулишда давом этиб. Яна ҳамма кулиб юборди…
Нидои Мазлум.
