БУГУН БАЙРАМ ДЕНГ…
Бир, жуда ҳам қаттиқ ҳурмат қиладиганим инсон, мақоладаги энг мураккаб нарса бу сарлавҳадир, деганида гапнинг очиғи ҳайрон бўлган эдим. Назаримда, менга қўйиб берса бутун дунё мақоланавислари учун семечка чақиб ўтириб сарлавҳалар топиб берадигандай туюлардида. Аммо бугун, мана шу мақолани ёзишдан аввал камина тоза хуноб бўлдим, сарлавҳа тополмай. Тўғри, ундай-мундай сўзлар келди калламга, аммо ёқмади, барибир ўхшамаётгандай туюлди. Ана шу пайт беихтиёр ўша танишимнинг айтиб ўтганим сўзларини эсладим ва уни маъқулладим. Шу боис, сарлавҳа сал ўхшамайроқ турган бўлса узур…
Бугун 1 июн, Ўзбекистонда бу кун билишимча, “Болалар куни” сифатида нишонланар экан. Аслида унинг қай тарзда ва нечоғли қизғин нишонланиши ҳақида бирор газетада нимадир ёзилиб чиқмаса ҳеч ким билмайди. Мақола билан танишаётганлар майли айтинг, сиз бугун шу байрамнинг қаердадир нишонланаётганини ўз кўзингиз билан кўрдингизми? Йўқ, кўрмагансиз, фақат ЎзМААнинг (Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги) сайтида ёки бирор ҳукуматга яқин нашрнинг саҳифасида чоп этилган аллақайси жойдаги, аллақандай байрам тадбири ҳақида ўқигансиз, холос. Ўша аллақайси жойлар ҳам бирам моҳирона топиладики, қўяверасиз. Нега биласизми, токи ҳеч ким байрам аслида нишонланмаганини исботлаб қўймасин учун, қойил-а?!
Хуллас, гарчи нишонланмаса-да бу кун Ўзбекистонда “Болалар куни” сифатида тан олинган. Аслида эса бу кун, “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” ҳисобланади ва демакки у кунни нишонлар чоғи, аввало президентнинг ўзи, Бош вазир, тегишли вазирликлар ва болалар билан шуғулланувчи муассасалар ҳисобот бериб, мана шу йил давомида неча боланинг, қай тарзда, қайси ҳуқуқлари ҳимоя қилингани, бу ҳуқуқларни бузаётган нечта шахс жавобгарликка тортилгани ва улар кимлиги ҳақида гапиришлари керак, шундай қилинадими? Албатта йўқ, зарурмикан шу…
Камина шу кун ҳақида нимадир ёзиш мақсадида кўча айландим, марказий кўчаларни ҳам кездим. Катта-катта кино уйлари ёнидан ўтдим, концерт заллари ёнидан ўтдим, президент деъвони ёнидан ҳам тезда ўтволдим… Нима учун кездим, сабаби қани, қаердадир шу байрам кенг нишонланиб, кўчада ўтиб кетаётган оддий болажонларга, кимнингдир НЕВАРАСИ, БОЛАСИ, УКАСИ, СИНГЛИСИ эмас, шунчаки кўчадан тўсатдан ўтиб қолган болажонларга нимадир улашилаётганини кўрармиканман, девдим. Тошкентда анча номи машҳур бўлиб кетган қант ишлаб чиқариш корхоналари, муз қаймоқ (маружнани айтаябман), ширин ичимликлар, масалан Кока-кола, Фанта, Спрайт шунчаки текинга тарқатилиб, болажонларимизга ўзига хос байрам қилиб бераябмизмикан деб умид қилгандим. Йўқ. Жим-жит.
Пойтахтдаги энг йирик ўйингохлар, анави Диснейлэнд деганлари, кинохоналар ва концерт заллари, истироҳат боғлари кимга қарашли эканини назаримда ҳамма билади. Ўша КИМдир ҳеч бўлмаса бир кунни шу замин болаларига совға қилиши, Тошкентда туғилиб ҳали бирор марта Диснейлэндда бўлмаган болажон учун шундай имконият яратиб бериши мумкинмиди? Мумкин эди, аммо… Кока-кола, Фанта, Спрайт кимга қарашли? Ҳеч бўлмаганда анави қоғозли стаканчаларда кўчаларга олиб чиқиб, учраганки болажонга ўша ичимликдан тутқазиши, музқаймоқнинг истаганидан, майли у 5000 сўмлик бўлсин бериши мумкинмиди? Мумкин эди, даромадига зарар етмаслигини биламиз-ку, тўғрими? Аммо… Нега? Чунки аслида, ҳўв теппароқда айтиб ўтганимдай, бу кун биз учун у қадар муҳим кун эмас, шунчаки календаримизда қизил рангда белгилаб қўйилган кун, холос.
Хуллас, кўча айланиб бундай манзараларни кўрмадим. Аммо бошқачасини кўрдим. Масалан ҳар бир масжид биноси ёнида (ахир, бугун жумъа) қўл чўзиб садақа сўраётган тиззам бўйли қизалоқ ва болажонларни кўрдим, одам гавжум жойларда оёқ кийимларимизни жон деб (маълум миқдордаги миннатдорчилик эвазига, албатта) тозалаб қўйишга тайёр болажонларни, автобуслардан йўл кирага тўларли пули йўқлиги учун тушуриб юборилаётган фарзандларимизни, анави Аквапаркимиз эшиги ёнида ютиниб турган болажонларимизни кўрдим. Юрагим эзилди…
Бир Интернет-кафе ёнидан ўтаётиб унинг ичи тўла болажонлар эканини кўрдим, севиниб кетиб ичкари мўраладим. Битта ёки иккита ўзбек боласини айтмаса қолганларининг ҳаммаси ўрис, корейс, арманими гуржими, шунақа. Кафени бошига кўтариб аллақандай ўйинларни ўйнаябди. Бир соат ана шундай ўйин ўйнаш неча пуллигини сўрадим. Арзон экан. Кўчага чиқиб қарасам, уч-тўртта ўзбек болажонлар турган экан, чақирдим. Ичкарига олиб кириб пулини тўладимда, уларни ҳам ўша ўйинлардан ўйнашга ундадим. Ишонасизми болаларнинг кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Негаки шўрликлар бунақа муносабатни кўришмаганда. Ҳайрон қолишди. Кўзларидан уққаним, “бу амаки нима учун бизга ўйин ўйнаш учун имконият қилиб беряпти, бир гап бор-ов”… Сўнгра улардан бири, “ойимла чақирвотудила, биза анави дўконга чиққан эду”, дедию кўчага отилди, унинг кетидан қолган болалар ҳам…
Нима қиларимни билмай Интернет кўришга аҳд қилдим. Зеро, Интернет-кафе эгасининг шубҳали қарашлари ҳам бироз хижолат қилиб қўйгандида. Интернетни очдим, “кафе” бўлгани учун табиий кафеда кўриш (эркин тарзда демоқчиман) мумкин бўлган сайтлардан бирини очдим. Очдиму кулиб юбордим, бунга мана бу “O‘zbekiston Respublikasi davlat mustaqilligining o‘n olti yillik bayramiga tayyorgarlik ko‘rish va uni o‘tkazish to‘g‘risida” сарлавҳа остида эълон қилинган фармойиш сабаб бўлди. Бу қурғур байрамнинг нишонланар кунига қадар ҳали икки ой бор, аммо ҳозирдан тайёргарлик кўриш уқтирилаяпти. Аммо бугунги кунни қандай ўтказиш, қандай байрам тадбирлари уюштириш ҳақида президент жим. Аслида бу ҳам тушунарли, ахир анави байрамда шахсан ўзлари ва ўзларининг ёнидагилар ёзиладида. Бу худди бир-икки дўстлар билан ресторанга бориш аввалидан, ресторан маъмуриятига телефон қилиб, бизга фалон-фалон жойларни ҳозирлаб қўйинг, деб заказ қилишдай.
Интернетни ўчириб энди эшик ёнига келган эдим, икки милиция ходими билан уч-тўрт аёллар кириб келди. Интернет кафечи бола билан нималарнидир гаплашгач, милиция ходимлари ёнимга келиб ҳужжат сўрашди. Олмабман дедим. Бирга юринг, дейишди, майли деб кетларидан эргашдим. Аёллар ҳам. Ўн-ўн беш метр нарида милиция таянч пункти бор экан. Кирдик. Ёши каттароқ ва елкасидаги чизиғи кўпроқ бўлган милиция ходими сўроқ қила бошлади, индамай муддаони суриштирдим. “Болаларга тегажоқлик қилгансиз, деган сигнал тушдида, ока” деди у. Пешонам терлаб кетди, нима? Аёллар бирин кетин буралаб сўкишни бошлади, кўнглим айнаб кетди. Бир маҳал эшиг ёнида (мелисахона эшигини назарда тутаябман) бояги болажонлар пайдо бўлди. Э-ҳа, ана гап нимада экан. Кулиб юбордим, бугун байрам экани, болажонлар бир четда қимтиниб тургани боис, раҳмим келиб байрамга совға қилай деган умидда Интернет-кафедаги ўйинлардан ўйнашга таклиф қилганимни айтдим…
“Байрам, денг… хм-хм, қанақа байрам?” қошлари чимирилиб сўради бояги катта милиция ходими. “Ахир бугун болалар куни-ку!”, жавоб қилдим мен. Оналар болаларга, болалар оналарга, мелисалар эса бир-бирига бир қараб олдиларда, томоқларини қириб, майли бораверинг, деб каминани қўйиб юборишди. Таянч пунктдан чиқар чоғи, оналарга қараб, “узур, билмай байрам совға қилмоқчи бўлибман, тавба қилдим”, дедим. Улар индамади. Йўлда кетиб борар эканман, бир масжиддан тумонат одам чиқиб келаётганини кўрдим. Ўша томонга яқинроқ бориб қарасам, уч-тўртта болажонлар ёлвориб пул сўрашаябди. Йўлкирага тўрт юз сўм олиб қолдимда, қолган бор пулимни болажонларга улашдим. Дуо қилишди. Уларнинг дуоларини эшитиб турар эканман, масжид ичидан чиқиб келаётган милиция ходимига кўзим тушди, тўғрироғи унинг юзига эмас, елкасидаги чизиқларига. Анави милиция ходимини эслатгани боис, шартта бурилдиму чунонам югурибман, қўяверасиз…
Уйим ёнига келиб қарасам уч-тўртта қўшни болажонлар, эскироқ бир баклажкани (ҳўв опамизнинг ичимлиги қуйиб сотиладиган пластмасса идиш) футбол қилиб ўйнашаябди. Шартта уйга кириб, бир четда ётган коптокни олпчиқиб уларга бердим, мана ўйнанглар, биз эса балелшик деб. Болалар ҳурсанд бўлиб ўйинга киришиб кетишди. Мен эса уларга, “байрамларинг билан, меҳрибонларим!” деб уйга кириб кетдим. Тағин мелиса келиб қолиб… билиб бўладими…
Илҳом Мўминов, “Туронзамин” мухбири
