Ид-ал Фитра, яъни Рамазон ҳайитини бошлаган барча ватандошларимизни бу саодатли кунлар билан муборакбод этамиз, ҳайитингиз муборак бўлсин деймиз.
Ўтган бир ой ҳар доимгидек тафаккур ва ироданинг мустаҳкамланиши, дилнинг ғуборлардан тозаланиши, меҳр-шафқатнинг кўпайиши, саодат ва ҳақиқатнинг устиворлиги учун хизмат қилганига умид боғлаймиз.
Бугун ҳам ниятимиз ўтган 15 йилдаги каби айнидир.
Зулм остида эзилаётган Ўзбек халқи озодлик, ҳуррият, демократияга тезроқ қовушишини орзу қиламиз.
Бир бурда нон учун дунё бўйлаб сарсон-саргардон юрган оналаримиз, опа-сингилларимиз, ака-укаларимизнинг тезроқ дастурхонлари тўкин бўлишини истаймиз.
Ҳалол меҳнат қилиб, ўз ҳақини ололмаган, куни ҳаром меҳнат билан тўраларга айланганларнинг эшигида, миршабхоналар, судхоналар ва прокуратура, ҳокимият остоналарида ўтаётган чорасизларга адолат тилаймиз.
Орзулари саробга айланган, ҳақ сўз учун зиндонга отилган, туҳмат гирдобига улоқтирилганлар, гуноҳсиз равишда панжаралар ортида ётганларга озодлик ёр бўлишини хохлаймиз.
Бугунги алғов-далғов замонда буюк неъмат – тинчлик ва озодлик учун ҳар ким қўлидан келгани қадар ҳисса қўшиши керак, деб ҳисоблаймиз ва барчангизни шунга даъват этамиз.
Демократик Ўзбекистон Конгрессининг Ҳайъати.



