НОН МУҲИМРОҚМИ, Ё КОММУНАЛ ТЎЛОВ?..

Агар аҳолининг топган пули ейиш-ичишдан ортмаса ёки бирламчи истеъмол қилиш зарур бўлган озиқ-овқатларга ҳам етмаса, у коммунал тўловлар ҳақида ўйлайдими? Йўқ, албатта. Одамлар ўзининг энг дастлабки эҳтиёжларини қондирмагунга қадар иссиқ ва совуқ сув, газ, электр каби коммунал йиғимларни тўлашга эътибор бермайди. Айниқса, коммуналкага пул тўлашни хоҳлаган тақдирда ҳам бунга қодир бўлмаган Ўзбекистон шароитида.

Ўзбекистонда коммунал хизматларни амалга оширишнинг ўзи жуда ҳам қийин бир иш. Аҳоли газ сув ва ҳаводай зарур бўлган қишнинг қаҳратонида оловсиз ўтиришга мажбур. Газ йўқ бўлса ҳам майли, қўлбола иситиш воситалари билан уйларни амаллаб илитиш (иситиш эмас) мумкин бўлар. Бироқ ана шундай мураккаб бир вазиятда электр энергияси ҳам бўлмаганда кейин фуқаро бошини қайси деворга уришни ҳам билмай қолади. Бу-ку коммунал хизматларни йўлга қўйиш-ку ўз йўлига. Бироқ ҳаммасидан ҳам ана шу чала-ярим етказилаётган хизматларга пул тўлаш фуқаро учун тоғдай оғир вазифа бўлиб қоляпти.

Ўзбекистонда аҳолининг 70-75 фоизи коммунал тўловлардан турли даражада қарздор десак муболаға бўлмайди. Сабаби аён: ўртамиёна катталикда квартиранинг иссиқ ва совуқ сув, газ, электр ва ҳоказо хизматлари учун тўлов ўртача иш ҳақидан ҳам бир неча маротаба кўпроқ чиқади. Катта-катта ҳовлилардаги коммунал тўловлар ҳақида эса умуман оғиз очмаса ҳам бўлади…

Бундай ҳолатда эса табиий равишда аҳолининг коммунал тўловлардан қарзи ошиб бораверади.

Коммунал тизим мутахассисларининг маълумотига қараганда, аҳоли 10-15 минг сўмлик қарзларга эътибор ҳам бермай қўйган. Электр ёки газдан 100-150 минглаб қарзи бор фуқаролар кўпайган бир пайтда зикр қилинган миқдор арзимас ҳам бўлиб қолган. Масалан, айни пайтда республиканинг энг зич вилоятларидан бири саналган Наманганда аҳолининг газдан қарздорлиги 7,5 млрд. сўм ёки 6 миллион долларга етган. Бу рақамни айтмоққа осон. Агар уни бутун вилоят аҳолисига тақсимлаб чиққанда ҳам ҳар бир хонадоннинг ойлик даромадига тўғри келади.

Ўзбек халқида менталитетида шундай хислат бор: ўзбек агар ўзи муҳтож бўлса-да, камбағал бўлса-да, бировга бош эгиб қарз сўрашни ёқтирмайди. Агар қарз олса ҳам уни қайтармагунча соҳиби сармояга кўринмасликка ҳаракат қилади. (албатта, бу фазилат ҳозир жуда камёб бўлиб кетган). Шу маънода ор-номусли кишиларнинг қарзи шу даражага етганидан ҳам билиш мумкинки, аҳвол жиддий даражада оғирлашган. Агар бу ёғида пул бўлганда, давлатнинг таънаю маломатларига фуқаро бир кун ҳам тоқат қилмаган, гарданидаги қарзни зумда тўлаб юборган бўларди.

Айни пайтда коммунал тўловлардан қарздорлик масаласи Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг севимли мавзуларидан бирига айланган. Матбуот ҳам, телевидению радиоканаллар ҳам қарзи кўп фуқароларни уриб чиқишга тушиб кетган. Фуқаро барибир фуқаро-да. У ҳокимият ёки давлат идорасимидики, танқид қилаётганларнинг танобини тортиб қўйса. Шундай бўлгач, журналистлар бемалол ўзи шундоқ ҳам аҳволи абгор аҳолини танқид қилишни давом эттиришяпти. Бироқ коммунал хизматларнинг сифати қандай? Мамлакатнинг вилоят ҳудудларида нима учун кунига бир эмас, 15 маҳал электр энергияси узиб қўйиляпти? Нима учун аёзли қиш кунларида газ деган матоҳ анқонинг уруғи бўлиб кетди? Албатта, бу каби нозик саволларга журналистлар жавоб беришмайди. Бундан кўра давлатнинг ижтимоий буюртмаси билан бетавфиқ ва масъулиятсиз фуқарони танқид қилиш ва шу йўл билан очко олишни афзал билишади.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг вилоят ҳудудларига яна бир ачинарли ҳолатни кузатиш мумкин. Коммунал тўловларни йиғиш учун соҳа вакилларининг кучи етмай қолдими ёки таълим тизими ходимларининг ҳам ўзлари каби бекорчихўжа деб ўйлашяптими, ишқилиб, охирги пайтларда турли ╚бож-хирожлар╩ни йиғиш учун ўқитувчилар ҳам жалб этилган. Эндиликда мактаб арзимас пул эвазига асаббузарлик билан дарс ўтаётган муаллималар сабоқдан кейин ёки ўзи шундоқ ҳам фойдасиз дарсларни ҳам ташлаб аҳолидан пул йиғиш учун хонадонма-хонадон юришга мажбур бўлишяпти. Ўш авлодга сабоқ беришдек жиддий иш қолиб уйма-уй пул йиғиш билан шуғулланаётган ўқитувчининг шогирдлари эртага ким бўлиб етишишини айтиш қийин…

Ўзбекистонда шундай хонадонлар борки, кунлик озуқаси — нон-ошини кунлик меҳнати билан топади ва, таассуфки, бундай оилалар кўплаб топилади. Улар учун эса ╚Топган чой-чақамга нон сотиб олган маъқулми ёки тобора ўзидан кўпаяётган коммунал қарзларни тўлаган тўғрими?╩ деган савол жуда жиддий муаммо бўлиб турибди…

О. Азизов(erkinminbar).

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s