Аслида бу юртда ҳеч ниманинг руҳи қолмаган
Янги йилда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари янги қонунга эга бўлди. “Ижтимоий ҳимоя йили” матбуот учун ана шундай совға билан бошланди, аҳолини қандай совғалар кутаётганини, тассавур қилса бўлади. Матбуот ҳақидаги янги қонун чиққач, гапнинг очиғи мамлакат нашрларини кузата бошладим, кеча, мана бугун, аммо улар жим. Ҳайрон қолдим, нотабиий ҳолатда ахир бу. Зеро, Ўзбекистонда мавжуд одат бўйича янги қонун шу захоти карнай-сурнай қилиниши, аллақандай аҳли донишлар чиқиб, бу қонуннинг нақадар мухим ва керакли эканлиги ҳақида биз овмиларга тушунтириш бериб ўтиши лозим эди-да…

Анави партиялар фаолиятини янада фаоллаштириш борасида мамлакат конституциясига киритилган қўшимчалар юзасидан чиқишларни эсланг. Аслидаку янада фаоллаштириш деган гапнинг ўзи тўхтовсиз икки йил кулишга сабаб бўлгувчи гап эди. Тепса тебранмасларни янада фаоллаштириш дегани.нима дегани ўзи, кулгилими? Шунга қарамай, унинг нечоғли оламшумул эканлиги ҳақида гапирмаган одам қолмади. Партияларнинг ўзлари бу борада чунонам чиқишлар қилдики, қараб туриб эсим оғиб қолди. Нима эмиш, энди партиялар фаолияти анча жонланадиган ва ҳар томонлама фойдали бўладиган бўлганмуш. Тавба, 14 йилдан бери тухум босиб ўтирган партиялар энди жонланармуш, ҳамма ёқни ағдар тўнтар қиворармуш, ўзингни босей, деворасиз. Шуларни кўриб кузатган инсон сифатида матбуот ҳақидаги қонундан сўнг ҳам шунга ўхшаш ҳаяжонли чиқишларни кутдимда.

Матбуотчилар чиқиш қилиб, янги қонун нечоғли уларни демократик жамият қуриш, мавжуд сўз эркинлигини янада эркинлаштириш, умуман бўлмаган цензурани буткул пайдо бўлмайдиган қилиб ташлагани ҳақида роса бонг уришса керак девдим. Унданда кўпроқ кутганим, бу чет эллик экспертларнинг, Европарламентнинг ва ҳатто дунё чулчитлари жамияти ҳам бу қонун моҳиятан ҳатто дунёдаги энг ривожланган давлатларда учрамайдиган қонун бўлгани, бу билан Ўзбекистон яна бир бор нақадар тўғри йўлдан кетаётгани, Америка ҳам, Европанинг бошқа давлатлари ҳам ниҳоят Ўзбекистондан анча ортда қолганини тан олиб, бош эгиб унга эргашмоғи лозимлиги ҳақида балладалар ёзворса керак девдим.

Негаки, Ширин Акинер, Ичкетди Елчиқардий, Опқоч Бидирла Бидирла ўн тўртинчи, Пичинг Мичинг, Наплюй Начхатьев ва ҳоказо шу каби Ўзбекистоннинг чет элдаги дежурний воизлари борда. Биздан нима кетди, деб шартта гапириб ташлайдиган. Кейин дунё матбуоти бу улкан ютуғ, гениальний қонун ҳақида ҳасад ва алам билан чиқиш қилмоғи керак эдики, ўзбек матбуоти шу захоти бирор сайтда теша тегмаган сара ибораларни ишлатган ҳолда уларнинг кунини кўрсатиб қўйиши керак эди. Аммо, негадир ундай бўлмади, афтидан ошкора бўлмасада, ич-ичидан матбуот ходимлари нақадар бемаза қонун чиққанини ва бу қонун умуман демократик меёрларга икки миллиметр ҳам яқин келмаслигини англаганов. Просто Ўзбекистонда мавжуд анъана бўйича жим туриб кутиб олишади ва жим туриб амал қилишади.

Акс ҳолда демократик меёрлар (Ўзбекистонга маъқул меёрларни назарда тутяпман) ёрдамида катта холасими, энасими ёки бошқа бирор қариндошиникига жўнатиб юборилади. Бунақанги масалада Ўзбекистон анча мунча диктаторликка даъво қилаётган давлатлар раҳбарларига дарс бергулик. Ҳа, айтганча, қонун бўйича бир инсон фикр билдириб ўтди. Қаранг сал қолса унутай дебман. Ким денг, матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори муовини Рўзимат Сафоев. Сафоевнинг сўзларини бирма бир келтириб ўтиш фикридан йироқман, унингсиз ҳам ул зотнинг кимлиги, қандай лавозимни эгаллаши ва ниҳоят қайси идоранинг вакили эканлигидан келиб чиққан ҳолда умуман олганда нима деган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳар бирингиз бемалол тассавур қилиб олишингиз мумкин.

Энг қизиғи ҳаммангизнинг тахминларингиз аслида тўғри бўлиб чиқади, зеро бу мамлакат амалдорларининг табиати ҳаммага яхши маълум. Аммо мен Сафоевни танқид қилмоқчи эмасман, зеро (аслида) ҳеч қандай янгилик бўлмаган қонун юзасидан амал-тақал қилиб фикр билдирибдики, анча топқир инсон экан. Қонун аслида унинг учун анча муҳим, зеро ОАВни рўйхатга олиш, фаолияти учун имкон бериш ва ниҳоят фаолиятини бирмунча тартибга солиш айнан Сафоевнинг идораси зиммасидаги вазифа. Чиққан қонун қанчалар жим-жимадор урғулар ва эслатмалардан иборат бўлмасин (масалан, агар қонун моддалари Ўзбекистон имзолаган халқаро меёрларга зид келса, халқаро меёрлар асосий қонун сифатида инобатга олиниши ҳақидаги эслатма), ОАВга бир нималарни секин шипшип қўйиш орқали уни тартибга чақириб қўйиш ваколати идора зиммасида сақланиб қолинади.

Сафоев ҳам унинг қонун ҳақидаги фикрлари эълон қилинган сайт ижодий жамоаси ҳам қонунни анча либерал ва демократик руҳга йўғрилганига ишора қилгандай туюлди. Ҳўв аввалроқ айтиб ўтганим ҳолатлар кўзга ташландида, чапак чалиб, рақс тушиш ҳолатлари. Тавба, ўзларини гўл тутиб, бошқаларни ҳам шундай бўлишга ундашлар қачон тугаркин бу диёрда а? Ахир, матбуотни демократлаштириш ва эркинлигини таъминлаш учун кетма-кет қонунлар чиқариб, уларни “тартибга” солиш масаласи ўртага ташланмайди. Матбуот ҳақида қонун устида бош қотирилишининг ўзи, аслида, соғлом фикрлайдиган бўлсак, уни жиловлашга уринишдан ўзга нарса эмас. Бандма банд ОАВ нима қилиши керак, қандай ишламоғи шарт, нималарга аҳамият бериши лозим, бозорга қандай чиқмоғи мақсадга мувофиқ, аккредитация қандай муддатда берилади ва қандай қонун доирасида фаолият олиб бориши уқтирилиши ахир фаолиятни чегаралаш бўлмай нима?

Аслида мундоқ ўйлаб кўрилса, ўзбек матбуотида маҳаллий ҳукуматни хавотирга солиши мумкин бўлган, уни зийрак бўлишга ундаб, ҳар бир сонини синчков кузатишга мажбурловчи ҳолатнинг ўзини топиш амримаҳол. Шу гапни айтиб, ўзим ҳам кулиб юбордим. Зеро, чиндан ҳам ўзбек матбуотини ҳукуматни хавотирга солиб қўювчи матбуот сифатида тассавур қилишнинг ўзи кулгилида. Шундай экан, кетма-кет қонун чиқариб, нималарнидир “тартибга” солишдан мурод не? Ўзи тартибга солиниб бўлганку! Анави сайтда нима дейилган яна биласизми, тавба, ҳозир ўзимни кулгудан тийиб олай… Хуллас, унда айтилишича, янги қонун жамият ҳаётини либераллаштириш ва демократиялаштириш шароитида Ўзбекистон аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондиришга қаратилганмуш.

Қандай жараёнлар назарда тутилаяпти ўзи? Овози чиққанни ҳайдаб, уриб, тепиб, қамашни либераллаштириш ва демократиялаш дейишмоқда чоғи а? Бу қурғур жараён шу қадар маромида олиб борилаяптики, натижада аҳоли ҳеч қандай ахборотга умуман эҳтиёж сезмай қўйди. Бирор жойда сал оғиз очсангиз борми, э-э, қўйинг ундай хабарларни, тинчлик керак, бозордан гапиринг, саломатчиликдан гапиринг, деган дакки эшитасиз. Халқ истаган нарсалар шу. Бундай ахборотнинг яна-да тўлиқроқ бўлиши устида бош қотиришнинг хожати йўқ. Бундай ахборот қонун кўрсатмаларисиз ҳам ҳар бир маҳаллада тўлиб тошиб ётибди. Шоввозларей, гапини қаранг… Жамиятни демократиялаштириш ва либераллаштириш масаласи олий мақсад бўлса, ОАВ ҳақида фақат битта қонун бўлади. Битта деганда 30 ёки 40 моддадан иборат тўпламни назарда тутмаяпман. Бир банд, бир модда, ва бир сатрдан иборат қонунни назарда тутаяпман.

У ҳам бўлса “Ўзбекистонда ОАВ фаолияти эркиндир ва цензура ман қилингандир. ОАВ ҳақида қонунни қайта кўриб чиқиш ва унга қўшимча ёки ўзгартишлар киритиш қатъиян ман этилади”, дейиш кифоя. Худди шундай журналистлар фаолияти хусусида ҳам “Журналист ахборот олиш ва истаган ОАВда тарқатиш ҳуқуқига эга, ва унинг бу ҳуқуқларига ҳар қандай кўринишдаги таҳдид қонунан ман этилади” дейилиши керак, холос. Маданий маънавий меёрлар, менталитет ҳақидаги чўпчаклар ўз нуқсонини яшириб, танқиддан қочмоқчи бўлаётган одамларнинг уйдирмаси экани ҳаммага аёнку. Агар халқнинг маънавий бойлигига ишонсангиз, унинг айтаётганингиздай асрларга татигулик маданий мероси борлигига ишонсангиз, нима сабабдан ундан чиққан журналист аҳлоқий бузуқ бўлиши ҳақида гумонга бораяпсиз? Интернетдаги аннақа сайтлар борасида ҳам шу гап, халқ қалбан тоза бўлса, ундай сайтларга мурожаат қилмайди…

Демак, ана шу фикр ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда хулоса қиладиган бўлсак, қонун фақат зарурат туғилганда у ёки бу ОАВни исканжага олиш, у ёки бу журналистни тилини тийиб қўйиш учун маълум доирадаги шахсларгагина керак. Унинг қайта ишланиб, янгича кўриниш берилишидан ҳам фақат ва фақат ўша алломалар учун манфаат бор, холос. Журналист учун қалам, қоғоз ва ишлаш учун кенг майдон керак бўлса, матбуот учун ошкоралик, эркин фаолият ва даҳлсизлик керак, қолган майда-чуйда гаплар ахлатга ташланмоғи лозим. Бор гап шу. Қани мард бўлсангиз шундай қилингчи, жаноб депутатлар!!! Ана у ОАВ учун ҳақиқий янги йил совгаси бўлади, қолаверса эълон қилиб олганингиз йилнинг руҳига мос келади. Аслида бу юртда ҳеч ниманинг руҳи қолмаганку… Ҳатто… ҳай майли, гапириб нима қилдим, ўзингиз биласизку…

Нидои Мазлум.

Advertisement

About TURONZAMIN

supporter of democracy

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

Gravatar
WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Connecting to %s