ЮСУФ ЖУМА
Маҳшар билан қўрқитма…
Маҳшар билан қўрқитма, минг маҳшарингни кўрдим
Ҳар одаминг минг сақар, бор сақарингни кўрдим.
Ёр лабига етмасам Кавсаринг ҳам заҳардир,
Бор заҳарингни ичдим, бор заҳарингни кўрдим.
Кав бўлиб – бало бўлиб сафар этдинг дунёга
Эй фалак қутурган ит бор сафарингни кўрдим.
Мен мазлумман, сен золим, яратиб қопдинг нечун,
Сароб экан, водариғ, шамс ахтарингни кўрдим.
Тағин шўриш Юсуфни қўрқитасан мустабид,
Ҳар одаминг минг сақар, бор сақарингни кўрдим.
Advertisement
