ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИМИЗНИ КЎРГАНМИСИЗ?..
Бугун ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Тошкент халқаро аэропортида бир маротаба бўлса-да бўлган, жилла қурса ёнидан ўтган, суратини томошо қилган, кимдандир эшитган борингки, оз-моз тасаввурга эга. Бугун ана шу аэропорт ҳақида, унда кузатганим ҳолатлар ҳақида тўхталмоқчиман, зеро халқаронинг иш услуби “халқаро” тўғрисидаги ҳар қандай тасаввурни ағдар-тўнтар қилгулик. Ҳикоя қилмоқчи бўлганим воқеа шу кунларда, каминанинг ўзга давлатлардан бирига сафари пайтида рўй берди. Аслида ўша ҳолатга дуч келган пайтим уни кимгадир ҳикоя қилиб бериш фикри ҳаёлимга келмаган эди ҳам. Аммо, орадан бироз вақт ўтгач, ҳалигидай асаб танглик чекиниб ўрнини енгил кулгу эгаллагач, қўлга қалам олинди, токи кўкрак кериб томоқ йиртаётганлар билсинки, мақтанишга ҳали анча эрта…
Самолётимиз тонгги соат 06:00 ларда Тошкент халқаро аэропортидан қўзғалиб, бормоғимиз шарт бўлган мамлакат сори учиши керак. Шу боис халлослаганча тонгги соат 03:30-04:00 ларда аэропортга етиб келдик. Ким яёв, ким таксида, яна ким қандайдир бошқа усулда, хуллас ўша ерда жам бўлдик. Айрим сафардошлар билан танишиб олдик ҳам. Ахир бирга учамиз, бирга насиб қилса қўнамиз ва балким, сафар давомида бирга меҳмон бўлаётганимиз давлат “ютуқ”ларидан ҳайратланармиз, қисқаси танишиб олдик…
Сафардошлардан бири, адашмасам хоразмлик эди, “таможенний декларатсия” деган қоғозни қоралаш шартлигини айтди. У ёқ-бу ёққа учишда анча-мунча тажрибаси бордай туюлгани учун йигитнинг таклифига сўзсиз амал қилдик ва қошларимизни чимирганча қурғур декларатсияни тўлдирдик. Орадан бир муддат ўтгач, овоз узатгич карнайлардан бир аёлнинг мафтункор овози эшитилди, фалон-фалон жойларда учиш нияти борлар учун регистратсия деган жараён бошлангани ҳақда. Шундай ниятимиз бўлгани боис айтилган жойда саф тортдик. Тушунарлироқ айтадиган бўлсак “ўчирид”га турдик. Ўчиридимизни қабул қилаётган қиз чипталаримизни олиб, компьютерга бир нималарни ёзарди, шундан сўнг унинг ён томонидан бир парча қиғоз чиқарди, бу қоғоз кейин билсам, самолётда маълум бир ўринга эга бўлиш имконини берувчи муҳим ҳужжат экан. Тараққиётни қаранг…
Қиз шошмасдан, ҳар бир чиптани бафуржа ўрганиб, боз устига қўшни компьютерда бошқа бир йўналиш бўйича учиш ниятида саф тортганларни қабул қилаётган касбдоши (назаримда шундай деб аташ нотўғри бўлмайди, зеро уларнинг иши бирку) билан икки-уч жумла алмашиб олишга ҳам улгурарди. Баъзан жумлаларда қандайдир муҳим иборалар учраб қолганда иккала қиз ҳам ишдан тўхтаб, бир бирига маъноли боқиб олардида, маъноли бош ирғагач, елка қисганлари ҳолида яна машғулотини давом эттирардилар. Албатта, бу ҳолат йўловчилар (яъни биз ва биз кабилар)ни бироз хавотирга соларди, сабаби чиптамизда аниқ қилиб кўрсатилганидай самолётимиз ярим соатдан сўнг шартта ҳавога кўтарилмоғи лозим эди. Қурғур регистратсиядан эса атиги учта ёки тўртта одам ўтиб улгурган эди, холос.
Биздан уч-тўрт қадам олдироқда турган аёл (у адашмасам сафда ё ўн тўртинчи, ёки ўн бешинчи эди) компьютер қаршисида ўтирган бизнинг (сабаби у бизнинг чипталар билан машғул эди-да) қизга эътирозли луқма ташлади, сал тезроқ қарасангизмикан, деган маънода. Бу гап негадир хонимни андак хафа қилди, ишини тўхтатиб луқма эгасига нишли нигоҳ ташланди, лаблар билинар-билинмас қимирлади, афтидан луқма эгасининг энг яқин қариндошларидан бирининг шаънига илиқ жумлалар ишлатилди-ёв… Шундан сўнг қиз яна чипталарни қабул қилишни давом этди, табиий унинг ҳаракати ҳар қандай эътирозларга ўша заҳоти нуқта қўйганди, зеро эътироз ҳам вақт олишини билдик.
Азбаройи сабр қилиб қизга чиптамизни узатиш бахтига мушарраф бўлдик. Шу пайт қиз ўриндиғининг суянчиғига тисарилдию, “уффф”, деб юборди. Рангим ўчиб кетди, нима бало рўй берди! Бизнинг “халқаро” аэропорти иш механизми билан яқин таниш бўлмаган ҳар қандай инсон бу каби “уффф”дан жиддий ҳавотирга тушиши табиий. Ахир ўйланасанда киши, нима сабабдан қиз тушмагур бундай ҳолатга тушиб қолди экан, деб. Яратганга шукур, гап бизда эмас экан, компьютерда ўтирган қизда ҳам эмас. Йигирманчи асрнинг ноёб кашфиёти бўлмиш компьютернинг ўзида экан. Фамилиям сал оғирроқ келдими билмадим, ҳар қалай компьютер бечора “ғиррр-чулп” этдию, ўчиб қолди. Тўғрироғи компьютер қаршисида ўтирган қиз айтмоқчи “қотиб” қолди.
Изоҳ: Компьютер деганлари “қотиб” қолганда, унинг ойинасида кўриниб турган тасвир қимирламай қолиб, унга нимадир қўшиш, ундан ниманидир олиб ташлаш ва ниҳоят бу ҳолатга қандайдир таъсир ўтказиш абсалютна мумкин бўлмай қолади. Ўлгудай қайсар бўлгани ҳолида компьютер қурғур тоза иззатталаб ҳам экан, так что билиб қўйинглар…
Қиз компьютернинг у ёғига эгилиб аллақайси тугмасини, бу ёғига эгилиб яна қайсидир тугмаларини боса бошлади, шу пайт бирин кетин қўшни компьютерларда ўтирган қизлар ҳам, сиз ва биз учун уже таниш бўлиб қолган садони чиқаришди, яъни “уффф”… Тушундингиз деб ўйлайман не учунлигини… Уларга ҳамоҳанг равишда биз, яъни учиш ниятида келганлар ҳам “уффф”, деб юбордик, бўлиб ҳам ўзбеклар ўзбекчасига, руслар русчасига, немис ва инглизлар ҳам бор эди, улар ўз тилларида. Уларнинг “уффф”и негадир “фақ” деб бошланди, қизиқ а?.. Компьютернинг қайта ишга тушиши тахминан ўн беш дақиқа вақт олди. Аммо мендан сўнг яна тўртта одам бояги муҳим ҳужжатни олишга улгурдилар, сўнг тағин “уффф”, бошланди. Уни мен “паспортний контрол” деган қутича ёнига яқинлашар чоғи эшитдим ва беихтиёр кулиб юбордим…
Не таажжубки “халқаро” аталмиш аэропортимизда атиги учтами-тўртта ўшандай “контрол” қутичалари мавжуд экан. Ҳар бирида иккитадан ҳарбий кийимдаги йигит қизлар ўтиради, гапнинг очиғи уларнинг бамайлихотирлиги олдида анави чипта кўрувчи қиз анча “чаққон” бўлиб туюлди. Бу қутичалар олдида ҳам навбатга турдим, адашмасам йигирма бешинчими-йигирма олтинчими, шундай эдим. Бир маҳал биз турган сафдагиларнинг паспортларини “контрол” қилаётган йигит яхшилаб керишиб олгач, шартта қутича ичидан чиқиб, қаёққадир кетиб қолди. Энди иши кўп, ўтиравериб оёқлар чарчагандир, илигини ёзиб олиш зарур, қолаверса инсоннинг табиий эҳтиёжи бор, қондирмаса охири вой, деб йигитни тўғри тушундик. Аввалига. Орадан анча вақт ўтгач тишини кавлаганча йигит пайдо бўлди. Қутича ичига кириб ўрнига ўтирдию, ёнидаги шеригига бир нималар ҳақида ҳикоя қила бошлади. Ҳикоя қизиқ эди чоғи, кулгу билан якун топди.
Йигит биз томон қараб ҳам ўтирмай ойнача ёнига қўлини чўзди. Бу, “контрол”чилар шеъвасида “узатинг”, деган маънони англатар экан. Олд қаторда турган йўловчи бу ишорадан сўнг шартта паспортини узатди. Ҳарбий йигит уни бир-бир варақлаб чиқди, сўнгра қайсидир бир саҳифасидаги ниманидир синчков ўқий бошлади ва ниҳоят компьютерига юзланиб нималарнидир ёзди, сўнг компьютер ойнасида пайдо бўлган маълумотни ўқиб чиқди, кейин яна паспортни варақлашга тушди. Ахийри бу ишдан зерикди чоғи, шартта муҳр босиб паспортни эгасига қайтарди. Бу сафар қутича ичидаги иккинчи йигит ташқарига чиқиб кетди, ўша томондаги сафдан бояги садолар янграй бошлади. Биз хотиржам зеро, бизнинг йигит жойида. Бир маҳал қутича ёнида кетворган қиз пайдо бўлди, у ҳам ҳарбийча кийиниб олганди. Унинг қоматларидан қойил қолганимиздан йигит иши қолиб қиз билан нималар ҳақдадир жилмайганча шивирлаша бошлаганини сезмабмизу…
Узоқ гаплашишди, биз ҳам тўйиб-тўйиб гўзал қизнинг жамолидан баҳра олдик. Сўнг қиз нари кетди, йигит эса аллақачон ўз жойига қайтиб келган шериги билан нималар ҳақдадир келиша бошлади. Шундан сўнг ойна олдида унинг қўли пайдо бўлди, паспортимни узатдим. Йигит уни обдон варақлади, сўнгра компьютерда нималарнидир терди, яна варақлади, кейин аввалги сафарларим учун олинган визаларни томоша қилишга тушди. Ниҳоят менга узоқ термулди-да, “қаёққа кетвоссиз ўзи?”, деб сўради. Айтдим. Йигит яна визаларни томоша қилишга тушди. Бир маҳал, “борадиган жойингиз виза урилган мамлакатларга тескарику”, деса бўладими. “Қулт” этиб ютиндимда, имкон қадар жилмайиб, мулойим гапиришга уриниб, “бу визалар икки-уч йил аввал қилган саёҳатларимдан эсдалик қолган, ака”, дедим. Йигит худди анави “Поле чудес”даги Якубовичга ўхшаб қойил, тўғри айтдинг, дегандай бир қараб қўйдида, шартта муҳрни босиб, паспортимни қайтарди…
Қутича ёнидан ўтиб бир муддат туриб қолдим, зеро олдимда чап ва ўнг тарафга кетган йўлакчалар бор эди. Қайси бириси мен анчадан бери интиқлик билан кутаётганим самолётим сари оборишини билмай гаранг эдим. Бошқа аэропортларда кузатганим одат бўйича ён веримга, теппадаги таблоларга қарадим, ҳеч қандай ишора йўқ. Умуман ҳеч нарса йўқ, худди топишмоқдай, “ўйла, изла, топ”. Чап томонга кетаётган оқимга қўшилиб кетавердим. Йўлакча сўнггида бир аёл кутиб олди, ҳеч нарса гапирмай йўлимда давом этишимга ишора қилди. Бир жойга етганда оёқ кийимларни ечиб, целофан пайпоқлар кийдик, уст кийимларимизни ечиб анави телевизор орқали кўрсатиб берувчи ускуна ичига ташладик. Ускунанинг нариги томонида икки қиз маҳсус таёқчалари билан “чий-чув” қилиб каминани сийпалаб ўтди, сўнгра йўлимда давом этдим. Эътибор беринг, бутун йўналиш давомида ҳеч ким, ҳеч нарса гапираётгани йўқ. Ҳамма фақат унга топширилган ишни бажараяпти, холос. Қолгани унга тегишли эмас.
Йўлакча сўнгида теппага йўналган зина, пастга йўналган зина ва тўғрига кетувчи йўлга чиқувчи эшик турарди. Яна ўша “ўйла, изла, топ”. Ҳамма қатори зина бўйлаб пастга тушдим. Самолётлар терилиб турган майдонга етакловчи эшик олдига чиқдим. Бу ерда бир ҳарбий йигит турарди, ундан бормоқчи бўлаётганим самолётга ҳам шу сеҳрли эшик орқали чиқаманми йўқми, деб сўрадим. Ҳарбий йигит, “Санкт-Петербург самолётига чиқувчилар шу ердан чиқади ока, сиз адашган кўринасиз”, деди. Ортга қайтдим. Анави энг сўнгги контрол бор эдию, “чий-чув” қилувчи қизлари биланчи? Ўша ерга қайтиб бориб, арзландим, қаёққа юрай ахир! “Бекорларни этипти ўша йигит, ўшаттан учасиз…”, деган жавоб олдиму, ёнимга йиғилиб қолган сафардошлар билан яна ортга қайтдим. Бу сафар йигит “тўхта, отаман!”, деса ҳам ташқарига чиқиб сўраб-суриштириб самолётимизни топиб олишга келишиб олдик. Аммо не кўз билан кўрайликки, бояги эшикка каттакон қулф осилиб, ҳарбий йигит аллақачон жўнаворган экан.
Сизу бизга маълум садолар билан ортга қайтдик. Бу сафар биз тепага-пастга қилиб юрганимиз хонанинг ҳам эшиги ташқаридан қулфлаб қўйилган экан, ана холос. Афтидан учадиган жойимизга учиб келдиг-ов, деб ҳаммамиз ерга чўккаладик. Бир маҳал чиройли кастюм-шим кийган йигит ва ҳарбий кийимдаги аёл пайдо бўлди. Югуриб келиб, эшикни очишдию, “сизлар ўшаларми?” деб сўрашди. Йиғлаворай дедик, чунки биз ўшалар эдик. Буни қарангки, бизнинг самолёт йўлакнинг мутлақо бошқа бурчида бизга интизор бўлиб турган экан. Ўша томонга югурдик, қайтадан анави “чий-чув”дан ўтдик. Қизлар таёқчаларини қаёёқа йўналтиришмасин индамай туравердик. Хуллас самолётга ўтирдик. Эшиклар тамбаланди, моторлар ёқилиб, улкан “қуш” жойидан қўзғалди, бу сафар ҳам ўша, ҳаммамизга маълум садолар янгради. Аммо бу сафар улар кўтаринкилик маъносида эди, “уффф, худога шукур”…
Етиб борганимиз мамлакат аэропорти, айтиб қўяй, тоза антиқа экан. Бино ичида бизни нақ йигирмага яқин ҳалигидай “паспорт контрол” қутичалари кутиб олди. Истаганингизга бориб, паспортингизни кўрсатишингиз мумкин, деди бир ҳарбий кийимдаги қиз майин жилмайиб. Анчадан бери ўзбекка ҳеч ким жилмаймай қўйганини эслаб, кўзларим намланди. Қутича ичидаги ҳарбий йигит ҳам жилмайди, тавба. Паспортни бир-бир варақлади, бир нималар ёзиб муҳр босдида, “вэлком”, деб ўтказиб юборди. Қутичанинг нариги томони кенг зал экан. Бир томонда уч-тўртта юкларни етказиб берувчи мосламалар ишлаб турибди. Бир томонда қатор-қатор бўлиб аравачалар турибди, на мелиса бор, на фуқаро кийимидаги қовоқлари осилган шахслар, на … Кутиб олувчилар кофе симирганча меҳмонларни қарши олаяпти… Юкларни олиб ўзбекистонликлар аравачалар олдида туриб қолдик. Дарҳол ёнимизга аэропорт хизматчиси етиб келди, тинчликми, деб.
Аравача керак эди, дедик. Марҳамат олаверинглар, дедию нари кетди. Аравачи қани, деб бақирдик кетидан. Анқайиб тўхтаб қолди, қанақа аравачи? Ўзинглар кераклигича аравани олиб чиқаверинглар, ёрдамчи керак бўлса ҳозир айтаман, деди қора бир балога нималарнидир шивирлаб. Пулини ким олади, десак мутлақо анқайиб қолди ва “қаёдан келдинглар”, деб сўради, Ўзбекистондан дедик, негадир йиғи аралаш. Аэропорт хизматчиси, эҳ-ҳа, айтмайсизларми, дегандай енгил жилмайдида, аравача учун ҳеч қандай тўлов олинмаслиги, истаганча фойдаланиб, таксига ўтирар чоғи ташлаб кетсак бўлганини айтди. Уни қарая, шунақаси ҳам бўлар эканда а, “халқародан” “халқаро”нинг фарқига ета бошладик. Такси ёнида сафардошлар билан хайирлашдик. Орадан уч кун ўтиб, яна аэропортга қайтдим. Такси нақ аэропортнинг эшиги ёнига олиб келди. Шу ернинг ўзида аэропорт ходими аравача билан кутиб олди. Аммо юким ихчам бўлгани боис, жилмайибгина кейинги такси томон кетди.
ИЗОҲ: Бизда, айтганча, такси тугул автобус ёхуд бошқа транспорт воситаси, айтайлик велосипед ҳам аэропорт ёнига яқинлаша олмайди, мумкин эмас. Балким бўмбаси бордир, билиб бўладими. Аэропортдан нақ 50-70 метр нарида тўхтаб, ўша ердан сизни кузатворади, у ёғига юкингизни елкангизга ташлаб, пишиллаганча ўзингиз аэропортга етиб оласиз. “Халқаро”да нима дейсиз…
Ичкари кирсам учта-тўртта жойда мониторларга “Тошкент” деб ёзиб қўйибди. Бордим, компьютер қаршисида ўтирган қизга чиптамни узатдим, битта тугмачани шундоқ босдию, анави муҳим ҳужжатчани чиқариб берди ва “оқ йўл”, деб кулиб қўйди. “Паспорт контрол” деган қутича ёнига келдим. Паспортимни олди, кўрди, бир жойига муҳр босдию, жилмайиб қайтарди. Кутиш залига келдим, шундоққина ёнимда турган сўнгги контрол жойида “Тошкент” деган ёзув пайдо бўлди. Бориб чиптамни узатдим, текширувдан ўтганимдан сўнг, ўша ердаги қиз “идите по стрелке к самолёту” деди. Шундай қилиб юриб, самолёт эшиги ёнига чиқдим, ичкари кирдим, ўтирдим, эшиклар тамбаланди, моторлар ёнди, улкан “қуш” жойидан қўзғалди, ҳамма бирдан “уффф”, деб юборди. Афтидан олдинда кутилаётган машмаша туфайли…
Ниҳоят стуардесса қиз “ҳурматли йўловчилар камарларни маҳкамланг, биз Тошкент ҳалқаро аэропортига қўнаяпмиз”, деди. Қўндик, моторлар ўчди, эшиклар очилди, йўлакча зинадан пастга тушиб, маҳсус автобусга чиқдик. Автобус кичикроқ биз кўпроқ бўлганимиз боис, анча тиқилишиб қолдик. Ничего, бу ахир Ўзбекистон, ҳеч ким “чурқ” этмади, ҳамма шу мамлакат фуқароси ахир, кўникиб кетган. Автобус анча туриб қолди. ниҳоят бир йигит югуриб келдида автобус ичига бош суқиб “Куала лумпурга кетувчилар борми?”, деб сўради. Бу сафар йўловчилар аллақандай лумпур-мумпурга эмас, Чилонзор, Қора қамиш, Юнус обод ва бошқа туманларга кетувчилар борлигини айтишди. Йигит бир муддат ҳеч нарсани тушунмай туриб қолди, сўнгра кулиб нари кетди. Эшик ёпилди, автобус ўрнидан қўзғалди…
Аэропорт ичига кирдик яна бояги тўртта “паспорт контрол” деган қутича ёнида саф тортдик. Ўша бамайлихотирлик, шошмасдан, тушуниб-тушунмай паспорт варақлашлар. Бир амаллаб бу жараёндан ўтдик. Кейингиси таможня деганларининг юкларни текширувчи ва паспортларни назоратдан ўтказувчи кўриги бўлди. Айтиб ўтиш жоизки таможня деганлари бир-бири учун жуда иноқ инсонлар экан. Учинчи ускуна олдида ўтирган таможнячи нимадир кўриб қолиб, томоқ қоқса бўлди, ҳамма бошқалари ишини ташлаб ўша томонга югуради. Биргалашиб бу қадар нозик шубҳа остига олинган жамадонни четга олишади, очишади, чиройли (имкон қадар албатта) қилиб титишади, кўзлар ярақлаб ўша жойнинг ўзида савол-жавоб бошланади. Савдо ҳам. Масала тугал ҳал бўлмагунича ҳамма (яъни йўловчи) бу манзарани кузатиб жим туради. Кўп ўтмай таможнячи кафтини ишқаганича жойига қайтди. Ускуна яна ишга тушиб, телевузор орқали менинг юким ўрганила бошланди.
Ихчамгина сумкачам таможнячини хафа қилди, “бор йўқ юкингиз шуми?”. Ҳа, деб бош ирғадим. У менга худди осмондан тушган аҳмоққа боққандай ажабланиб қарадида, “шу-у-унча жойларга, мана шу сумкача билан борибсизда а?”, деб бош чайқаганча паспортимни қайтарди. Шу топда сумкам кўзимга ўта кичик ва кўримсиздай туюлди. Гарчи елкамни қақшатиб ташлаган бўлсада. Атиги икки-уч қадам юрган эдим ҳам худди ернинг тагидан чиққандай уч милиция ходими пайдо бўлди. Паспортимни сўрашди, узатдим. Қаёқдан дейишди, ҳўв ёқдан, деб самолётим қўниб турган томонни кўрсатдим. Қовоқлари осилди. Қўрқиб кетиб, қаёқдан келганимни айтдим. Нима учун борганимни сўрашди, айланиб дедим. Йўғ-э, дейишди. Ҳа-да, дедим. Сумкамни кўрмоқчи бўлишди, унамадим. Яна асабийлашишди. Таможнячидан сўрасангиз нима борлигини айтиб беради, дедим. Жаҳллари чиқди. Паспортимни қўлимга тутиб, қовоқларини осганича нари кетишди.
Ўттиз-эллик метрлар юриб бинодан ташқарига чиқдим. Баҳор ёмғири кутиб олувчиларни аёвсиз савалаётган экан. Бизнинг “халқаро”да кутиб олувчиларнинг ичкари кириши мумкин эмас. Ташқарида кутиб олишлари керак. Боз устига аэропортнинг эшиклари ёнида ҳам туришлари мумкин эмас, шу боис бўлса керак, эшик ёнидан ўн метрларча масофани айлантириб ўриндиқлар билан тўсиб ташланган. “Тўсилган” периметр ичида тағин иккита фуқаро кийимидаги аэропорт ходими ҳам туради. Мабодо келганлар орасида ўз яқинини кўриб, биров шу томонга югуриб юборса, шартта ушлаб ортига қайтариш учун, қойилми? Атрофимни одамлар қуршаб олди, “такси, такси керакми, қаёққа ока, арзонга обориб қўямиз”, таниш чеҳраларни қидира бошладим. Топмадим. Бунақа ёмғирда танишлар кўчада нима қилади, дедимда таксистлардан бири билан борар манзилим бўйича йўл ҳақи устида келишишга киришдим. Мен яна Ўзбекистондаман. “Уффф”…
Азиз Азизов
